volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар

Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар

Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар
Мамлакатимизда кейинги йиллари об-ҳавонинг кескин ўзгариб туриши натижасида қишнинг январь ва февраль ойларида ҳаво ҳарорати анча илиқ, ёғингарчилик миқдори кам бўлди.

Ўтган декабрь-январь ойларида яхоб суви берилмаган ёки кам берилган бўлса, февраль ойида 1–2 марта яхоб суви берилиши зарур. Бунда ҳар бир гектар боғга 1500–2000 м3, токзорларда 1200–1500 м3 сув сарфланиб, 4–5 кун давомида суғорилади. Яхоб суви билан сифатли суғорилган боғларда дарахт ва токларнинг асосий илдизлари жойлашган қисмлари 2 м чуқурликкача тўлиқ намланади ҳамда боғларда куртакларнинг қўзғалиши бир оз кечикади, токларни қўзғалиш энергияси юқори бўлади. Натижада боғларда ўсув даврида 1–2 марта суғориш миқдори қисқаради, яъни 700–1400 м3 сув тежалади. Шўрланган ерларнинг шўри гектарига 10–12 минг м3 миқдорида сув сарфланиб яхшилаб ювилиши керак.

Боғларда ҳар йили муттасил мўл ҳосил олишга қаратилган агротехник тадбирлардан бири бу – дарахтларга тўғри шакл бериш, буташ, сийраклаштириш ишлари муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тадбирлар ҳаво ҳарорати +5 оС дан юқори бўлганда бажарилади.

Боғларда январь ойида бошланган шакл бериш, буташ, сийраклаштириш ишлари февраль ойида давом эттирилади.

Олма, нок, беҳи, ўрик, гилос ва олхўри дарахтларининг кўпчилик навларига шакл беришда асосан сийраклашган ярусли, шафтолига косасимон шакл қўлланилади.
Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар
Олманинг ҳосилга кира бошлаган дарахтларини 6–15 ёшгача шох-шаббаси сийраклаштирилади. Бир-бирига халақит берадиган ва шох-шаббани қоронғилаштирадиган барча новдалар олиб ташланади.

Дарахт тўлиқ мевага кирган даврда навларига қараб 8–15 ёшгача ўтказиладиган буташлар уларнинг бўйи ва ҳосилдорлигини сақлаб қолишга қаратилади. Бу вақтда дарахтлар ёш давридагига нисбатан камроқ буталади, фақат майда шох-шаббани, қоронғилаштирувчи шохлар ва бачки олиб ташланади, алоҳида ўсган ва янги ташкил топган узун шохлар қисқартирилиб, мева шохларига айлантирилади. Анча катта шохлар бир-бирига ўзаро боғлиқ ҳолда кесилади.
Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар
Нок ҳам олма дарахти сингари буталади. Кам шохланадиган, бироқ бир йиллик новдалари кучли ўсган ва халқасимон шохчалари кўп бўлган навларда асосий шохлардаги новдалар, уларнинг қисқа узунлигига қараб, ярмига ёки бир қисмига қисқартирилади. Кучли шохланадиган навларда ва мева берадиган дарахтларда асосан шох-шабба буталиб сийраклаштирилади.
Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар
Беҳи ҳам олма дарахти каби сийраклаштирилган ярусли система бўйича шакллантирилади. Асосий шохларни шакллантиришда уларнинг бир-бирига ўзаро боғлиқлигига қатъий риоя қилиш, ўсиб чиқиш бурчагининг кенгроқ бўлишига эришиш зарур. Асосий шохларнинг рақиблари, шох-шабба ичига кириб қолган, ўткир бурчак остида ўсган ва асосий шохни шакллантириш учун керак бўлмаган шохлар олиб ташланади.

Уруғли мева боғларида шакл бериш, сийраклаштириш ва буташ ишлари тугаллангандан сўнг, данакли мевалиларга ўтилади. Бунда аввал ўрик, олхўри, гилос, олча ва шафтоли дарахтлари буталади.
Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар
Ўрик дарахтлари дастлабки йилларда кучли ўсиши боис олти-етти ёшгача бўйига ўсган шохларида ҳосил куртаклари бўлади. Бу даврда уларда ён шохчалари суст ўсади. Бундай шохларни уларда ён шохчалари яхшироқ ўсиб чиқиши учун учдан бир қисми ёки ярмига қисқартирилади. Кейинги буташлар навбатдаги тартибда ўсган ортиқча шохларни олиб ташлаш ва шохларни бироз қисқартиришдан иборат бўлади.
Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар
Олхўрининг кўпчилик навларида мева тугиш органлари қисқа бўлиб, улар икки ва кўп йиллик шохларда жойлашган бўлади. Баъзи бир навларда бир йиллик шохчаларда ҳосил бўлиши кузатилади. Ёш олхўри дарахтининг шох-шаббаси шакл беришда шохларнинг пастки қисми ялоанғочланиб қолмаслиги учун шохлар сийраклаштирилади ва қисқартирилади. Шох-шаббаси тик ўсган, кучли шохланадиган навларда биринчи тартибдаги асосий шохлар қисқартирилиб, иккинчи тартибдаги ён шохлар баландлигида кесилади. Бу шох-шаббанинг ёйилиб ўсишига имкон беради. Шох-шаббаси ёйиқ дарахтлар агар шохлари суст ўсса, сийраклаштирилади. Шохлар фақат уларнинг ўсишини тартибга солиб туриши учун қисқартирилади.

Дарахтлар мева бера бошлагандан кейин шохлар фақат шох-шаббага ёруғлик яхшироқ бўлиши учун бутаб турилади. Барча ҳолларда биринчи навбатда касалланмаган, қуриб қолган ва бир-бирига тегиб шикастланадиган шохлар олиб ташланади.
Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар
Гилос дарахти кучли ўсиши ва кам шохланиши билан фарқ қилади. Кучли ўсган шохларнинг пастки қисмида куртаклар кам ривожланади. Куртаклар уйғониши ва асосий шохларда ёш шохчаларни ўсиб чиқишини кучайтириш мақсадида асосий шохлар қисқартирилади. Бундай буташ ўсувчи дарахтлар ёш чоғида ва ҳосилга кира бошлаганда шох-шаббага шакл бериш учун қўлланилади.

Ёш дарахтлардаги узунлиги 40–45 см. ли новдаларини чилпиш ҳам яхши натижа беради ёки узун новдаларни эгиб, ярус ҳосил қилинса, ундан куртаклар чиқа бошлайди. Шохларни қисқартириш ва чилпиш шох-шаббани ихчам қилади, шохларда ўсув новдаларини кўпайиши ва даста шохларнинг ўсишига ёрдам беради.
Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар
Олча дарахти бошқа турдаги дарахтларга нисбатан кам буталади. Фақат зарур бўлганда қалинлашиб кетган шох-шаббалар, синган, қуриган ва қарий бошлаган шохлари олиб ташланади. Олча қариб, ўсиши сусайган (10 см) ёки ҳосили камайиб кетган даврда дарахт ҳолатига қараб, уч-беш йиллик шохигача кесиб, ёшартирилади. Тик ўсадиган навлар кўпроқ шохлари ёйилиб, косасимон ўсганлари камроқ кесилади.
Боғлардаги қишки юмушларни бажариш бўйича тавсиялар
Шафтоли дарахти экилган йили уч-бешта она шохдан шох-шабба ҳосил қилиб, косасимон шакл берилади. Шафтолининг кучли, баланд ўсадиган навларини шох-шаббаси тўрт-олти она шохдан иборат ўзгарган лидерли система бўйича ҳам шакл бериш мумкин.

Биринчи шох – 35–40 см баландликда, қолганлари бир-биридан 15–20 см масофада бўлиши керак. Тўртинчи йили етакчи новда (лидер) кесиб ташланади. Шафтоли дастлабки йилларда тез ўсади, кўп шох чиқаради ва тез мева бера бошлайди. Шунинг учун дастлабки бир-икки йил давомида бир йиллик новдалар қисқартирилиб турилади ва шох-шабба сийраклаштирилади. Асосий шохларнинг учидан ўсиб чиққан узунлиги 50–60 см. ва ундан узун новдалар учдан бир қисмига ёки ярмига, калтароқлари эса чорак қисмига қисқартирилади. Ґосилга киргандан сўнг шох-шаббаси сийраклаштириб турилади.

Февраль ойининг охири март ойининг бошида боғларда мевали дарахтлар танаси оқланади. Бунда 10 л. сувга 2 кг. оҳакка 1. 5 кг. тупроқ аралаштириб, дарахтларнинг танаси ва она шохларини оқлаш зарур.

Дарахтлар буталаб, шакл берилгандан сўнг ҳаво ҳарорати +5 оС дан юқори бўлганда, дарахтлар куртак чиқармасдан олдин уруғ мевали дарахтлар парша (қўтир) касаллига (монилиоз куйиш) қарши 3% бордо суюқлиги ёки 5о ли ООҚ билан жиққа ҳўллаб ювилади. 10–12 кундан кейин пуркаш ишлари такрорланади.

Данакли мева боғларида (ўрик, шафтоли, олхўри, гилос) монилиоз, клястероспориоз, гоммоз ва барг бужмалоқлигига қарши 5о ли ООҚ ёки 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 1 фоизли мис купороси ёки 2–3 фоизли темир купороси билан эрта баҳорда куртаклар бўртиш арафасида ишлов берилади.

Янги боғ ва токзорлар ташкил қилиш учун танлаб олинган ерларни экишга тайёрлаш ва режалаш ишлари олиб борилади.

Хатоси бор боғларнинг ораларини кўчатлар билан тўлдириш, токзорларда таъмирлаш ишлари темир бетон устунларни тўғрилаб қўйиш, симларни тортиш ишлари олиб борилади.

Боғ ва токзорларда суғориш иншоотларини тозалаш, минерал ўғитлар ва кимёвий препаратларни жамғариш, боғлар ва токзорларда ишлатиладиган техника ва механизмларни таъмирлаш ишларини якунлаш керак.

Қулупнайзорларда сўнгги йилларда Тошкент, Фарғона ва бошқа вилоятларда кенг тарқалган усуллардан бири бу – кичикроқ ҳажмли сим каркас устига плёнка ёпилган туннел остида, қулупнай етиштириш кенг ривожланди. Бундан асосий мақсад эртаги ҳосил олишдир. Бунинг учун февраль ойи бошида қулупнайзорда узунлиги хоҳлаганча, кенглиги ва баландлиги 40–50 см бўлган, сим каркаслар устига плёнка тортилади.

Плёнка остида маҳсулот тез етилади. Тупроқ ва ҳаво ҳарорати очиқ ердагига қараганда анча юқори бўлади. Баҳорда ҳарорат кўтарилиб, сувга нисбатан эҳтиёж ошади, тупроқда намлик камаяди. Бу вақтда қулупнайзорга сув берилади ва плёнка очиб қўйилади. Совуқ тушган кунлари ҳар эҳтимолга қарши, баҳорги совуқдан гулларга шикаст етмаслиги учун кечқурун плёнка яна ёпиб қўйилади. Юқори агротехника (суғориш, бегона ўтлардан тозалаш, чангланишни нормал ўтишига имкон яратиш) қоидаларига амал қилинганда ҳосил кўпаяди, гуллаш ва меванинг етилиши тезлашади. Плёнка остида "Ўзбекистон”, "Память Шредера”, "Ўзбекистон гўзали” ва бошқа навларни етиштириш мумкин.

Ушбу тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши боғ-токзорлардан мўл ҳосил олишга пухта замин бўлади.

wwwагро.uz

Маълумотни таҳрирлади: info - 2-02-2017, 14:38

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
"Ўзгидромет” маркази маълумотларига кўра, январь ойи кўп йиллик об-ҳаво ҳароратига...
Қишнинг биринчи ойи – декабрда боғ ва токзорларда кузда бажариладиган ишлар...
Мевали дарахтлардан муттасил мўл ҳосил олишга қаратилган агротехник тадбирлар...
Республикамизнинг табиий тупроқ-иқлим шароитларида қишлоқ...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: