volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » Интенсив боғ – замонавий боғдорчилик намунаси

Интенсив боғ – замонавий боғдорчилик намунаси

 Интенсив боғ – замонавий боғдорчилик намунаси
Эрталаб ишга кетаётиб тўрт-беш йил хорижда ишлаб қайтган танишимни учратиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашгач, бозордан келаётганини айтди.

– Барибир ўзимизнинг бозорлар бошқача-да, тўкин-сочин, арзон, – деди у кўзлари қувнаб. – Сотувчию харидорлар билан гаплашиб, савдолашиб ҳам кайфиятинг кўтарилади. Қайси меванинг нархини сўрасанг, аввал татиб кўринг, деб қўлингга тутқазади. Бунақа савдо маданиятини дунёнинг бошқа мамлакатларида кўриш амри маҳол. Дарвоқе, бу йил мева-чева, сабзавот анча арзон-а?

– Ҳа, сиз ўрганиб қолган хориж мамлакатларидан анча арзон, – дедим унинг гапларидан завқланиб. – Фақат бу йил эмас, ҳар доим шундай. Йилнинг барча фаслида бозордан исталган мева-чева, сабзавот, полиз маҳсулотларини топиш мумкин. Айниқса, ёз-кузда бозор янада тўкин бўлиши табиий – маҳсулот ҳар бир ҳовлидан чиқади-да. Фермер ва тадбиркорларимиз маҳсулотни қиш ва баҳор мавсумлари учун захира қилиб қўяди. Махсус музлаткичли омборларда сақлашади. Қолаверса, кейинги йилларда интенсив боғдорчилик ривожланди, иссиқхона ташкил этиш оммалашди. Ишонасизми, фермерларимиз қишда қулупнай етиштириб, сотмоқда. Узум, олма ва бошқа меваларни ҳозиргача сифатли сақлаб, бозорга чиқараётир.

– Ростданми? – ҳайратини яширолмади танишим. – Мен ҳали супермаркетда бу мевалар четдан келтирилган бўлса керак, деб олмагандим. Чунки, ношукурлик эмас-у, на таъми, на мазаси бор бундай меваларни хорижда кўп татиб кўрганмиз. Интенсив боғ деганингиз, Жомбойдан ўтаверишда йўл бўйида кўргандим, ўшами?

Ўз юртидаги янгилик ва ўзгаришлардан ҳайратга тушаётган танишимга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги оламшумул ишлар ҳақида бафуржа гапириб беришни ваъда қилиб, у билан хайрлашдим.

Аслида, серқуёш юртимизда етиштирилган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларининг хуштаъмлиги, дармондориларга бойлигию хорижда ҳам харидоргирлигини кўп эшитганмиз. Юртимизга келган сайёҳлардан сўрасангиз ҳам ҳайрату ҳавас билан гапириб бериши аниқ.
 Интенсив боғ – замонавий боғдорчилик намунаси
Афсуски, собиқ тузум даврида Ўзбекистон табиатининг бу саховатидан, қишлоқ хўжалигининг кенг имкониятларидан самарали фойдаланилмади. Фақат пахта етиштириш билан чекланиб, боғдорчилик, сабзавотчилик деярли унутилаёзди. Аҳоли эҳтиёжи учун зарур ғалла, мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари четдан келтирилди.

Ана шундай оғир ва мураккаб бир даврда республика раҳбарлигига келган Ислом Каримов пахта яккаҳокимлигига чек қўйиш, қишлоқ аҳолисига шахсий томорқа ерлари ажратиш, аграр соҳанинг бошқа йўналишларини ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар ўтказиш ташаббускори бўлди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бу ислоҳотлар янада кенг кўламда давом эттирилди. Фермерлик ҳаракати йўлга қўйилиб, ер ҳақиқий эгасини топди. Қишлоқ хўжалигини иқтисодий рентабелли тармоққа айлантириш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ҳосилдорликни ошириш, ғалла мустақиллигига эришиш, аҳолининг мева-сабзавот, узум ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини юртимизда етиштирилган маҳсулотлар билан тўла қондиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди ва бу ислоҳотлар қисқа вақтда ўз самарасини бера бошлади.

Айни пайтда юртимизда етиштирилаётган ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари халқимиз эҳтиёжини қондириб, хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Президентимизнинг 2006 йил 9 январдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Ушбу ҳужжатга асосан мева-сабзавот ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига кўплаб имтиёзлар берилгани фермерларда мулкка эгалик ҳиссини кучайтириб, илғор тажрибаларни кенг жорий этиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

Самарқандлик фермерлар ҳам бу имкониятлардан руҳланиб, ердан мақсадли фойдаланиш, боғдорчиликни ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш борасида салмоқли ишларни амалга ошираётир. Айниқса, интенсив боғдорчиликни кенг йўлга қўйиш юзасидан ўзига хос тажриба мактаби яратилди.

– Вилоятимизга илк интенсив боғ кўчатлари хориждан келтирилиб, 2008 йилда Нарпай ва Самарқанд туманларида 500 гектар майдонда боғ ташкил этилган эди, – дейди Самарқанд вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси Мақсуд Қорабоев. – Бу боғлар асосан лалми ерларда томчилатиб суғориш технологияси бўйича ташкил этилиши, кўчатлар иккинчи йилдаёқ ҳосил бериши ва ҳосилдорлик оддий боғларга нисбатан бир неча баробар кўп бўлиши туфайли фермерларимизда катта қизиқиш уйғотди. Натижада кейинги йилларда бошқа туманларда ҳам шундай боғлар яратишга киришилди. Ўтган йил қарийб 2 минг гектар ерда янги усулда мевали дарахтлар парваришига киришилди. Бу йил 1100 гектардан ортиқ интенсив боғ ташкил этилиб, уларнинг умумий майдони вилоят бўйича 9 минг 79 гектарга етди. Янги боғ яратган фермер хўжаликлари сони 110 дан ошди. Уларнинг аксарияти ҳозир 20 га яқин турдаги мевали дарахт парваришлаб, мўл ҳосил олмоқда. 2015 йилда интенсив боғлардан олинган ялпи ҳосил 100 минг тоннадан ошди. Албатта, бу рақам йилдан-йилга ошиб боради. Чунки интенсив кўчатлар олтинчи йилдан тўлиқ мевага киради. Маҳсулотнинг асосий қисми фермер хўжаликларининг музлаткичли омборларида сақланиб, хорижга экспорт қилинмоқда. Вилоятимиздаги қайта ишлаш корхоналари билан ҳам шартномалар имзоланган.
 Интенсив боғ – замонавий боғдорчилик намунасиЭътиборли жиҳати, вилоятда интенсив боғдорчилик билан бирга, бундай кўчатлар етиштириш ҳам йўлга қўйилди. Дастлабки йилларда хориждан катта маблағ эвазига келтирилган кўчатлар бугунги кунда академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд илмий тажриба станциясида, "Оқдарё муштарий” масъулияти чекланган жамияти майдонларида етиштирилмоқда. Пакана ва ярим пакана бу кўчатлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги фермер хўжаликларига ҳам етказиб берилаётир. Мутахассислар кўчат экиш, парваришлаш ишларида ҳам фермерларга яқиндан кўмаклашмоқда. Айни пайтда Самарқанд туманида ташкил этилаётган яна бир кўчатчилик хўжалиги 2017 йилдан бошлаб фермерларга интенсив боғ кўчатлари етказиб бериш билан бирга, хорижга экспорт қилади.

Вилоятдаги интенсив боғларнинг катта қисми, яъни 3200 гектари боғдорчилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослашган Жомбой туманида яратилган. Бу ерда ўндан ортиқ кўп тармоқли фермер хўжалиги шу йўналишда фаолият юритмоқда.

"Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалиги тумандаги интенсив боғдорчиликка ихтисослашган энг йирик хўжалик. 2012 йилда ташкил этилган хўжалик аъзолари Ғўбдинтоғ этакларидаги Қорақасмоқ ҳудудида 2020 гектар фойдаланилмаётган адирликда интенсив боғ яратмоқда.

– Хўжалик боғларида 16 турдаги олма, 10 турдаги олча, 8 тур шафтоли, 7 тур гилос, 5 тур беҳи, 6 турдаги ўрик ва бодом етиштирилмоқда, – дейди Жомбой тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг мева-сабзавотчилик бўйича мутахассиси Бахтиёр Каримов. – Голландиядан келтирилган замонавий, юқори қувватли техника воситалари ёрдамида боғ қатор ораларига ишлов берилади, мевалар мунтазам зарарли ҳашаротларга қарши дориланади. Томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган. Артезиан қудуқларидан махсус ҳандақларга тўлдирилган сув бир неча марта тозалангандан сўнг тупроқ таркибига қараб, елим қувурлар орқали боғларга йўналтирилади.

Интенсив усулдаги боғларнинг ҳар жиҳатдан фойдали ва сердаромад эканини бугун фермерлар яхши англаб етди. Негаки, эски боғларда дарахт 5-6 йилда мева бера бошласа, интенсив боғ иккинчи йилдан ҳосилга киради. Илгари бир гектарли боғга 1000 кубометр сув сарфланган бўлса, янги усулдаги боғлар учун томчилатиш йўли билан атиги 70 куб сув етарли. Анъанавий боғлар гектаридан 10-12 тонна ҳосил берса, интенсив технологиялар бу кўрсаткични 55-80 тоннагача кўтаради. Бугун мазкур фермер хўжалиги боғларида икки йиллик олма дарахтлари шиғил ҳосилга кирган. Меваларни табиий таъсирлар ва қушлар хуружидан асраш ҳамда боғда микроиқлимни таъминлаш учун махсус тўр-сеткалар ўрнатилган. Бу ҳам ҳосилнинг сифат кўрсаткичини оширишга ёрдам беради. Маҳсулотнинг ҳаммаси экспорт қилинади, 80 фоизи ҳўл мева кўринишида, қолган қисми қайта ишлангач, шарбат ва жем сифатида хорижга чиқарилади.

Келгусида бу ҳудудда яна 1000 гектар ерни ўзлаштириш, мева-сабзавотни қайта ишлаб, қадоқлайдиган корхонани ишга тушириш, шу тариқа 1000 иш ўрни яратиш режалаштирилган.
 Интенсив боғ – замонавий боғдорчилик намунаси
– 2012 йилда 60 гектар майдонда интенсив усулдаги олмазор билан иш бошлаган эдик, – дейди тумандаги "Галаосиё нон” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Зафар Тоҳиров. – Кейинги йили боғимизни янада кенгайтирдик. 180 гектар майдонга олча кўчати, 80 гектардан ортиқ ерда шафтоли, қароли, нок ва бошқа мевали дарахт кўчатлари ўтқаздик. Кўчатларни вилоятдаги кўчатчилик хўжаликларидан харид қилганимиз туфайли ушбу хўжаликлар мутахассислари уларни экиш ва парваришлашга яқиндан ёрдам берди. Хорижий технология асосида томчилатиб суғоришни йўлга қўйдик. 2015 йилда 900 тонна мева йиғишритиб олишга эришдик. Ҳосилнинг асосий қисмини ўзимизнинг 5 минг тонна сиғимга эга музлаткичли омборимизда сақладик. Қарийб 30 фоизини қайта ишлаш учун шартнома асосида "Афросиёб мева” корхонасига етказиб бердик. Бу йил боғларда ҳосил ҳар йилгидан ҳам мўл. Қайта ишлаш корхоналари, ички бозорга ва экспортга ўтган йилгидан бир неча баробар кўп маҳсулот чиқарамиз.

Шу кунларда туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини парваришлаш ишлари авжида. Боғбон ва соҳибкорлар Президентимизнинг шу йил 12 апрелдаги "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан руҳланиб, асосий эътиборни мўл-кўл озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга қаратмоқда.

Бу борада улар Голландиянинг "Бейо-Заден” ва Украинанинг "Гелиос-1” компаниялари мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб бориб, интенсив усулда сабзавот етиштириш бўйича тажриба алмашмоқда. "Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалигида 350 гектар майдонда помидорнинг бир қатор интенсив навлари парваришланмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, ундан гектарига 100 тоннадан ошириб ҳосил олиш мумкин.

Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар иқтисодиётимиз тараққиёти, қишлоқларимиз инфратузилмасини такомиллаштириш, энг муҳими, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
uza.uz

Маълумотни таҳрирлади: info - 6-08-2016, 09:08

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Кармана туманининг "Ҳазора" қишлоғида яшовчи Жамил бобо Fойибовни маҳалладошлари...
Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий...
"Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари юқори суръатлар билан ишлаб...
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ва...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: