volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » Фермерлар учун тавсиялар

Фермерлар учун тавсиялар

Фермерлар учун тавсияларҚоракўлчиликда қишлов мавсуми энг муҳим ва масъулиятли даврдир. Чунки, қишловни муваффақиятли якунлашда нафақат қўйларни сон жиҳатдан беталофат сақланишини таъминлашга, балки уларни физиологик ҳолатига ҳам эътибор кучайтирилишини талаб этади. Айниқса, қишловнинг охирги кунлари тўғридан-тўғри совлиқларнинг қўзиланишига уланиб кетади ва буғоз, қўзилаган совлиқлар ҳамда янги туғилган қўзилар парваришида алоҳида эътибор талаб этади.
Қишлов мавсумида қўйларни парваришлашда уларнинг ёши, ранги ва тана тузилишига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ёш моллар совуққа нисбатан чидамсиз бўлишини инобатга олиб, уларга тегишли шароитлар яратиш талаб этилади. Оч тусли (оқ, кўк, сур) ва нозик жуссали қўйлар тўқ тусли (қора) ҳамда мустаҳкам ва дағал жуссали қўйларга нисбатан иссиққа талабчан бўлади.
Шу боис уларни алоҳида гуруҳларга ажратиб, тегишли шарт-шароитлар яратиш зарур. Қуёш чиқиб, ҳарорат бироз кўтарилгандан кейин отар яйловга ҳайдалади. Яйлов ҳосилдорлиги ҳамда яйловда боқиш давомийлигига боғлиқ ҳолда шароитдан келиб чиқиб, зарур ҳолларда қўйларни 1,2–1,3 кг қуруқ озуқалар аралашмаси ҳисобида қўшимча озиқлантириш лозим.
Ёғин-сочинли ва изғиринли қиш мавсуми – қоракўл қўйлар учун жуда ҳам қийин ўтади. Қоракўл қўйлар совуққа чидамлироқ, намлик ва шамолга эса чидамсиз бўлади. Шунинг учун уларни пастлик яйловларда, баландликдаги яйловларнинг кунгай томонида ҳамда бўтазорларда боқиш мақсадга мувофиқ. Ҳаво ҳарорати паст, шамолли ва ёғингарчилик бўлган пайтларда танани иситиш зарурияти кучайиши ҳисобига қўйлар тирик вазни 10–20 фоизга пасайиши мумкин.
Қиш пайтида айниқса, қор қоплами борлигида асосий озуқа – шувоқ ва бошқа катта пояли ўсимликлар, бўта ярим бўта ўсимликлар ҳисобланади. Бўғоз ва семизлик даражаси ўртачадан паст қўйларнинг об-ҳавонинг кескин ўзгаришига чидамлилигини ошириш мақсадида уларни, албатта, қўшимча озуқалантириш мақсадга мувофиқ. Қишлов даврида асосан дағал озуқалардан фойдаланилади ва зарурат туғилганда кучли озуқалар берилиши талаб этилади. Дағал озуқалар жумласига шувоқ, янтоқ ва каррак пичанлари, сомон ва бошқалар киради. Аммо, ушбу озуқаларнинг ейилувчанлик даражаси 40–50 фоиздан ошмаган ҳолда уларнинг тўйимлилиги ҳам паст. Масалан, янтоқнинг таркибида протеин миқдори унинг вегетация даврида 18,2 фоизни ташкил қилса, қиш мавсумида жамғарилган пичанида бу кўрсаткич 8,5 фоизга тенг бўлади. Каррак таркибида бу кўрсаткич 18 фоиздан 3,6 фоизгача камайиши аниқланган. Демак, уларниниг озуқавий қуввати (озуқа бирлиги) ҳам камаяди.
Шу сабабли қиш мавсумида дағал озуқаларга қайта ишлов бериш талаб этилади. Дағал озуқаларга самарали ишлов беришда механик, кимёвий ва биологик усулларни қўллаш мумкин. Дағал озуқаларнинг ейилувчанлигини ошириш мақсадида, уларни 1–1,5 см узунликда майдалаб, қўйларга беришдан олдин тузли сув билан 2–3 метр квадрат ҳажмли идишда юмшатиш самарали ҳисобланади (1 литр сувга 10–15 грамм туз қўшилади). Шунингдек, дағал озуқалар 1 см узунликда майдаланиб, 1:1 нисбатда намланади ва махсус идишларда буғлатилади. Натижада дағал озуқаларнинг ейилувчанлиги 50 фоизгача ортади. Дағал озуқаларга кимёвий ишлов беришда сўндирилган оҳак ёки каустик сода эритмаларидан фойдаланилади. Дағал озуқаларга 1,5–2 фоизли сўндирилган оҳак эритмаси ёки 1,5–2 фоизли каустик сода эритмаси билан ишлов берилганда ейилувчанлиги 20–25 фоизгача ортади. Айниқса, бу усул сомоннинг ейилувчанлигини 1,5–2 маротабагача ошириш имконини беради.
Қўйчиликда февраль-март ойлари энг масъулиятли давр ҳисобланади. Чунки, бу даврда қўйлар бўғозлигининг охирги ойлари ўтади. Шунинг учун бу пайтда қўйларни доимий назоратда тутиш, уларнинг қисир ва бўғозларини алоҳида гуруҳларга ажратиш мақсадга мувофиқ. Бўғоз қўйларни озиқлантириш ва асрашнинг охирги 45 кунида ҳомиласининг жадал ўсишини ҳисобга олиб амалга ошириш лозим. Қоракўл қўйлар, айниқса, қўзилар паст ҳароратда, музлаган озуқа ва ўта совуқ сув истеъмол қилиши туфайли касаллика учрайди. Бу вазиятда бўғоз совлиқлар бола ташлаши, қўзилар нобуд бўлиши мумкин. Шунинг учун қўйларни ҳар куни қудуқдан тортиб олинган илиқ сув билан суғориш лозим.
Бўғоз совлиқларни қиров тушган ва музлаган яйловларда боқмаслик тавсия этилади. Қиш даврида қўйларнинг тузга бўлган талаби 2–3 марта ортади. Шунинг учун охурларга ҳар бир қўйга 5 грамм ҳисобидан ялама туз қўйиш лозим. Бўғоз совлиқларнинг озуқага бўлган талаби 35–40 % ошишини ҳисобга олиб қўшимча озиқлантириш ҳамда ориқлашига йўл қуймаслик зарур. Акс ҳолда бола ташлаш, сут маҳсулдорлигининг кескин пасайиш оқибатида қўзиларни сақлаб қолишда муаммоли ҳолатлар юзага келади. Ушбу даврда совлиқларни қўзилатиш мавсумига яхши тайёрлаш, ёш қўзили қўйлар учун алоҳида иссиқхона ҳамда уларда озуқа қолдиқларидан тўшамалар ҳозирлаш зарур.
Совлиқларни кечаси музлаган ерда, қорда ва нам жойда қолдириш ўта хавфли. Бундай ҳолда ориқ ва эрта туққан совлиқлар тез шамоллайди. Даврий равишда туғиши яқин совлиқлар сурувлардан ажратилади. Уларнинг елинида сут бор-йўқлиги текшириб борилади. Совлиқлар туғишга 1–3 кун қолганда елини сезиларли катталашиб, қорни осилади, тез-тез безовта бўлади, оёғи билан ер тирнаб, ҳоли жой қидиради ва тез-тез ётади. Туққан қўйларни кунига 0,4–0,5 кг омухта ем ва 1,6–1,8 кг. дан дағал озуқалар билан қўшимча озиқлантиришга алоҳида эътибор бериш керак. Совуқ пайтда совлиқларга қараш учун навбатчилик ташкил қилиниб, нимжон қўзиларни иситиб, усти қуритилади ва илиқ сут берилади. Бу даврда қўйлар кечалари албатта усти ёпиқ қўраларда сақланиши, қўраларнинг устидан нам ўтмаслиги, таги эса қуруқ бўлиши лозим.
Совуқ пайтда қўйларга озуқа қолдиқларини тўшама қилиб ёйиш талаб этилади. Шунингдек, қўйларни озиқлантиришни доимий назорат қилиш, зарур бўлганда 1,2–1,3 кг қуруқ озуқалар 75 фоиз майдаланган дағал хашак, 25 фоиз кучли озуқалар аралашмаси ҳисобида қўшимча озиқлантириш зарур. Қаттиқ совуқ пайт¬да қўйларни яйловга ҳайдамай қўлдан озиқлантириш, қудуқдан янги тортилган илиқ сув билан суғориш лозим. Бунда биринчи навбатда, ёш қўзили совлиқлар учун алоҳида, ҳар бир қўзили совлиққа 1,5 м2 ҳисобидан иссиқхона тайёрланади. Совлиқларни қўзилатиш учун отарга яқин, серўт ва қумоқ тупроқли текис жойлар танланади. Улар иссиқлик таъсирида тез қизиб, ўсимликлари жадал ривожланади. Қўзилар ҳаётининг дастлабки ойида деярли озиқ моддаларни она сути орқали олади.
Туққан қўйлар сақмон (кичик гуруҳ) ларга ажратилади. Бу қўзиларнинг яхши ўсиб-ривожланишини таъминлашга хизмат қилади. Бунда туғилиш ёшига қараб: 3 кунликкача бўлган қўзилар 10–30, 3–10 кунлик қўзилар 30–50, 10 кунликдан каттаси 120–140 бошдан сақмонларга ажратилиши мақбулдир. Бундай ҳолатда сақмонда ҳар куни 3–4 марта «она-бола» тадбирини ўтказиш қулайдир. Бу тадбир қўзиларни оналаридан адашиб, оч қолмаслигини таъминлайди. Қўзили қўйларни иложи борича чучук сув билан суғориш зарур, чунки таркибида туз кўп шўр сув билан суғориш қўзиларда ич кетиш касалини чақириши мумкин. Қўзили совлиқларни яйловда эфемерлар пайдо бўлгандан кейин иложи борича кўк ўтли яхши яйловларда боқиб, ўз вақтида суғорилади ва вақти-вақти билан дам берилади.
Қўзили совлиқларни яйловда боқилганда уларга ҳар 2 соатда қўзиларини эмизиш учун дам берилади. Нимжон қўзилар эса онаси билан қўра атрофида қолдирилади. Зарурат туғилганда улар қўшимча озиқлантирилади. Улар қувватга кириб, тетиклашган сайин очиқ яйловларга ҳайдалади. Қўзилар ўсиб-ривожлана борган сари улар яйлов ўтини тобора кўпроқ истеъмол қила бошлайди. Барча ёшдаги қўзиларни очиқ яйловларга барвақт чиқариш уларнинг яхши ривожланишига ёрдам беради.
Шунингдек, қўзилар ҳаётининг дастлабки 30–45 куни мобайнида, асосан, онасининг сути билан озиқланади. Қўзиларни 4–4,5 ой давомида онаси сути билан табиий равишда озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга. Баҳор фаслининг апрел ойида мустаҳкам конституция¬ли қўйлар кунига ўрта ҳисобда 6,4 –10,7 кг кўк масса ёки 1,6 –2,1 кг қуруқ масса истеъмол қилади. Баҳорги қирқим бошлангунча қўзили совлиқлар кечаси боқишга ўтказилади. Қўйларга зооветеринария профилактик тадбирлари лозим бўлса, эрталаб ёки суғориш пайтида эмлаш ишлари ўтказилади. Зарурат туғилса қўзиси қоракўл терига жўнатилган совлиққа бошқа қўзи солинади. Қўзилаган совлиқлар алоҳида сақмон (гуруҳ)ларга ажратиб парваришланганда сақмонлар қуйидаги тартибда ташкил этилади: 2–5 кунлик, 6–10 кунлик, 11–15 кунлик, 16–20 кунлик. Нимжон қўзили совлиқлар алоҳида сақмонларга ажратилади. Кичик сақмонларда бир кунда 3–4 марта «она-бола» тадбири ўтказилади.
Қўзили совлиқлар яйловда боқилганда уларга ҳар 2 соатда қўзиларини эмизиш учун дам берилади. Туққан совлиқларни 15–20 кунлик қўзилари билан сутка давомида боқиб, ҳар куни суғорилади. Суғориш пайтида қўй ва қўзилар кўздан кечирилади, зарур бўлса эмланади. Қўзили қўйлар иссиқдан сақланади. Сақмонларни яйловга эрталаб қуёш чиқишидан олдин ҳайдалади ва кечаси 10–1100 гача орада дам бериб борилади, қирқим бошлангунча кечаси боқишга ўтказилади. Ҳосили паст яйловда кечаси боқишга 8–10 кунлик, юқори ҳосилли яйловга эса 20–25 кунлик қўзили қўйлар ўтказилади. Сақмондаги қўйлар кунига бир марта, иссиқ пайтда икки марта суғорилади. «Мари» қўйларидан кунига 0,3–0,7, лактация даврида эса 35–45 л сут соғиб олиш мумкин.
Қўйларнинг энг юқори сутдорлиги биринчи икки ойда кузатилади. Қўзили совлиқларни иложи борича кўк ўтли яхши яйловларда боқиб, ўз вақтида суғорилади. Уларга вақти-вақти билан дам берилади. Баъзан қўзиларни бошқа она қўйларга эмдириш зарурати туғилган ҳолларда қўзиларни қўзилари териси учун сўйилган совлиқлар ёнига қўйиб қўйилади. Бунда улар алоҳида катаклар ёки чуқурларга битта-биттадан жойлаштирилади ёки махсус мосламаларда парвариш қилиб борилади. Қўзиларнинг яхши ўсиб-ривожланишини таъминлаш учун ёшига қараб: 3 кунликкача бўлган қўзилар 10–30, 3–10 кунлик қўзилар 30–50, 10 кунликдан каттаси 50–200 бошдан сақмонларга ажратилади.
Қўзиларни ўтлатишда қуйидаги талабларга амал қилиш зарур: - сақмондаги қўзиларнинг бошқа сақмондаги қўзилар билан аралашиб кетишига йўл қўймаслик; - қўзилар онасини тез топиб олиши учун сақмонни ҳар куни 2–6 мартадан (қўзилар ёшига қараб) тўплаб «она-бола» қилиш; - бир ойликдан катта қўзиларни кечаси оналари билан бирга ўтлатиш; - қўзиларни ҳайдалган ерлар ва юмшоқ тупроқда ўтлатмаслик (қўзилар тупроқ ейди ва шундан кейин кўпинча нобуд бўлади); - қўзиларнинг нам ерда, айниқса, ёмғирдан кейин ётишига йўл қўймаслик (акс ҳолда, улар шамоллаб касал бўлиб қолиши мумкин); - нимжон ҳамда наслчиликда фойдаланиш учун мўлжалланган қўзиларга 1–2 ойлигидан бошлаб қўшимча равишда ҳар бош қўзига 150–200 г. дан (яйловларнинг ҳолатига қараб) концентратлар бериб туриш. Қўзиларни ўтлатиш учун тупроғи тез қизийдиган, серқум ва совуқ шамолларни тўсувчи табиий ҳимояси бор жойлар танланади. Нимжон қўзилар эса қўра атрофида қолдирилади. Улар қувватга кириб, тетиклашган сайин очиқ яйловларга ҳайдалади. Барча ёшдаги қўзиларни очиқ яйловларга барвақт чиқариш қўзиларнинг яхши ривожланишига ёрдам беради.
Наслчилик заводларида қўзиларни баҳолаш яккама-якка тартибда ўтказилади. Бунда қўзиларнинг келиб чиқиши аниқланиб, махсус бонитировка журналида кўрсатилган барча муҳим белгилар бўйича баҳоланиши ва натижалар тегишли қайдномаларда қайд этилиши лозим. Қайд дафтарига қўзиларнинг синфи, гул ўлчами, типи, узунлиги, жун тола сифати ва алоҳида сирға рақамини ёзиб қўйишни унутмаслик керак. Қўзилар қоракўл тери учун 1–3 кунлигида, тегисининг гул сифати тез ўзгармайдиганлари 5–6 кунлигида сўйилади. Қоракўл терилар андоза талабидаги туз билан (1 қоракўл терига 600–800 г ҳисобида) тузланади. Қоракўл терилар жун толаси қисмини мездра қисмига қаратиб тахлаб 6–8 кун сақланади (70–100 донадан). Юқорида кўрсатилган чора-тадбирлар амалга оширилганда қўйларни қишлов мавсумидан нафақат миқдор жиҳатдан балки, физиологик соғлом ҳолатда олиб чиқиш ва улардан соғлом насл, сифатли қоракўл тери ва жун маҳсулотлари олиш имконияти яратилади.
Ш.Аллаёров

Маълумотни таҳрирлади: info - 27-07-2016, 14:59

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Тўл мавсумига пухта тайёрланиб, қўйлар учун махсус иссиқхоналар ҳозирлаш лозим....
Қўйчилик – чорвачиликнинг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Республикамизда...
Вилоятимизда чорвачилик билан шуғуланувчи фермер хўжаликлари сони йилдан-йилга...
Чорвачиликнинг ҳар бир тури ўзига хос масъулиятли давр ёки мавсумларга эга....
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: