volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » АСАЛНИ ВЕТЕРИНАРИЯ ЛАБОРАТОРИЯЛАРИДА ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ ЭКСПЕРТИЗАСИДАН ЎТКАЗИШ ҚОИДАЛАРИ(18.09.2014)

АСАЛНИ ВЕТЕРИНАРИЯ ЛАБОРАТОРИЯЛАРИДА ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ ЭКСПЕРТИЗАСИДАН ЎТКАЗИШ ҚОИДАЛАРИ(18.09.2014)

АСАЛНИ ВЕТЕРИНАРИЯ ЛАБОРАТОРИЯЛАРИДА ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ ЭКСПЕРТИЗАСИДАН ЎТКАЗИШ ҚОИДАЛАРИ(18.09.2014)ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИНИНГ
БУЙРУҒИ
АСАЛНИ ВЕТЕРИНАРИЯ ЛАБОРАТОРИЯЛАРИДА ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ ЭКСПЕРТИЗАСИДАН ЎТКАЗИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 25 апрель, 20-15-115/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Асални ветеринария лабораторияларида ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш қоидалари» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қоидалар тасдиқланиши муносабати билан СССР Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ветеринария бош бошқармаси томонидан 1978 йил 10 февралда СССР бош давлат санитария врачи ўринбосари билан келишиб 1978 йил 21 мартда тасдиқланган «Правила ветеринарно-санитарной экспертизы меда на мясомолочных и пищевых контрольных станциях и в ветеринарных лабораториях» Ўзбекистон Республикасида қўлланилмасин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М.ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 11 апрель,
72-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Давлат санитария Бош бошқармасининг 2008 йил 11 апрелдаги 72-сонли буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Асални ветеринария лабораторияларида ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш
ҚОИДАЛАРИ
I. Умумий қоидалар
1. Асални ветеринария лабораторияларида ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш қоидалари Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлари асосида ишлаб чиқилган.
2. Ушбу Қоидалар асални қайта ишловчи хўжалик, корхона ва муассасалар, бозорлар, совуқхоналар, асал эгалари, шунингдек давлат, идоравий ветеринария хизмати ва хусусий ветеринария мутахассислари учун қўлланилади.
II. Асал ва уни классификациялаш
3. Табиий гул асали — асалариларни гулларнинг нектарини йиғиб қайта ишлаган, ширин, хушбўй қиёмсимон суюқлик ёки ҳар хил консистенция ва ҳажмдаги рангсиз ёки сариқ, жигарранг ва қўнғир рангдаги кристалланган, асалариларнинг инларидан центрафугаланиб ёки сиқиб озуқа сифатида ишлатиш мақсадида олинган маҳсулот.
4. Асал келиб чиқишига қараб гулли, сирачли ва аралаш турларга бўлинади. Кўпинча бир неча тур ўсимликлардан йиғилган кўп флоралик гулли асаллар, айрим холларда бир турдаги ўсимликлардан йиғилган, бир флоралик бир гулли асаллар (липа, гречиха, кунгабоқар ва бошқалар) учрайди. Келиб чиқишига қараб сирачли асаллар ўсимлик ва ҳайвонотга мансуб бўлади.
III. Бозорларда асал сотишга қўйиладиган ветеринария-санитария талаблари
5. Асални ташиш ва сақлашга ишлатиладиган идишлар санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган бўлиши зарур.
6. Экспертизага асал эгасида Ф—4 (1-илова) ветеринария маълумотномаси ёки Ф—2 (2-илова) ветеринария гувоҳномалари ва асалариларнинг ветеринария-санитария паспортлари бўлган тақдирда қабул қилинади.
7. Асалда қуйидагилар аниқланганда истеъмолга яроқсиз ҳисобланади:
идиш 5-пункт талабларига мос келмаганда;
органолептик камчиликлар аниқланганда;
намлиги 21 % дан ортиқлиги аниқланганда;
ачиганда;
механик ифлосланганда;
50°С дан юқори ҳароратда эритилганда;
заҳарлилиги аниқланганда;
радиоктивлиги аниқланганда;
асалариларнинг юқумли касалликлари қўзғатувчилари аниқланганда;
қалбакилаштирилганда.
8. Асалда антибиотиклар қолдиғини, асалариларнинг юқумли касалликлари қўзғатувчисини, радиоактивлигини аниқлаш учун ветеринария лабораториясига асал намунаси шиша идишга солиниб, зич ёпилиб, тамғаланган ҳолда жўнатилади.
9. Ветеринария жиҳатидан истеъмолга яроқли деб топилган асалга белгиланган шаклдаги ветеринария-санитария экспертизаси хулосаси (3-илова) берилади.
10. Бозорларда махсус кийимга эга бўлган (енг, фартук, дурра ёки қалпоқ) ва савдо қилиш санитария қоидаларига риоя қилувчи, асални ветеринария жиҳатидан истеъмолга яроқлилигини кафолатловчи ветеринария-санитария экспертизаси хулосасини олган шахслар сотишлари мумкин.
11. Идишларда асални ветеринария-санитария экспертизасини ўтказилганлигини кўрсатувчи белги:
истеъмолга яроқли асаллар учун оқ рангли;
диастазаси 5 дан паст ва сирачли асаллар учун кўк рангли ёрлиқлар қўйилади.
12. Ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияларида асални ветеринария-санитария экспертизаси натижалари тегишли журналда қайд қилинади.
IV. Намуна олиш усуллари
13. Намуналар ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси мутахассиси томонидан эгаси иштирокида олинади.
14. Намуналар идишларнинг ҳолати ва уларни қоидаларнинг 5-пунктига мослигига текширилгандан сўнг олинади.
15. Асални текшириш учун намуна ҳар бир назоратдаги идишдан 100гр миқдорда, сув миқдорини ареометр ёрдамида текширишда намуна миқдори икки баробарга кўпайтирилади.
16. Сотилмай қолган ва бозорга сақлаш учун қолдирилмаган асал такроран ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилади.
17. Ветеринария-санитария экспертизаси учун намуналар алюминли най (асал суюқ бўлса) ёки ёғ олиш мосламаси (асал қуюқ бўлса) ёрдамида ҳар хил қаватидан олиниб тоза, қуруқ шиша ёки чинни идишга солинади.
18. Кристалланган асалдан намуна олиш учун конуссимон найни қия ҳолатда асалга ботирилади. Сўнгра най ўз ўқи атрофида 360°Сга айлантирилиб суғуриб олинади. Асал устунчасидан асал қатлами куракча ёки пичоқ ёрдамида қирқиб олинади.
19. Мум (уя) асали агарда у ёпиқ, кристалланмаган, шунингдек мум бир тусда оқ ёки сариқ рангда бўлса экспертизага қабул қилинади. Намуна ҳар бешинчи мумли (уяли) ромдан пичоқ билан 25 см2 миқдорида қирқиб олинади. Агарда мумли асал бўлакланган (мум рамкадан чиқарилган ва қирқилган) бўлса, намуна ҳар бир бўлакдан шунча миқдорда (25 см2) олинади.
Мум қопқоқлари қирқиб олингандан сўнг намуна диаметри 1 мм тўрли фильтр солинган стаканга жойлаштирилиб, 40 — 45° С ҳароратда термостатга қўйилади.
Фильтрлаш процессида мум бўлакчаларида асал тўлиқ оқиб тушиши учун бўлакчалар бир неча маротаба ағдариб қўйилади.
Ҳар бир намуна алоҳида текширилади.
Асаларилар томонидан ёпилган асал етилганини белгилайди, бироқ маҳсулотнинг сифати ва табиийлигини кафолотламайди. Мумли асални экспертизасида қўйидагиларга эътибор берилади:
а) органалептик камчилиги ва ачиганлигига;
б) мумда асалари тухумлари ва гул чанги;
в) шакар асали борлигига.
Санаб ўтилган камчиликлар ва қалбакилаштирилган асал аниқланса булар уни яроқсизга чиқаришга асос бўлади.
V. Асални органолептик текшириш
20. Рангини аниқлаш — асални ранги кундузги ёруғликда визуал кўриш орқали аниқланади.
21. Хушбўйлигини аниқлаш — асал нектар турига, асалдаги қўшимчалар борлигига, сақлаш муддати ва шароитига, уни иситилиши ҳамда қалбакилаштирилганига боғлиқ равишда ўзига хос хушбўй ҳидли бўлади. Айрим асал турларининг ҳиди бадбўй (тамаки, ахлатхона ҳиди), айрим асал турлари эса ҳидсиз бўлади. Асалнинг хушбўйлиги ачиганда, узоқ вақт қаттиқ қиздирилганда, сунъий инвертланган шакар, шакар қамиш шакари, шакар қиёми қўшилганда ва ҳ.к., шунингдек асаларилар шакар қиёми билан боқилганда йўқолади.
Хушбўйлигини аниқлаш учун шиша бюкс (стаканга) 30—40 гр. асал солиниб, усти қопқоқ билан ёпилиб сувли ҳаммомда 40—45° С ҳароратда 10 дақиқа давомида иситилади.
22. Таъмини аниқлаш — асал 30° С ҳароратгача иситилиб сўнгра тами аниқланади.
23. Қуюқлигини аниқлаш — қуюқлиги (ёпишқоқлиги, ширадорлиги) ҳарорати 20°С бўлган асалга қошиқча туширилиб олинади ва асални оқишига қараб баҳоланади
а) суюқ асал — қошиқчада озгина миқдорда асал бўлиб, у майда кичик томчилар билан томади. Суюқ асал оқ акация, беда, қизилбаргга (баргисурҳга) хос бўлиб, таркибидаги намлик 21% дан ошиқ бўлади;
б) қуюқ асал — қошиқчада асал миқдори анчагина бўлиб, у йирик, сийрак, чўзинчоқ томчилар билан томади. Қуюқлик турли хил гуллардан олинган асалларга хос бўлади;
в) жуда қуюқ асал қошиқчада асал миқдори анча бўлиб, у узун йирик ипсимон бўлиб оқади. Жуда қуюқ сирачли асалга ва гул асалларининг кристалланаётган даврига хос бўлади;
г) қаттиқлашган асал — қошиқ асалга куч билан ботади.
24. Асалларнинг органалептик кўрсаткичлари 1-жадвалда келтирилган кўрсатгичларга мос бўлиши шарт.
‎ ‎ 1-жадвал‎
Кўрсаткичлар номи Асалнинг тавсифи
Гул асали‎‎ ‎Сирач асал‎ ‎
Ранги‎ Рангсиздан жигаррангача. Очиқ ранглилари кўпчиликни ташкил қилади, каштан, гречиха, верес асалларидан ташқари‎ Оч шаффовдан тўқ жигарранггача. Игна баргли дарахтлардан очиқ рангли, заранг дарахтидан жуда қорамтир рангли.‎
Хушбўйлиги‎ Ўзига хос тоза, ёқимли, ним хушбўйдан, кучли хушбўйгача.‎ Сезилар-сезилмас намоён.‎
Таъми‎ Ширин, майин, ёқимли, ёт таъмсиз (каштан асали нордон тамли).‎ Ширин, ёқимлилиги паст, баъзи ҳолатларда нордон таъмли‎
Қуюқлилиги
(консистенцияси)‎ Кристаллангунча қиёмсимон, етилишда жуда ёпишқоқ, кристаллашгандан сўнгра жуда зич. Қатламларга ажралишига йўл қўйилмайди
Кристалланиши ‎ ‎‎Кристалланиши майда доначалардан йирик доначаларгача
VI. Асални лабораторияда текшириш
25. Асал эритмасини тайёрлаш. Асални лабораторияда текшириш намуналарнинг сувли эритмаларида ўтказилади, фақат асалдаги сув миқдорини рефрактометрда аниқлашда табиий асал намунасидан фойдаланилади.
Биохимик текширувлар учун қуруқ модда миқдорига ҳисоблаб олинган асалнинг 0,25—10% эритмаси тайёрланади. Сув миқдорини ареометр билан аниқлаш ва баъзи сифат реакциялари ўтказиш учун асалнинг юқорироқ концентрацияли эритмалари талаб қилинади (1:2).
а) қуруқ модда ҳисобига ўтказилган асалнинг эритмасини тайёрлаш. Ҳисоблаш 1-ва 2-формулалар билан амалга оширилади:
(1)
Х—белгиланган концентрациядаги асал эритмасининг қуруқ моддага айлантирилгандаги миқдори, мл;
М—олинган асал миқдори, гр;
В—асалдаги қуруқ модда миқдори, %;
С—асал эритмасининг белгиланган концентрацияси, %;
(2) Х1=Х—М1
Х1—асалнинг % концентрацияли эритмасини тайёрлаш учун кетадиган сув миқдори, мл;
Х—асалнинг белгиланган концентрацияли эритмасига кетган асалнинг қуруқ моддаси миқдори, мл;
m1—олинган асал миқдори, гр.
Мисол. Таркибида намлиги 20 % бўлган 6 гр миқдордаги асал намунасидан 10% асал эритмасини тайёрлаш талаб қилинади. Ушбу асал таркибида қуруқ модда 80% (100%-20%=80%). Кўрсатилган асал намунасидан тайёрланган 10 % эритмасининг умумий миқдори (6x80):10=48 мл. 6 г асал намунасидан 10% эритма тайёрлаш учун 42 мл сув талаб этилади (48-6=42).
б) 1:2 нисбатдаги асалнинг эритмасини тайёрлаш. Эритмани тайёрлаш учун бир қисм оғирлик бирлигидаги асал икки қисм оғирлик бирлигидаги сувда эритилади.
26. Асалдаги намлиги қуйидагича аниқланади;
а) асалдаги сув миқдори ва қуруқ модда миқдорини асал эритмасининг солиштирма оғирлигига қараб аниқланади.
Асалнинг 1:2 нисбатдаги эритмаси тайёрланади. Бунинг учун 100 гр яхши аралаштирилган асални ўлчаб олиб, 200 мл дистилланган сувда 30—40° С ҳароратда эритилади. Тайёрланган эритма 15° С ҳароратгача совутилади ва унинг солиштирма оғирлиги аниқланади. Сув ва қуруқ модданинг миқдори 2-жадвалга мувофиқ аниқланади.
Масалан. Асал эритмасининг 1:2 нисбатдаги 15°С ҳароратдаги эритмада асал эритмасининг солиштирма оғирлиги 1,116 аниқланган бўлса, жадвалда асалдаги қуруқ модда қолдиғи 27,13 % га тўғри келади. Бунда асал 3 нисбатда эритилганлиги сабабли асалдаги қуруқ модданинг қолдиғи 27,13 х 3 = 81,39%» га тенг бўлади, сувнинг миқдори эса 100 - 81,39 = 18,61% га тенг бўлади.
б) асал намлигини рефракция индекси бўйича аниқлаш.
Асал намлигининг миқдори рефракция индекси бўйича аввалдан дистилланган сувга мосланган РДУ ёки РЛ маркали рефрактометр билан аниқланади. Суюқ асал томчиси рефрактометрнинг пастки призмасига томизилади ва синдириш кўрсаткичи аниқланади. Текширилаётган асал намлигининг миқдори 3-жадвал орқали аниқланади.
Ҳарорат кўрсаткичларига ўзгартиришлар. Ҳарорат 20° С дан ортиқ бўлганда ҳар бир 1° С учун 0,00023 қўшилади, ҳарорат 20° С паст бўлганда ҳар бир 1°С учун 0,00023 олиб ташланади
27. Оптик фаолликни аниқлаш—асалдаги углеводлар оптик фаолликка эга бўлиб, қутбланган (поляризацияланган) ёруғлик юзасини айлантириш қобилиятига эга. Гул асали (поляризацияланган ёруғлик юзасини) чапга айлантиради, сирачли ва баъзи қалбакилаштирилган асаллар (шакар асали, шакар қамиш шакари, шинни, қиём) ўнга айлантиради.
Оптик фаолликни аниқлаш учун ихчам кўчма поляриметр (П-161 типидаги) ёки универсал шакар ўлчагич СУ-3 дан фойдаланилади. Ўлчов ўтказишдан аввал асбоб мосланади. Шундан сўнг камерага текшираётган асал эритмасининг фильтрланган 10 % эритмаси билан тўлдирилган поляриметр кюветаси (трубкаси) жойлаштирилади, асал эритмаси кўриш майдончалари бир хиллигини ўзгартиради. Кремальер айлантирилиб кўриш майдончаларининг бир хил ҳолатга келтирилади ва нониус билан даража кўрсаткичи ҳисоблаб чиқилади. Даража кўрсаткичини ҳисоблаш 5 маротаба ўтказилади. Ўтказилган беш ўлчовнинг ўртача арифметик қиймати ўтказилган ўлчовлар натижаси бўлиб ҳисобланади.
28. Механик қўшимчаларни аниқлаш—стакан устига тешикчалари диаметри 1 мм дан катта бўлмаган металл тўрга миқдори 50 гр атрофидаги асал солинади. Стакан 60°С ҳароратгача сув ҳаммомида иситилиб қуритиш шкафига қўйилади, тўрдан ўтказилиб фильтрланади. Асал намунасидаги қолдиқ кўзга кўринмас даражага келгунча фильтрланиши керак.
29. Умумий кислоталикни аниқлаш—асалнинг умумий кислоталиги ундаги турли кислоталар, тузлар, оқсиллар ва икки оксидли углеродларнинг мавжудлигига боғлиқ. Ушбу кўрсаткич нормал градуслар (милли эквивалентлар) — 100 гр асални фенофталеин индикаторилигида ўювчи натрий ишқорининг 0,1 н эритмаси билан титрлашга кетган миқдори билан белгиланади.
Кимёвий стаканга асалнинг 10% эритмасидан 100 мл ўлчаб олиниб, фенофталеиннинг 1% спиртли эритмасидан 5 томчи томизилади ва ўювчи натрийнинг 0,1 н эритмаси билан оч пушти рангга киргунгача титрланади. Титрлаш охирида эритма ранги 10 секунд давомида бир хилда сақланиши керак. Параллел ўтказилган текширувлар натижаси бир-биридан ±0,05 нормал градусдан ошмаслиги лозим.
30. Минерал моддаларни аниқлаш (кул) — асалдаги минерал моддалар миқдори унга сахароза, глюкоза, сунъий инвертланган шакар қўшилганда камаяди.
Вазни ўзгармайдиган ҳолатгача қиздирилган тигелга 5—10 гр (аниқлиги ОДмг гача) асал солиниб, уни қорайиб кўмир ҳолатига етгунча газ ёки электр плиткасида куйдирилади (бунда пуфакчалар пайдо бўлиб, модданинг йўқотилишидан эҳтиёт бўлиш зарур). Шундан сўнг намуна 1 соат давомида 600° С да (қизил ранг) қиздирилади. Тигель эксикаторда тепасувсиз сульфат кислотаси ёрдамида 30 минут давомида совутилади ва тортилади. Минерал моддаларнинг умумий миқдори қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланади
, бунда:
X % ҳисобидаги умумий кул миқдори
м0—тигел массаси, гр;
м1—кул билан тигел массаси, гр;
31. Диастаза активлигини аниқлаш — диастаза (амилаза) активлиги баъзи табиий асал турларида жуда паст (оқ акация, кипра, беда, липа, кунгабоқар). Асал 50° С дан ортиқ даражада қиздирилганда ва узоқ муддатда сақланганда (бир йилдан ортиқ) диастазанинг активлиги қисман ёки бутунлай йўқолади. Асални қалбакилаштириш ҳам ферментнинг активлигини пасайтиришга олиб келади.
Диастазанинг активлигини аниқлаш бу ферментнинг крахмални амиладекстринга парчалаш хусусиятига асосланган. Ушбу миқдорий кўрсатгич диастаза сони билан белгиланади (Гёте бирлиги), у 1 гр асалдаги (қуруқ модда ҳисобида) диастаза (амилаза) билан бир соат давомида 40±1°С ҳароратда миллилитр ҳисобидаги 1 % крахмал эритмасининг диастаза (амилаза) билан парчаланиб, йод бинафша рангга бўямайдиган ҳолатга келган миқдори.
11 дона пробиркага асалнинг 10 % ли эритмаси ва 4-жадвалдагига мувофиқ бошқа компонентлар қўшилади.
Пробиркалар қопқоқлар билан ёпилади, яхшилаб аралаштирилиб 40±1° С ҳароратдаги сувли ҳаммомга 1 соат муддатга қўйилади. Сўнгра сувли ҳаммомдан олиниб, оқар сув остида хона ҳароратигача совутилади шундан кейин ҳар бирига йод эритмаси (100 мл дистилланган сувда 0,5 г йод, 1 гр калий йод эритмаси) бир томчидан томизилади.
Крахмал парчаланмаган пробиркаларда бинафша ранг пайдо бўлади, парчалангаларида— қўнғир, қисман парчаланганлари—сиёҳранг тусга киради
Рангсизланган (нимсарғиш) олдидаги охирги кучсиз рангланган пробирка текширилаётган асалнинг диастаза активлигига тўғри келади (4-жадвалга қаранг).
Агарда эрийдиган крахмал бўлмаса уни қуйидаги усулда тайёрлаш мумкин: 250 г картошка крахмали олиниб 1 л дистилланган сувда ювилади, тиндирилгандан сўнг сув тўкиб ташланади.
Қолган чўкмага 1,5 л 4% НС1 эритмаси қуйилиб, 1-2 соатга қолдирилади сўнгра фильтрланади. Фильтрдан йиғиб олинган крахмал дистилланган сувда кўп маротаба лакмусда нейтрал реакция бергунга қадар ювилади ва 90° С ҳароратда қуритилади.
Табиий асал учун диастаза сони ГОСТ 19792-87 биноан 5 дан кам бўлмаслиги керак.
32. Сахарозалаштирилган (инвертланган) шакарни аниқлаш. Асалдаги глюкоза ва фруктозаларнинг умумий миқдори сахарозалаштирилган шакар деб белгилаш қабул қилинган. Асалда сахарозалаштирилган шакар миқдори 70 % кам бўлса асални қалбакилаштирилганини билдиради. Аммо сахарозалаштирилган шакар миқдорининг нормада бўлиши асални табиийлигини кафолатламайди.
а) асал эритмасини тайёрлаш — текширилаётган асалдан 10 % ли сувли эритма тайёрланади. Шундан сўнг, ушбу эритмадан 0,25 % ли эритма тайёрланади. Бунинг учун 200 мл ўлчовли колбага 10 % асал эритмасидан 5 мл ўлчаб солиниб, сўнгра белгисига қадар сув солинади ва аралаштирилади.
б) аниқлаш йўли — колбага қизил қон тузининг К3Ғе(СК)б 1 % ли эритмасидан 10 мл, ўювчи натрийнинг 10 % ли эритмасидан 2,5 мл, асалнинг 0,25 % ли эритмасидан 5 мл ва метил кўкининг 1% ли эритмасидан бир томчи солинади. Аралашма қайнаш даражасигача қиздирилади ва аста қайнаб турганида текширилаётган асалнинг 0,25 % ли эритмаси билан бинафша ранги (реакция охирида сиёҳ ранг) кетгунча титрланади.
Метилен кўкининг қайта тиклаш моддалари билан тикланиши анча кечикиб ўтади шу сабабли титрлашни 2 секунда бир томчи тезликда олиб борилиши зарур. Аралашма совугандан сўнг рангини қайта тикланиши ҳисобга олинмайди. Титрлаш 2-3 маротаба ўтказилиб, ўрта кўрсаткичи чиқарилади. Параллел текширувлар натижаси 1 % дан ортиқ фарқ қилмаслиги керак.
Изоҳ. Агарда колбадаги аралашма титрланмасдан рангсизланса, бу текширилаётган асалда сахарозалаштирилган (инвертланган) шакар миқдорининг 81,2% ортиқлигини кўрсатади. Асалда сахарозалаштирилган (инвертланган) шакар миқдори 5-жадвал бўйича аниқланади.
33. Сахарозалаштирилган (инвертланган) шакарнинг юқори миқдорини аниқлаш — колбага қизил қон тузининг (К3Ғе(СN)б) 1 % ли эритмасидан 10 мл, ўювчи натрийнинг 10 % ли эритмасидан 2,5 мл, асалнинг 0,25 % ли эритмасидан 5,8 мл солинади. Колбадаги аралашма қайнаш даражасигача қиздирилади ва 1 минут қайнатилади ва метил синкасининг 1 % ли эритмасидан бир томчи солинади. Агарда суюқлик рангсизланмаса текширилаётган асалда сахарозалаштирилган (инвертланган) шакарнинг миқдори 70 % дан паст бўлади, бу асал қалбакилаштирилган
34. Сунъий сахарозалаштирилган (инвертланган) шакар қолдиғини аниқлаш — сунъий сахарозалаштирилган (инвертланган) шакар қолдиғини аниқлашда кислоталар билан қамиш (лавлаги) шакаридаги левулеза бўлагини (мева шакари) парчалаганда сувда эрувчи оксиметилфурфурол ҳосил бўлиб, уни концентрланган туз кислотаси ва резорцин иштирокида олча—қизил рангга бўялишидан фойдаланилади.
Чинни ҳовончага 4 — 6 гр асал солиниб, 5 — 10 мл эфир қўшилади ва яхшилаб ҳовонча дастаси билан эзилади, эфирли ажратма чинни пиёлага (соат ойнасига) қуйилади ва 5-6 дона резорцин кристаллари қўшилади (уни ҳовончага ажратма тайёрлаш жараёнида солиш мумкин). Эфир хона ҳароратида учиб кетказилади. Шундан сўнг, қуруқ қолдиққа 1-2 томчи концентрацияланган туз кислотаси (солиштирма оғирлиги 1,125) томизилади.
Реакцияни ҳисоблаш:
хира—кўк ёки сариқ ранг — салбий;
тўқ сариқ (оч қизил) ёки пушти ранг — кучсиз ижобий (қиздирилган асалда кузатилади;
қизил, олчаранг—қизил, тезлик билан қизилга ўтувчи пушти ранг — ижобий (асалда сунъий инвертланган шакар қолдиқлари мавжуд).
35. Сахарозани (қамиш шакарини) аниқлаш — 200 мл колбага асалнинг 10 % ли эритмасидан 5 мл ва 45 мл сув ўлчаб олинади. Колбага термометр қўйилиб уни 80° С гача қиздирилган сув ҳаммомига жойлаштирилади. Колба ичида ҳарорат 68 — 70° С гача кўтарилганда (бунга одатда 2-3 минут кетади), зудлик билан 5 мл 1:5 нисбатда эритилган туз кислотаси солиниб силкитиб аралаштирилади, ушбу ҳароратда 5 минут ушланади ва ўша заҳоти 16 — 18° С ҳароратгача совутилади. Колбадаги термометрни олишдан аввал дистилланган сув билан чайилади. Колбадаги аралашма ўювчи натрийнинг 10 % ли эритмаси билан метилоранж (1-2 томчи) индикаторлигида пушти—сариқ ранга қадар нейтралланади.
Колбадаги аралашма ҳажми 200 мл. гача олиб борилади ҳосил бўлган 0,25 % ли асал эритмаси 3 маротаба колбани ағдариб аралаштирилади. Ушбу эритмадаги инвертланган шакар 31-пунктда кўрсатилган усулда аниқланади.
Асалдаги сахароза миқдори қуйидаги формула билан ҳисобланади:
С=(х-у)х0,95, бунда:
С — асалдаги сахароза миқдори, %;
Х — инверсиядан кейинги инвертирланган шакар миқдори, %;
Y — инверсиядан олдинги инвертирланган шакар миқдори, %.
36. Сахароза (қамиш шакари) қўшимчасини аниқлаш — асал сахароза билан қалбакилаштирилганда органалептик кўрсаткичлари ёмонлашади, диастаза активлиги, таркибидаги минерал моддалар ва инвертирланган шакар пасайиб, қамиш шакари миқдори эса ошади. Қалбакилаштирувчи ўнгга айлантириш хусусиятига эга. Демак ушбу турдаги қалбакилаштиришни топиш учун органалептик кўрсаткичлар, диастаза активлиги, кул миқдори, қамиш ва инвертирланган шакар, оптик активлик аниқланиши зарур.
37. Шакар асалини аниқлаш — шакарли (экспресс боқилган) «асал» асалариларни шакар қиёми билан боқиш натижасида олинади. Бундай асал қалбаки бўлади.
Янги олинган шакарли асал суюқ консистенцияли, ёрқин рангли, хушбўйлиги кучсиз, асалга хос бўлган қимизак мазаси бўлмайди.
38. Қиздирилган асални аниқлаш — асал кристалланишини йўқотиш, ачишни тўхтатиш ва қалбакилаштириш учун қиздирилади. Бунда оргалептик кўрсаткичлар ёмонлашади (асал қораяди, хушбўйлиги камаяди, қиздирилган шакар тамли), фермент активлиги ва бактериоцидлик қобилияти пасаяди, оксиметилфурфурол миқдори ошади. Юқоридагиларни инобатга олиб, асални қиздириб яроқсизлантирилганлигини аниқлаш учун органалептик кўрсаткичларни, фермент активлигини, оксиметилфурфурол миқдорини 30-пунктга мувофиқ ва ёт қўшимчаларни аниқлаш лозим.
39. Асални ачиганлигини аниқлаш — бу турдаги бузилиш таркибида 21%дан ортиқ суви бўлган асални сақлаш сабабли бўлади. Асал нам тортиш хусусиятига эга, шу сабабли асални зич ёпилмаган, ҳаво намлиги юқори даражада бўлган жойда сақлаш ундаги сув миқдорини ошишига олиб келади, осмофил ачитқилар активлиги ошиб, асалда ачиш бошланади.
Ачиш бошланишида хушбўй ҳидлиги ошиши кузатилади, сўнгра нордон ҳид пайдо бўлади (асал қизиганда кучаядиган). Асал кўпириб, юзасида кўпик, асал таркибида газли пуффакчалар пайдо бўлади. Бундай асал микроскопия қилинганда ачитқи қўзғатувчилари- дрожжалар аниқланади.
40. Қанд лавлаги қиёмини аниқлаш — асалга лавлаги қиёмини қўшиш органалептик кўрсаткичларни ёмонлаштиради, инвертланган шакар миқдорини ва диастаза активлигини камайтиради. Аралашма ўнга айланиш хусусиятига эга.
Сифат реакцияси.
1:2 нисбатда тайёрланган 5 мл асалнинг сувдаги эритмасига 5 — 10 томчи 5 % кумуш нитрати қўшилади. Аралашманинг лойқаланиши ва оқ чўкманинг ҳосил бўлиши асалда лавлаги қиёми борлигини кўрсатади.
41. Крахмал қиёми қўшимчасини аниқлаш—асалга крахмал қиёми қўшилгандаги ўзгаришлар 40-пунктда кўрсатилган ўзгаришлар билан бир хилда.
Сифат реакцияси.
1:2 нисбатда тайёрланган 5 мл асалнинг сувдаги эритмасига 10 % ли барий хлор эритмаси томчилаб қўшилади. Лойқаланиш ёки оқ чўкмани биринчи томчилари қўшилгандан кейин ҳосил бўлиши асалда крахмал қиёми борлигини кўрсатади.
42. Крахмал ва ун қўшимчаларини аниқлаш — асалга крахмал ва ун қўшилгандаги ўзгаришлар 40-пунктда кўрсатилган ўзгаришлар билан бир хилда
Сифат реакцияси.
1:2 нисбатда тайёрланган 5 мл асалнинг сувдаги эритмасига пробиркада қайнаш даражасигача қиздирилиб, уй ҳарорати даражасигача совутилади ва 3 — 5 томчи йод эритмаси қўшилади.
Бинафша рангни пайдо бўлиши асалда крахмал ёки ун борлигини кўрсатади.
43. Желатин қўшимчасини аниқлаш. Асалга желатин ёпишқоқликни ошириш учун қўшилади. Бунда там ва хушбўйлиги ёмонлашади, фермент активлиги ва инвертланган шакар миқдори пасаяди, оқсил миқдори кўпаяди.
Сифат реакцияси.
1:2 нисбатда тайёрланган 5 мл. асалнинг сувдаги эритмасига 5% танин эритмасидан 5 — 10 томчи қўшилади. Оқ парчаларнинг ҳосил бўлиши асалда желатин борлигини кўрсатади. Озгина лойқаланишни пайдо бўлиши желатинга нисбатан салбий реакция ҳисобланади.
44. Сирач асални аниқлаш.
а) оҳакли реакция. 1:1 нисбатда тайёрланган бир баробар асалнинг сувдаги эритмасига икки баробар оҳакли сув билан аралаштирилади ва қайнаш даражасигача қиздирилади. Сирач асали бўлса, чўкмага тушувчи қўнғир парчалар ҳосил бўлади.
Оҳакли сув тайёрлаш учун бир қисм сўндирилмаган оҳак ва бир қисм сув олинади, эритма 12 соат давомида сақланади (ушбу муддат вақтида 2-3 маротаба аралаштирилади). Суюқликнинг юқори тиниқ қатлами қуйиб олинади ва ушбу реакция учун ишлатилади.
б) Қўрғошин сирка нордони билан реакция. Пробиркага 2 мл 1:1 нисбатда тайёрланган асалнинг сувдаги эритмаси солинади, сўнгра 2 мл. сув ва 5 томчи 25 % ли қўрғошин сирка нордон эритмаси солинади, яхшилаб аралаштирилади ва 80 — 100° С ҳароратдаги сув ҳаммомига 3 минутга қўйилади. Илвиллаган парчалар ҳосил бўлиб, чўкмага тушиши, сирач асалига ижобий реакцияни кўрсатади.
Суюқликни ҳар қандай даражада илвиллаган парчаларсиз лойқаланиши ва чўкма ҳосил бўлмаслиги сирач асалига салбий реакция ҳисобланади.

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ...
Вилоят Давлат ветеринария лабороторияси рахбари Ф.Умаров...
ВЕТЕРИНАРИЯ ТЎҒРИСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: