volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » 13.02.2015 Тоғли ва тоғолди майдонларда бодомзорлар ташкил этиш бўйича тавсиялар

13.02.2015 Тоғли ва тоғолди майдонларда бодомзорлар ташкил этиш бўйича тавсиялар

13.02.2015 Тоғли ва тоғолди майдонларда бодомзорлар ташкил этиш бўйича тавсиялар
Бодом – ёнғоқсимон мевалилар туркумига мансуб бўлиб, мамлакатимиз ҳудудида жуда қадимдан парваришланиб келинади. Ўрта Осиё, Хитойнинг тоғли ҳудудлари, Монголия, Ўрта Ер денгизи, Марказий Америкада кенг тарқалган. Мевасининг мағзи ноёб озиқавий хусусиятга эга, витаминлар ва микроэлементлар манбаи ҳисобланади. Таркибида ёғ, оқсил, углевод, кальций, темир, фосфор, витамин С, бета каротин мавжуд. Шунингдек, инсон организмидаги модда алмашинувини яхшилайдиган, тишлар, соч ва терининг соғлом фаолиятини таъминлайдиган В1, В2 витаминлари бор. Организмда атеросклероз ривожланишини сусайтиради, юракни ишемия касаллигидан ҳимоя қилади. Бодом мағзидан тайёрланган озиқа парҳез таом ҳисобланади ва қанд касаллигини даволашда яхши самара беради. Ҳар куни бодом мағзини истеъмол қилган инсоннинг қон таркибида Е витамини миқдори ортиши ҳамда холестерин миқдорининг камайиши тадқиқотларда исботланган. Бодомнинг илдиз тизими 6 метр чуқурликкача боради.
Шу боис қурғоқчиликка чидамли ва тоғ-ўрмон мелиорация ишларида муҳим роль ўйнайди. Ер танламайди, сувсиз, тошлоқ ва тоғнинг унумсиз жанубий ён бағирларида ҳам яхши ўсиб ҳосил беради. Бодомнинг ҳосилдорлиги ўртача 0,7–1,2 т/га бўлиб, унумдорлиги юқори суғориладиган ерларда 2–2,5 т/га. ни ташкил қилади. Бодом 3–4 ёшидан ҳосилга кириб, 12–18 ёшидан 35–40 йилгача яхши ҳосил беради. Яхши парваришланса 60–100 йил ҳосил бериши мумкин. Бир туп дарахтининг ҳосилдорлиги 3–4 кг. дан 10–20 кг. гача, ҳатто 30–40 кг. гача етади. Республикамизнинг тоғ ва тоғолди лалмикор ҳудудларида жуда катта майдонларда бодомзорлар ташкил этиш имконияти мавжуд. Бодомни йиллик ёнғинлар 600 мм. дан кўп бўладиган ҳудудларнинг барча ёнбағирларида суғормай ҳам ўстириш мумкин. Ёғингарчилик миқдори ўртача 400–500 мм бўлган ҳудудлардаги бодомзорларга агротехник ишлов бериш талаб қилинади. Бодом учун энг яхши тупроқ сувни яхши ўтказадиган қумоқ ва бўз тупроқлар ҳисобланади. Бодом кам унумли тупроқларда ҳам ўсиши мумкин, лекин бундай шароитда юқори агротехника қўлланилгандагина яхши ўсиб, мўл ҳосил беради. Бодомнинг ёруғликка талабчанлигини инобатга олиб 60х60 см ҳажмда қазилган чуқурларга суғориладиган ерларда 8х8м, тоғли ва тоғ олди лалмикор ерларда 6х6 м (жанубга қараган ёнбағирларида 5х5 м) схемада кўчати экилади. Кўчат экканда илдиз бўғими ер сатҳи билан баробар бўлиши лозим. Бордию илдиз бўғими чуқурроқ жойлашса, кўчатларнинг ўсиши сусаяди, ер сатҳидан баландроқ жойлашса, кўчатлар қуриб қолиши мумкин. Кўчат экишда тупроқнинг намлигидан қатъий назар ҳар бир тупга 1–2 челак сув қуйиш мақсадга мувофиқ. Лалмикор майдонларда намни кўпроқ сақлаш мақсадида, қатор оралари ва дарахт атрофи тез-тез юмшатиб турилади. Дарахт тупи атрофини похол, сомон ва бошқа ўсимликлар қолдиқлари билан мульчалаш ҳам яхши самара беради. Янги бодомзорлар барпо қилишда навларни тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ҳудудида экиш учун қуйидаги навлар Давлат реестрига киритилган: “Бўстонлиқ кечпишари”, “Консой”, “Қиличнусха” (Саблевидный), “Тўнғич” (Первенец), “Тянь-Шан”, “Гўзал” (Красивый), “Эртапишар” (Ранний), “Угом” каби маҳаллий ҳамда хориждан келтирилган “Қрим”, “Никита кечпишари”, “Пример”, “Никита–62”, “Ялта” (Россия), “Туркман аълоси” (Туркманистон), “Нонпарел” (Франция), “Дрейк” (АҚШ) ва бошқалар шулар жумласидандир. Булардан ташқари кейинги йилларда, Давлат нав синаш комиссияси синовига топширилган бодомнинг истиқболли “Малика” ва “Зарина” навлари ҳам юқори ҳосилдорлиги билан ажралиб туради. Бодом асосан уруғидан кўпайтирилади. Аммо уруғидан кўпайтирилган бодом яхши ҳосил бермайди, шунинг учун пайвандлаш йўли билан маданий навларини етиштириш лозим. Бодомнинг маданий навларини етиштириш учун оддий тақир бодом энг сифатли уруғ (пайвандтаг) ҳисобланади. Пайвандлаш олдидан кўчатзор албатта суғорилади ва танаси пастки бачки новдалардан тозаланади. Бодом июлнинг учинчи декадасидан сентябрнинг биринчи декадасигача, мевачиликда қўлланадиган оддий «Т» усулида пайвандланади. Икки ҳафтадан сўнг пайванднинг тутган ёки тутмаган миқдори аниқланади ва тутмай қолганлари бодомнинг пайвандтагга олдин уланган ўша нав куртаги билан қайтадан пайвандланади. Кузда пайванд боғлами бир оз бўшатиб қўйилади ва қиш давомида боғланма олиб ташланмайди. Келгуси йил эрта баҳорда боғлам олиб ташланади ва кўчатнинг пайванд қилинган жойидан тепароқ қисми батамом кесиб ташланади. Тутмай қолган пайвандлар ўрнига янги ўсиб чиққан куртакларни қайта пайванд қилиш мумкин. Бодом уруғлари кузда ёки эрта баҳорда экилади. Айниқса, кузда экиш яхши натижа беради. Баҳорги экишда уруғ стратификация қилинади, яъни пўчоғининг қалин-юпқалигига қараб 1–1,5 ой мобайнида қумланади. Экиш миқдори гектарига 300–350 кг. Бодом кўчатларини етиштириш учун суғориладиган, текис ер ажратилиб, кузда гектарига 20–25 тонна чириган гўнг ва 150–180 кг фосфорли ўғит солиниб 45–50 см. гача чуқурликда ҳайдалиб, бороналанади. 70 см оралиқда олинган эгатларга 6–8 см чуқурликда ва ҳар 8–12 см масофага уруғ ташланади. Ёш кўчатларнинг парвариши асосан cуғоришдан иборат бўлиб, ўсиш даврида камида 6–8 маротаба суғорилади. Кўчатлар қатор оралари ҳар суғоришдан кейин юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Кўчат тез ўсиши ва пайванд яхши тутиши учун ўз вақтида ва сифатли парваришлаш лозим. Вегетация даврида гектарига 90 кг азотли, 60 кг фосфорли ва 20 кг калий ҳисобида ўғит солинади. Яхши парвариш қилинган ниҳолларнинг бўйи кузга бориб 1–1,5 метрга етади. Бодом ўсимлигининг характерли хусусияти – жуда эрта гуллаши. Шунинг учун тупроқ-иқлим шароитлари ўзгарувчан ҳудудларда бодомнинг генератив органларига кўпинча баҳорги қора совуқлар катта зарар етказади. Шуларни инобатга олган ҳолда янги бодомзорлар ташкил этиш учун тоғолди ён бағирликларидан ҳаво яхши алмашиб турадиган, совуқ ҳаво қамалиб қолмайдиган ва намлик юқори бўлмайдиган жойлар ажратилиши мақсадга мувофиқ. Мўл ҳосил олиш учун бодомни албатта четдан чанглаш зарур. Ўзидан чангланганда яхши ҳосил бермайди. Шунинг учун ҳам битта майдонга 2–3 хил навни экиш мақсадга мувофиқ. Лалмикор ерларда асосий эътибор тупроқда кўпроқ нам йиғиш ва сақлашга қаратилиб, ёғингарчиликлардан сўнг тупроқ доимо юмшатиб турилади, куз ва эрта баҳорда қатор оралари ҳайдалади, кўчат атрофи чопилади. Дастлабки 2–3 йил давомида бодом дарахтининг шох-шаббаларига ўзгарувчан лидер ёки пирамида шаклида, кўп шохловчи навларга эса очиқ косасимон ҳолатда шакл берилади. Шакл беришда марказий лидер новда ва шохчалар ўртасидаги ўзаро тобе мутаносиблик сақланиши лозим. Асосий шох кўчат илдиз бўғинидан 60–70 см баландликда, кейингилари эса ҳар 20–30 см оралиқда 90–120 градус бурчак остида спирал шаклда қолдирилиб, қирқилади. Мўл ҳосил етиштириш мақсадида бодомзорларни органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантириб туриш зарур. Айниқса, тоғолди лалмикор ерларда ўғитлашни ўз вақтида амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Ҳосилга кирган боғларга 2–3 йилда бир маротаба гектарига 20–30 тонна чириган гўнг ёки чиринди, минерал ўғитлардан ҳар йили гектарига 120 кг азот, 90 кг фосфор, 40–60 кг калий ўғити солиш тавсия қилинади. Органик, фосфор ва калий ўғитлари кузда ерни шудгорлашдан олдин (октябрь-ноябрь) лалмикор ерларда террасаларнинг ишлов бериладиган қисмига берилса, азотли ўғитлар дарахт тагига март-апрель, май-июнь ойларида озиқа тариқасида (суғориладиган ерларда) 12–14 см чуқурликда солинади. Ортиқча солинган ўғитлар дарахтларни ғовлатиб юборади. Дарахтларга керакли шакл бериш ишларига ҳам бирмунча қийинчилик туғдиради. Бодомнинг энг жиддий зараркунандаларидан шафтоли ёки бодом бити ҳисобланади. У аслида сўрувчи зараркунанда бўлиб, дарахтнинг тана, новда ва барглари ширасини сўради. Оқибатда дарахт нимжонланади, барги бужмаяди, ҳосили камаяди, ёш кўчатлар эса нобуд бўлиш даражасига ҳам етиб боради. Зараркунанда тана пўстлоғи ва катта шохларининг паст томонида тўп-тўп бўлиб тухум даврида қишлайди. Март ойларида тухумдан личинка чиқади. Мавсум давомида 11 марта авлод қолдиради.
13.02.2015 Тоғли ва тоғолди майдонларда бодомзорлар ташкил этиш бўйича тавсиялар
Бу зараркунандага қарши эрта баҳорда, куртаклар бўртишидан аввал Нитрофен препарати (10 л сувга 250 г) пуркалади. Дарахтларнинг тана ва новдаларига Каратэ (100 л сувга 50 г) ёки 0,5 фоизли Сумми-Алфа (гектарига 0,5–0,7 кг) эритмаси пуркалади, 5 фоизли ООҚ ёки 3 фоизли Бордо суюқлиги эритмаси билан яхшилаб ишлов берилади. Бодомнинг асосий касалликлари барг куйиши, клястеспориоз ва ун шудринг ҳисобланади. Барг куйиши билан зарарланган бодом баргларида қизғиш доғлар пайдо бўлади ва улар барвақт тўкила бошлайди. Клятеспориоз замбуруғли, тешикли доғланиш касаллиги дарахтнинг куртаги, барги, гули, шохи ва новдаларини зарарлантиради. Касаллик дарахтнинг ҳосилини камайтириш билан бир қаторда мева сифатини ҳам пасайтиради. Баҳорда касалланган баргларда думалоқ доғлар, тешикчалар ҳосил бўлади. Меваларда қўнғир тусли шишлар пайдо бўлади, елим оқиб чиқа бошлайди. Зарарланган куртаклар қуриб қолади. Новдаларининг пўсти ёрилиб, елим чиқаради. Гуллари ва довуччалари тўкилиб кетади. Ун шудринг билан касалланган дарахт новдаларининг уч қисмида ва баргларида оқ унсимон ғубор пайдо бўлади. Зарарланган новдалар мевалашдан ва барглар ривождан қолади. Эрта баҳорда бу касалликлар билан зарарланган дарахтлар шохлари кесилади, тўкилган барглар йиғиб олинади ва йўқотилади. Касалликларга қарши Бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси (10–15 кг/га), Ветра ёки Топаз препаратларининг 0,03 фоизли эритмаси (300 г/га) билан ишлов бериш яхши натижа беради. Ун шудрингга қарши касалликнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлганда коллоидли ёки дисперсли олтингугуртнинг 1 фоизли концентрацияси (10 л сувга 80–100 г) билан ишлов бериш ҳам тавсия қилинади.
Бодом меваси август-сентябрь ойларда пишади. Бодом мевасининг пўсти қуриб ёрилабошлаганда ҳосилни теришга киришилади. Ҳосилни муддатидан олдин йиғишга киришилса ҳосил сифати пасаяди ва пўстини ажратиш анча мушкуллашади. Бордию ҳосилни йиғиш муддати кечиктирилса пўсти қуриб данагига ёпишиб қолади, бодом ранги қўнғир тус олади, сифати пасаяди. Бодом ҳосилини қоқиш вақтида дарахт шох ва куртакларининг шикастланишига иложи борича йўл қўймасликка ҳаракат қилиш лозим. Йиғилган ҳосил пўстидан тозаланиб, навларга ажратилади, офтобда 4–5 кун қуритилгач, ҳаво алмашадиган салқин омборхоналардаги қутиларда сақланади. Уруғлик ёки истеъмол учун 2 йилгача сақлаш мумкин. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида бодомзорларнинг ташкил этилиши фермерлар, аҳоли учун қўшимча даромад манбаи бўлиши баробарида ерларнинг таназзулга учрашининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
С.Тешаев

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Бугунги кунда, дунё паррандачилигида курка боқишга катта аҳамият қаратилган....
Тарихий маълумотларга қараганда, гилос етиштириш бундан икки минг йил муқаддам Ўрта...
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалигигида асосан азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар кенг...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: