volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » ТЕКШИРИШЛАРНИ ҚИСҚАРТИРИШ, НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ЭРКИНЛАШТИРИШ

ТЕКШИРИШЛАРНИ ҚИСҚАРТИРИШ, НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ЭРКИНЛАШТИРИШ

 ТЕКШИРИШЛАРНИ ҚИСҚАРТИРИШ, НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ЭРКИНЛАШТИРИШ

Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 15 майдаги "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ҳамда ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни тугатиш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотда, жумладан, хориж сармояси иштирокидаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ҳамда рағбатлар яратиш билан бир қаторда, соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб бергани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Фармонга мувофиқ хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналиши бўйича жорий йилда амалга ошириладиган ўттиз учта аниқ чора-тадбирни кўзда тутувчи комплекс Дастур тасдиқланган эди.
Чора-тадбирлар дастурида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, 2015 йил 20 август куни "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши ушбу чора-тадбирларнинг мантиқий давоми ва ҳуқуқий асоси бўлди.
Мазкур қонуннинг мақсади хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, шунингдек, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини ошириш ҳисобланади. Хусусан, агар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) илк маротаба содир этиб, жиноят аниқланган кундан 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ҳамда бошқа молиявий жарима турларини тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаслиги ва шахс жавобгарликдан озод этилишини назарда тутувчи тартиб жорий қилинди. Савдо-сотиқ қоидалари, савдо ҳамда воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилганлиги, айниқса, муҳим аҳамиятга эгадир.
Айрим мансабдор шахсларнинг турли баҳоналарни рўкач қилиб, тадбиркорни ноқонуний равишда овора қилиши, тирноқ остидан кир қидириши бизнесни ривожлантиришга тўсиқ ҳисобланади. Қонунда ана шундай аралашувларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада жавобгарлик чоралари кучайтирилиб, мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида тадбиркорга етказилган зарар тўлиқ қопланиши белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва ноқонуний аралашиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгиловчи алоҳида боб киритилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган 131-бобига хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарликни акс эттирган 1921-19211-моддалар киритилдики, бу албатта, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга кўмаклашади.
Шунингдек, қонун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйишни соддалаштириш ва уларга қўшимча имкониятларни тақдим қилиши билан аҳамиятлидир. Мисол учун, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар, кафолатлар ҳамда ҳуқуқлар ваколатли органларга ва ташкилотларга (давлат солиқ, божхона хизмати органларига, давлат статистика органларига, банкларга ҳамда бошқаларга) ёзма равишдаги мурожаатсиз берилади. Амалдаги қонунчиликда, албатта, тадбиркорлик субъекти бу ҳақда мурожаат этиши талаб қилинар эди.
Эндиликда кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференцияларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестрида эълон қилинади ҳамда доимий равишда янгилаб борилади.
Таъкидлаш лозимки, тадбиркорликка тўсиқ бўлаётган энг катта муаммолардан бири тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашувдир. Текширишлар сони йилдан-йилга камайтирилиб, тадбиркорлар фаолиятига аралашувлар кескин қисқараётган бўлса-да, назорат қилувчи органларнинг баъзи ходимлари ҳануз текширишларни ўтказишда қонунни бузишмоқда. Шу йилнинг биринчи чорагида назорат қилувчи органлар томонидан 99 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти ноқонуний текширилгани ва бу жараёнда 1200 дан ортиқ ҳолатда тартиб бузилгани аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 36 нафар айбдор шахс жавобгарликка тортилиб, назорат қилувчи органларнинг 23 та ноқонуний қарори бекор қилинган. Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 193 та таъсир чораси қўлланган.
"Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 39-моддасига киритилган ўзгартишларга кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан режали тартибда кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар эса кўпи билан уч йилда бир марта, фақат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан ўтказилиши мумкин. Шунингдек, хусусий банк ва бошқа хусусий молия институтларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар эса кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилиши белгиланди.
Эътиборлиси, янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди.
Киритилган ўзгартишларга кўра, текширишлар ўтказиш муддатларининг қисқарганлиги айниқса муҳим аҳамиятга эгадир. Жумладан, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширувлардан ўтказиш муддатлари ўттиз календарь кундан ошмаслиги белгилаб қўйилди. Фақатгина алоҳида ҳолларда бу муддат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан узайтирилиши мумкин, лекин бунда кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш муддати ҳар қандай ҳолатда ҳам ўттиз календарь кундан ошиши мумкин эмас. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни ўтказиш муддатлари ўн календарь кундан ошмаслигининг белгиланиши тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштиришга, бизнес иқлимини ривожлантиришга қаратилганлиги билан ўта аҳамиятлидир.
Текшириш жараёнида шуни асло унутмаслик лозимки, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ўтказилаётган текширувлари уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун тўсиқларни юзага келтирмаслиги керак.
Шу билан бирга, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширувлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилишининг қонунда белгиланиши тадбиркорлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган яна бир муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Бунда текшириш бошланишидан олдин, текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ёки унинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади. Адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқининг рад этилиши тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни текширувнинг кейинги босқичларига жалб этиш учун монелик қилмайди.
Қонунда белгилаб қўйилдики, тадбиркорлик фаолияти субъектлари текширув ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларнинг текширув ўтказишига йўл қўймаслик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг ўз ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича қўйган талабларини бажармаслик ҳамда текширув предметига тааллуқли бўлмаган материаллар билан уларни таништирмаслик ҳуқуқига эга ҳисобланади. Текширувлар натижалари далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштирилиб, текшириш тугаган куни унинг бир нусхаси текширилаётган тадбиркорлик фаолияти субъектида қолдирилади.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам мамлакатда ишбилармонлик муҳитини кенгайтиришга, тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бу борадаги қонунчиликни эркинлаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир
 ТЕКШИРИШЛАРНИ ҚИСҚАРТИРИШ, НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ЭРКИНЛАШТИРИШ
Жумладан, кодекснинг 108-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, жарима тарзидаги молиявий санкциялар унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш ёхуд тайинланган жарималарни тўлиқ ёки қисман қўшиш орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича қўлланилиб, бунда жариманинг узил-кесил миқдори жариманинг юқори миқдори назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган энг кўп миқдордан ошмаслиги белгилаб қўйилди. Ушбу ўзгартиш қилингунга қадар солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, барча ҳуқуқбузарликлар учун жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўшилиб, уларнинг умумий суммасининг юқори миқдори чекланмаган ҳолда ундирилар эди.
Эндиликда жариманинг узил-кесил миқдори жариманинг юқори миқдори назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган энг кўп миқдордан ошмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Қайд этиб ўтиш лозимки, ушбу қоида Солиқ кодексидаги ҳуқуқбузарликларга тааллуқли бўлиб, бошқа қонун ҳужжатларидаги, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги "Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 июндаги "Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 245-сонли қарорида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Масалан, Солиқ кодексининг 113-моддаси биринчи қисмига асосан 10 млн. сўм, 114-моддасининг биринчи қисмига асосан 20 млн. сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 3 млн. сўм миқдорда молиявий жарима қўллаш сўралган бўлса ва бу талаб қаноатлантирилган тақдирда, суд жарима тарзидаги молиявий санкциялар унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш (қоплаш) орқали 20 млн. сўм миқдорда молиявий жарима қўллаши ёхуд тайинланган жарималарни тўлиқ ёки қисман қўшиш орқали 15 млн. сўм миқдорда молиявий жарима қўллаши мумкин.
Олий хўжалик суди томонидан берилган тушунтиришга кўра, ушбу моддага киритилган норма императив (қатъий) характерга эга. Шу боис, агар молиявий жаримани Солиқ кодексининг бир нечта моддасига асосан қўлланилиши сўралса, судлар барча сўралган моддалардаги жарималарни қўшиш йўли билан санкция қўллашлари мумкин эмас.
Илгари, ушбу қонун қабул қилингунга қадар, амалиётда кирим қилинмаган товарлар қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ёки жиноят иши доирасида ҳам давлат даромадига ўтказилган, ҳам кирим қилинмаган товар қиймати ёки яширилган (камайтириб кўрсатилган) тушум суммасига тенг миқдорда жарима солиниб келинар эди. Эндиликда, кодекснинг 114-моддасига киритилган ўзгартишга асосан, кирим қилинмаган товарлар қўзғатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ёки жиноят иши доирасида давлат даромадига ўтказилган тақдирда, кирим қилинмаган товар қиймати ёки яширилган (камайтириб кўрсатилган) тушум суммасига тенг миқдорда жарима ундирилмайди. Яъни, бу билан битта ҳуқуқбузарлик учун битта жавобгарлик қўлланиши тамойили тўлиқ таъминланди.
Шу билан бирга, аваллари ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича тадбиркорлик субъектлари ҳам молиявий жарималарни, ҳам давлат божини тўлаб келган бўлса, эндиликда Солиқ кодексининг 330-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, аризачи ва жавобгар ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича давлат божи тўлашдан озод этилди.
Қайд этиш керакки, ушбу киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлар мулкий манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишига, тадбиркорлик, кичик бизнеснинг жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилишига кўмаклашади. Киритилган норма тадбиркорлар молиявий ҳолатининг ҳаддан ташқари ёмонлашишига йўл қўймасликка қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Солиқ кодексига киритилган энг аҳамиятли янгиликлардан яна бири, қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлган, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, шунингдек, тадбиркорнинг моддий аҳволини инобатга олиб, суд молиявий санкцияни энг кам қисмидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган энг кам миқдорнинг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда қўллашга ҳақли эканлиги ўз ифодасини топди. Бунда масалан, Солиқ кодексининг 113-моддаси биринчи қисмига асосан 10 млн. сўм, 114-моддасининг биринчи қисмига асосан 20 млн. сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан 4 млн.сўм, жами 34 млн. сўм миқдорда молиявий жарима қўллаш сўралган бўлиб, қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлса, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, суд молиявий санкция миқдорини камайтириши мумкин. Бунда молиявий санкция қўлланиши сўралган 34 млн. сўмнинг 25 фоизи, яъни 8,5 млн.сўмдан кам бўлмаслиги лозим. Кўриниб турибдики, буларнинг барчаси мазкур соҳа тараққиётига, тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлашга, назорат органлари масъулиятини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ушбу Қонунда тадбиркорлар учун жуда кўплаб имтиёз ва имкониятлар берилиши билан бир қаторда хусусий тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини кучайтириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, хўжалик судларига назорат қилувчи органнинг шикоят қилинаётган ҳаракати (қарори) ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилди, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача қисқартирилди.
Хўжалик процессуал кодексига киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, мансабдор шахснинг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги иш қисқа муддатларда, яъни ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўрилиши ва ҳал қилув қарори қабул қилиниши белгилаб қўйилди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини одил судлов йўли билан ҳимоя қилишда хўжалик судларининг алоҳида ўрни мавжуд бўлиб, улар назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига турли аралашувларини камайтириш, улар фаолиятининг асоссиз чекланишига йўл қўймаслик каби муҳим вазифаларни амалга ошириб келишмоқда. Масалан, 2014 йилда хўжалик судларида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга доир аризаларнинг 700 тасини қаноатлантириш рад этилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинган.
Хўжалик судларида кўрилаётган ишлар ҳажмининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги тадбиркорларнинг хўжалик судларига нисбатан ишончи тобора ортаётганлигидан далолат беради.
Статистик маълумотларга қараганда, 1996 йилда хўжалик судлари томонидан 11 500 тадан ортиқ иш кўриб чиқилган бўлса, ушбу кўрсаткич 2000 йилда — 33 000 тадан, 2005 йилда — 122 000 тадан, 2010 йилда — 293 000 тадан, 2014 йилда — 263 000 тадан ортиқни ташкил этган.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги Фармонида белгилаб берилган чора-тадбирлар ҳамда 2015 йил 20 августдаги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти янада эркин ривожланишининг, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш имконини беради. Қонун тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат ва бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлашга кўмаклашади. Булар эса хусусий сектор фаолиятини кучайтириш ҳисобига республика иқтисодиётининг шиддат билан ривожланишига кучли туртки бериши шубҳасиз.

fermeruz.uz

Маълумотни таҳрирлади: info - 8-08-2016, 08:22

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинганда,...
Партиялар пленумлари Ўзбекистон Президентлигига номзодлар бўйича таклифларни кўриб...
Маҳсулот сифати ва ҳажми ошмоқда Навоий вилоятининг Зарафшон...
Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: