volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » Кузги шудгорни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар

Кузги шудгорни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар

Кузги шудгорни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар
Ота-боболаримиз «Кузги шудгор – бошқаси бекор», «Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда», деб бекорга айтишмаган. Зеро, экинлардан мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгорлашнинг аҳамияти катта.

Фермер, агроном ва механизаторлар мазкур агротехник талабларни тўла қондирилиши учун қуйидаги тадбирларни сифатли бажарилишига алоҳида эътибор беришлари лозим.

Ерларни ҳайдовга тайёрлаш. Далалар ғўзапоя ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан тозаланиши, суғориш ариқлари текисланиши ва тупроққа зарур миқдордаги маҳаллий ва минерал ўғитлар солиниши керак. ўўзапояларни юлишда КВ-4,0 ва КВ-3,6 юлгичлардан, уларни майдалаб далага сочиб юборишда эса КИ-1,2 ва КИ-1,8 каби махсус майдалагичлардан фойдаланилади. Маҳаллий ўғитларни солишда РТО-4, РОУ-6, минерал ўғитларни сепишда эса 1-РМГ-4, РУМ-5, НРУ-0,5, РМС-6 машиналар ишлатилади. Далаларни кўп йиллик илдизпояли бегона ўтлардан тозалаш учун тупроқ қатламлари ағдаргичлари олинган плуглар билан 18–20 см чуқурликда юмшатилади, тупроқ ичидаги ва юзасидаги илдизлар чизел, култиватор ва бороналар билан йиғиб олинади. Уларнинг ишчи органларига ўралиб қолган ўтлар даланинг охирида қўл билан тозалаб олиниши шарт, акс ҳолда ўтлар ерга тушиб, бутун далага тарқалиб кетади. Шўра, итузум, курмак каби бир йиллик ва ажриқ, ғумай, қўйпечак сингари кўп йиллик бегона ўтларга қарши курашда рухсат этилган гербицидлардан фойдаланилади. Гербицид эритмаси шудгорлашдан олдин ОВХ-600 ёки VP-1 вентиляторли пуркагич ёрдамида сепилади.

Тупроқнинг намлиги 16–18 фоиз атрофида бўлиши керак: палахсалар яхши майдаланади, плугнинг ишчи органларига ёпишмайди, ёнилғи сарфи камаяди ва иш унуми ошади. Тупроқ нами етарли бўлмаса, далани суғориш талаб этилади.

Плугларни ишга тайёрлаш ва созлаш. Ерни сифатли ҳамда тежамли шудгорлаш учун ҳайдов агрегати албатта иш олди кўригидан ўтказилиши лозим. Плуг текис майдончага қўйилади, барча иш органларининг мавжудлиги, лемех тиғларининг ўткирланганлиги ва майдонча юзасига параллелиги ҳамда бирдек тегиб туриши, корпусларнинг баландликлари, улар орасидаги масофаларнинг бир хиллиги ва дала тахталарининг ҳаракат йўналишига параллеллиги текшириб кўрилади. Бунда лемехнинг учи майдончадан кўпи билан 10 мм кўтарилиб туриши мумкин, холос.

Лемехларнинг шакли ва ўлчамлари андоза билан текширилади: бунда лемех тиғининг узунлиги андоза ўлчамларидан 15 мм, елкасининг узунлиги 10 мм ва лемехнинг эни 5 мм гача катта ёки кичик бўлиши мумкин; ағдаргич ва лемехнинг дала томонидаги четлари битта вертикал текисликда ётиши лозим. Ағдаргич дала четининг юқориги нуқтаси эгат томонга кўпи билан 10 мм оғиши мумкин. Лемехнинг ағдаргич билан туташган жойида кўпи билан 1 мм тирқиш бўлишига йўл қўйилади; шу жойда лемех ағдаргичдан кўпи билан 2 мм кўтарилиб турилиши мумкин; ағдаргичнинг лемехдан кўтариб турилишига йўл қўйилмайди. Бу шартлар бажарилмаса, корпусга тупроқ ёпишиб, плугнинг тортишга қаршилиги ошади. Қўлбола лемех ёки ағдаргични ишлатиш мумкин эмас!

Икки ярусли ПЯ-3-35, ПД-4-45, ПНЯ-4+1-45 плугларда уларнинг юқориги ярус корпуслари пастки ярус корпусларига нисбатан 45–55 см олдинга ва плуг рамаси бўйлама брусларининг чап томонига жойлаштирилиши даркор. Ҳайдов чуқурлиги 30 см бўлганда юқориги ярус корпуслари пастки, 30 см дан кўп бўлса юқориги ҳолатга ўрнатилади.

ПН-4-35, ПЛН-5-35, ЛД-100 русумли плугларда чимқирқар асосий корпусдан 25–30 см олдинда туриши, унинг ҳайдаш чуқурлиги 10–12 см оралиқда бўлиши керак.

Тиркама ПЯ-3-35 плугларда ҳайдаш чуқурлиги уларнинг дала механизми штурвалини айлантириб, ўрнатма плугларда эса таянч ғилдирагини баланд­лик бўйича силжитиб соз­ланади.
Кузги шудгорни сифатли ўтказиш бўйича тавсиялар
Плуг рамаси дала юзига параллел ҳолда жойлашиши керак. Бунга осма плугларда тракторнинг осиш қурилмасини тўғри созлаш йўли билан эришилади. Раманинг бўйлама оғиши осиш қурилмасининг юқориги марказий тортқисини узайтириб ёки қисқартириб, кўндаланг оғиши эса пастки бўйлама тортқилар кашаклари узунлигини ўзгартириб ростланади.

Тиркама плугларда раманинг бўйлама текисликка параллелиги плуг тортқисини пасайтиргичларга тўғри улаш, кўндаланг текисликка параллелиги эса плуг эгат ғилдирагини кўтариш ёки тушириш йўли билан созланади.

Корпуслари айланадиган плуглардан фойдаланилса, бутун пайкал бўйлаб тупроқни бир хил чуқурликда ва бир текис ҳайдалишига, бегона ўтлар ва ўсимлик қолдиқларини чуқур кўмилишига эришилади.

Ҳайдовни ташкил этиш қоидалари. Ерларни ПЯ-3-35, ПД-4-45, ПНЯ-4+1-45, ПН-4-45, ПЛН-5-35 плуглари билан ҳайдашдан олдин дала кенглиги 40–50 метрли тахталарга бўлинади ва ҳар қайси тахтада агрегатнинг иш йўли белгилаб чиқилади.

Тахталар ичкарига ёки ташқарига ағдариб ҳайдалиши мумкин. Ичкарига ағдариб ҳайдашда шудгорлаш тахтанинг ўртасидан бошланиб, даланинг охирига етганда плуг ўнг томонга бурилади ва тупроқ биринчи ҳайдалган томонга ағдарилади. Тахтанинг ўртасида марза (пушта) ҳосил бўлади. Кейинги ҳайдашлар шу йўсинда давом эттирилиб, тупроқ ҳамма вақт пушта томонга ағдарилади.

Ташқарига ағдариб ҳайдашда плуг тахтанинг ўнг чеккасидан бошлаб, охирига етганда чапга айланади ва тахтанинг чап чеккасини ҳайдашни давом эттиради. Шу тариқа агрегат тахта ўртасига яқинлашади ва эгат ҳосил бўлади.

Ичкарига ағдариб ҳайдаш учун агрегатнинг биринчи ўтишида плугнинг биринчи корпуси дала юзига сирпаниб юрадиган, охирги корпуси эса белгиланган чуқурликда ишлайдиган этиб ростланади. Агрегатнинг иккинчи ўтишида биринчи корпус ҳам белгиланган чуқурликда ишлайди ва у биринчи ўтишда охиргидан олдинги корпус юрган издан юргизилади. Учинчи ўтишда ер одатдагидек ҳайдалади.

Ер айланма плуглар билан ҳайдалганда дала тахталарга бўлинмайди, чунки уларнинг корпуслари ўнгга ва чапга ағдарадиган бўлганлиги учун дала бир чеккадан ҳайдалаверади.

«Магнум» тракторлари ЛД-100 плуглар билан ишлатилганда биринчи корпус қамров кенглигини тракторнинг орқанги ғилдираклари орасидаги масофани ўзгартириб ҳам тўғрилаш мумкин. Бу плуг тракторни дала ёки ҳайдов томонга тортишини созлайдиган қурилма билан жиҳозланган. Агар иш жараёнида трактор дала томонга тортса ушбу қурилма винти узайтирилади, ҳайдов томонга тортганда эса калтайтирилади.

Ерларни икки ярусли плуглар билан шудгорлаш қўйилган агротехника талабларига тўла жавоб беради, чунки бундай плуглар тупроқ ҳайдов қатламини икки қисмга (ярусга) ажратиб ва улар ўринларини алмаштириб ағдаради: юқориги унумдор, озиқа моддаларга бой қисм пастга, озиқа моддалари қашшоқлашган унумсиз пастки қисм тепага ағдарилади. Бунда солинган ўғитлар, ўсимлик қолдиқлари, бегона ўтлар ва уларнинг уруғларини чуқур кўмилиши таъминланади. Икки ярусли плуглар билан шудгор қилинган далаларда бегона ўтларнинг униб чиқиши 2–3 баравар камаяди, пахта ҳосилдорлиги гектарига 2–3 центнерга ошади.

Кам унум, қум ва шағал қатлами мавжуд ерларда ҳайдов чуқурлиги шундай танланиши керакки, токи бунда қум билан шағал ер бетига ағдарилиб чиқмайдиган бўлсин.

agro.uz

Маълумотни таҳрирлади: info - 1-11-2017, 20:03
Сабаби: Esanov Nurbek Adil o'g'li

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Кузги буғдойдан юқори ва сифатли дон ҳосили олишнинг асосий омиллари – бу уруғ экиш...
Кузги буғдойдан юқори ва сифатли дон ҳосили олишнинг асосий омиллари – бу уруғ экиш...
Тупроқ унумдорлигини тиклашда, минерал ўғитларнинг самарадорлигини, қишлоқ хўжалик...
Ерларни кузда шудгорлашнинг ўзига хос афзалликлари бор....
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: