volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » » Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

савол:

ИНТЕНСИВ БОҒ ҲАҚИДА НИМА БИЛАСИЗ

Жавоб:

 

Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар одамларда ерга, мулкка бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди.

Ер билан тиллашиб, унга меҳр бериб, табиат инъомларининг қадрига етиб яшашнинг завқини ҳамма бирдек ҳис этмайди. Донишманд Суқротнинг «Энг улуғ табиб — меҳнатдир» деган ибораси замиридаги ҳақиқатни англамоқ учун киши аллома бўлиши шарт эмас. Негаки, она ердан меҳрини аямай меҳнат қилган киши бу ҳикматни теран тушунади. Минглаб ороллардан иборат бўлган Японияда тупроқ ташиб, денгиз сувини қуритиб, бир парчагина ер пайдо қилаётган ёки баланд иморатлар томида «деҳқончилик» қилишга мажбур бўлинаётган бир дамда, табиат сийлаган серқуёш Ўзбекистонда бир қанча қишлоқ хўжалиги янгиликлари рўй бермоқда. Соҳа ривожида кундан-кунга янгиланишлар, ислоҳотлар бўй кўрсатмоқда. Бир сўз билан айтганда, ер ўзининг ҳақиқий эгаларини топмоқдаки, буни боғдорчилик соҳасида фаолияти намуна бўлаётган фермерларимиз, миришкор боғбонларимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Кўп учрайдиган саволларга жавоблар
 

Фермерларга яратилаётган кенг имкониятлар уларни янада кўпроқ меҳнат қилишга, изланиш ва янгиликлар яратишга ундамоқда. Қишлоқ хўжалигининг асосий бўғинларидан бири боғдорчиликни ривожлантириш, ҳосилдорликни ошириш, аҳолининг мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар туфайли мевали боғлардан мўл ҳосил олинаётгани ҳам ана шу эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 9 январдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони соҳани ривожлантириш, замонавий усулларни кенг жорий этиш, боғбонларнинг илғор тажрибасини оммалаштиришда янги имкониятлар яратди. Мазкур ҳужжат асосида мева-сабзавот ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун қатор имтиёзлар жорий этилгани фермерларда мулкка эгалик ҳиссини кучайтириб, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда бугунги кунда 14 минг 500 гектарга яқин майдонда интенсив боғлар барпо этилган. Ушбу боғларнинг афзаллиги тез ҳосилга кириши, меваси мўл ва сифатли бўлишидир.

— Меваларнинг янги навларини яратиш, маҳаллий ва интродукция қилинган навларни ўрганиш билан бирга, боғларда тежамкор технологияларни жорий этиш мақсадида хориждан 400 минг дона уруғли меваларнинг пакана ва ярим пакана пайвандтаглари келтирилди, — дейди академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Шермуҳаммад Асадов. — Мазкур пайвандтаглар институт филиаллари ва тажриба хўжаликларида ташкил этилган махсус кўчатхоналарда парваришланмоқда. Институт тизимидаги хўжаликларда 3,5 миллион туп узум, интенсив боғлар учун пакана ва ярим пакана 3 миллион тупга яқин олма кўчати етиштирилаётир.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «Миришкор Сайфиддинова Хонзода» фермер хўжалиги раҳбари Заҳриддин Сайфиддинов пайвандлаш орқали янги нав яратиш, кўчат ва мева етиштириш борасида катта тажриба тўплаган. Дастлаб ўзининг мўъжазгина томорқасида боғдорчилик қилган боғбон 2007 йили 6 гектар майдонда фермер хўжалиги ташкил этди. Бугунги кунда хўжалик 115 гектар майдонда ғаллачилик, боғдорчилик, гулчилик ва кўчатчилик билан шуғулланмоқда. 20 гектар майдонда ташкил этилган интенсив боғда олманинг лигол нави парвариш қилинаётир. Фермер жорий йилда интенсив боғдан 150 тоннадан зиёд олма териб олди. Даромад ҳисобидан хўжалик учун зарур ҳайдов трактори ва экскаватор харид қилди.

Қўли очиқнинг йўли очиқ, деган ҳикматга амал қилган фермер туманда ўтказиладиган турли хайр-саховат тадбирларига ҳомийлик қилиб, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқда. Ўтган йилги даромаддан болалар спортини ривожлантиришга 10 миллион сўмлик ёрдам кўрсатган фермер байрам кунлари кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларни моддий қўллаб-қувватлашни канда қилмайди.

— Ниҳол баравж ўсиши учун кўчат экилган майдондаги қатор оралари эрта баҳорда 40-45 сантиметр чуқурликда ҳайдалиб, тупроғи майдаланади, — дейди фермер. — Шундан сўнг ҳар туп кўчат атрофига 200 граммдан азотли ва фосфорли ўғит сепилиб, тупроғи юмшатилади. Бу юмушлар намликни меъёрида сақлашга ёрдам беради. Куз-қиш даврида кўчатларга шакл бериш, буташ ва ўғитлар билан озиқлантириб бориш ҳам муҳим тадбирлардан.

Мамлакатимизда барпо этилаётган янги боғлар нафақат меваси, балки табиий яшилликни, атроф-муҳит мусаффолигини асрашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Юртимизда боғлар қанча кўпайса, дастурхонимиз ҳам шунча тўкин, нарх-наво арзон бўлади. Энг муҳими, фарзандларимиз табиий маҳсулот истеъмол қилади, бу уларнинг соғлом ва бақувват бўлиб ўсишида асосий омиллардан биридир
Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1989 йилда, яъни собиқ Иттифоқ давридаёқ, юртимизда қишлоқ аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг даромадларини ошириш ва мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида аҳолига томорқа бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган эди.

Бугун шиддат билан ўзгараётган дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси ортиб бораётган, сув тошқини, қурғоқчилик каби табиат инжиқликлари оқибатида айрим мамлакатлар қишлоқ хўжалигига катта зарар етаётган, озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси 40-50 фоизга ошиши башорат қилинаётган, умуман олганда, дунё озиқ-овқат балансида бир қатор номутаносибликлар юзага келаётган бир шароитда Юртбошимиз томонидан ўша пайтдаёқ нақадар узоқни кўзлаб қарор қабул қилинганлигига ҳар биримиз амин бўлаяпмиз. Мазкур йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳа мамлакатимизда ерни унга ишлов берадиган эгасига бериш ва маҳсулотларни кўпайтириш йўлидаги илк қадамлардан бири эди. Натижада республикамизда 1,5 млн. оила томорқа участкаларини кенгайтириш, 500 мингдан ортиқ оила эса янги томорқа ери олиш имкониятига эга бўлган. Демак, жами 2 миллиондан ортиқ оила, яъни ўртача 10 млн. дан зиёд қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий муаммоси ўз вақтида ижобий ҳал этилган эди.

Бугунга келиб, олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида пахта майдонлари 1,3 млн. гектаргача қисқартирилди, ғалла майдонлари 1,1 млн. гектарга етказилди. Пахтадан бўшаган ерларда янги боғ ва узумзорлар барпо этила бошланди, сабзавот, полиз ва озуқа экинларининг майдонлари кенгайди.

— Интенсив боғларда асосан олма кўчатлари кўп экилади, — дейди чинозлик боғбон-фермер Салим Обидхўжаев. — Сабаби олма тез ҳосилга киради, гектарига кўчат сони 2000-2500 донадан экилади. Ҳосилдорлик юқори бўлади. Бунда экилаётган олма навлари пайвандтагга пайванд қилиниб, кўчатзорларда кўпайтирилиб, экилади. Интенсив мевали боғларда экилаётган олма кўчатларининг асосий навлари давлат реестрига киритилган Голден Делишес, Старкримсон, Ренет Симиренко ва бошқалардир. Ўзимизнинг саккиз гектарлик интенсив боғимизда ҳам шу навлардан экилган. Пакана пайвандтагда ўстирилаётган олма навлари иккинчи йилдан ҳосил бера бошлайди ҳамда тўртинчи, бешинчи йилдан гектар ҳисобига 40-60 тонна мева олинади.

Пакана пайвандтагдаги олма кўчатининг бир тупи 20-25 килограммгача ҳосил беради, 18-20 йил яшайди. Ярим пакана пайвандтагда ўстириладиган олма кўчатларининг бир тупи 45-50 кило ва ундан ҳам кўп ҳосил беради. 1 гектардан 30-40 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Бундай мевали боғларнинг ҳар бир гектаридан 50-70 центнергача олма олишга эришилади. Ушбу кўчатларнинг илдизлари тупроқ устига яқин жойлашган ва сувга талабчан. Шу боис тупроқда намлик меъёрида бўлиши керак. Бунинг учун улар томчилатиб суғориш тизимига ўтказилса, кўчатлар яхши ўсиб, тез ривожланади. Бу соҳада яна бир аҳамиятли жиҳатни эътибордан соқит қилмаслик лозим. Томчилатиб суғориш тизими қўлланганда нисбатан 30-40 фоизгача кам сув сарфланади, минерал ўғитлар 50 фоизгача иқтисод қилинади.

Олманинг «Малика», «Қизил тарам олма», «Нафис», нокнинг «Сари гўзал», «Салом-2», «Тўёна», шафтолининг «Муяссар», ўрикнинг «Боборажабий», «Оқ қантак», қулупнайнинг «Редгоунлет», «Ўзбекистон гўзали», қорағатнинг «Сиюма», «Ирода», гилоснинг «Баҳор», узумнинг «Кишмиш сўғдиёна», «Кишмиш теракли», «Самарқанд» каби навлари ҳосилдорлиги, тезпишарлиги туфайли фермерларга маъқул келмоқда.

Бугун мамлакатда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Туркия ва МДҲ мамлакатларига кенг экспорт қилинмоқда.

 
манба; fermeruz.uz

 

савол:



УЗУМ ҲАҚИДА НИМА БИЛАСИЗ?

Жавоб:

Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Узумчилик нафақат республикамиз қишлоқ хўжалигининг энг қадимий ва сердаромад тармоғи, балки миришкор халқимизнинг севган касб-корларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўлкамизда етиштирилган узум навлари чиройли ташқи кўриниши, серширалиги, хуштаъмлиги билан дунёга машҳурдир.

Юртимиз ҳўл мевалар етиштириш билан бир қаторда қуруқ мева ва майиз етиштиришда жаҳон миқёсида етакчилик қилади.

Ўзбекистон Давлат реестрига мувофиқ бугунги кунда республикамиз ҳудудида қуйидаги узум навлари экишга тавсия этилган:

Алеатико, Андижонча қора, Гўзал қора, Баян ширей, Жанжал қора, Каттақўрғон, Оқ кишмиш, Кишмиш Ботир, Кишмиш ВИР, Пушти кишмиш, Хушрўй кишмиш, Қора кишмиш, Май қораси, Морастел, Александрия мускати, Венгрия мускати, Ўзбекистон мускати, Нимранг, Олтиндай, Паркент, Эртаги Шредер, Рангдор, Рислинг, Ризамат ота, Ркацители, Саперави, Сояки, Султоний, Китоб Сурхоки, Пушти Тойифи, Тарнов, Тошкентча, Қизил хурмоли, Оқ ҳусайни.

Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Тупроқни тайёрлаш

Токларнинг яхши ўсиши, ҳосилдорлиги ерни сифатли ишлашга боғлиқ.

Бунда ёш боғ қатор ораларига чопиқ қилинадиган экинлар экиш яхши натижа беради. Тупроқ донадорлиги, унинг унумдорлигини оширишда боғ қатор ораларига кўкат ўғит (сидерат) экиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳосилдор боғлар тупроғи кузда 25-30 см. чуқурликда шудгорланади. Шудгор эрта баҳорда дискли боронада бороналанади. Шахсий томорқа боғларида эса дарахт атрофи, туп оралари чуқур қилиб чопилади.

Шудгор эрта баҳорда бороналанмаса, тупроқ намининг бир қисми тезда буғланиб, намлик захираси камаяди. Ўсув даврида боғлар тупроғи вақти-вақти билан юмшатиб турилади, бегона ўтлардан тозаланади. Баҳорда қатор оралари ҳайдаб қўйилган бўлса, дарахтлар гуллаганидан сўнг (апрель-май ойларида) культивация қилинади. Тупроқ қаттиқлашиб, ўт босиб кетган бўлса, бороналаш билан бирга, чизель бостирилади.

Ёз давомида боғ қатор ва туп ораларининг тупроғи 10-12 см. чуқурликда икки-тўрт марта юмшатилади. Бу иш август охирларига бориб, тўхтатилади.

Ёш боғлардаги, шунингдек, тош-шағалли ва ер ости сувлари яқин бўлган ерларга экилган дарахтлар илдизи, асосан, тупроқнинг юза қатламига жойлашган бўлади. Шунинг учун бундай ерлар юзароқ ҳайдалади ёки чопилади. Катта ёшдаги дарахтларнинг асосий илдизлари танадан анча йироқроқ ва чуқурроқда бўлганлиги сабабли қатор оралари чуқурроқ ҳайдалади ёки чопилади. Ҳар бир суғоришдан сўнг ер етилгач, боғ қаторлари ва туп оралари юмшатилади. Кузда боғларга ўғит солиниб, сўнг ҳайдаб қўйилади. Эрта баҳорда ер етилиши билан боғ қатор ва дарахт тупи оралари чопиб юмшатилади. Суғориш учун эгатлар олинади.

Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Боғларга дармон — ўғитлаш

Боғларни ўғитлаш ўсимлик озиқланишини тартибга солишдаги энг муҳим тадбирлардан бўлиб, боғлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Мева дарахтлари бир жойда 40-50 йил ва ундан ҳам кўпроқ яшаб, мева беради, тупроқдаги озиқ моддаларнинг кўпчилигини ўзлаштиради. Тажрибаларда аниқланишича, тупроқда озиқ моддаларнинг етишмаслиги натижасида ўсимликлар яхши ривожланмайди, барглари майдалашиб, оқиш рангга киради, мевалари сифатсиз бўлади, ҳосил кескин камаяди. Ўсимликнинг ташқи белгиларига қараб, унинг қайси озиқ моддаларга талабчанлигини аниқлаш мумкин. Масалан, азот етишмаганида ўсимлик секин ўсади, барглари capғиш тус олади. Фосфор камлигида ўсимлик заифлашади, барглари бужмайган тусга киради. Калий кам бўлса, ўсимлик турли касалликларга тез чалинади, баргларида куйганга ўхшаш жигарранг доғлар пайдо бўлади. Кальций етишмовчилигида, баргларда қўнғир доғлар ҳосил бўлади. Темир танқислигида, барглар сарғаяди, хлороз рўй беради. Руҳ етишмаса, дарахт майда барглилик касаллигига учрайди.

Ҳар қандай ўсимлик, айниқса, мева дарахтлари ҳаётида азот, фосфор, калий элементлари жуда катта роль ўйнайди. Уларсиз ўсимликнинг ҳаёт кечириши қийин, албатта. Тупроқда бу элементлар керагидан ҳам кўп, аммо аксарият қисми ўсимлик ўзлаштира оладиган ҳолда эмас. Шунинг учун ҳам тупроқни органик ва минерал ўғитлар билан бойитиб, бу моддаларнинг тупроқдаги захирасини ошириш лозим.

Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Ўғитлаш муддати

Боғнинг нормал ривожланишида ўғитнинг қайси вақтда солиниши муҳим аҳамиятга эга. Ўғит, асосан, куз ва баҳорда солинади. Кузда асосий ўғит (гўнг, фосфор, калий) ерни ҳайдаш ёки чопишдан олдин, азотли ўғитлар эса, асосан, баҳорда ёки ўсув даврида солинади. Ўсимликлар ўсув даврининг биринчи ярмида, айниқса, азотли ўғитга, иккинчи ярмида эса фосфорли ва калийли ўғитларга талабчан бўлади. Асосий ўғитлашдан ташқари, ўсув даврида дарахтларни қўшимча озиқлантириш лозим. Биринчи озиқлантириш дарахтлар гуллашидан илгари ўтказилиб, асосий ўғитлашдаги ўғитлар миқдорининг ярми солинади, қолган ярми гуллаганидан кейин ҳамда мева куртаклари шаклланаётган даврда — иккинчи ва учинчи озиқлантиришда солинади. Биринчи озиқлантиришда, асосан, азотли ўғит, иккинчи ва учинчи озиқлантиришда фосфорли ва калийли ўғитлар солинади. Ўғитлар баравар сочиб солиниши керак, акс ҳолда концентрланган эритмаси кўпайиб, илдизга шикаст етказиши мумкин. Азотли ўғитлар сувда яхши эрувчанлиги туфайли 10-12 см. фосфорли ва калийли ўғитлар сувда ёмон эрувчанлиги туфайли камида 25-30 см. чуқурликда солинади.

Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Cyғopиш вақти

Суғориш, асосан, икки муддатда ўтказилади.

Нам тўплаш мақсадида кеч кузда ёки қишда яхоб берилади. Бунинг натижасида тупроқдаги нам захираси кўпаяди, илдизни сувсизланиб қолишдан, совуқ уришдан сақлайди, эрта баҳорда мева дарахтларининг нормал ривожланишига шароит яратади. Яхоб тупроқнинг 1-1,5 метргача бўлган қатлами намга тўйингунича берилиши керак. Қишки суғориш декабрь-февраль ойлари ичида икки марта ўтказилади.

Ўзбекистон шароитида ўсув даврида ҳосилга кирган боғлар тўрт-олти марта, ёш боғлар саккиз-ўн икки марта, тош-шағалли ерларда эса 20 мартагача суғорилади.

Ҳосилга кирган боғлар гуллашдан олдин (апрель ойида) бир марта, гуллашдан кейин (май ойида) бир марта, меваларнинг тўкилиш вақтида (июнь ойида) бир марта, новдаларнинг жадал ўсиши ҳамда гул куртакларининг шакл-ланаётган даври (июль ойи)да икки марта, август ойида бир марта ҳамда кузги-қишки навларнинг пишиши олдидан (сентябрь бошларида) бир марта суғорилади.

Ҳосилга кирган боғларни шу тартибда суғориш мева дарахтларининг бутун ўсув даврида ҳамма ҳаётий жараёнларнинг нормал кечишини ҳамда мўл ҳосилини таъминлайди. Боғ қишда қондириб суғорилган ҳамда куз бошларида ёғингарчилик бўлса, апрель ойида ва сентябрь бошларида суғорилмаслиги ҳам мумкин. Ёш боғлар эса тез-тез суғориб турилади. Биринчи сув баҳорда, куртаклар уйғона бошлаганда берилиб, қолганлари ҳар 15-20 кунда, июнь-август ойларида ҳар 10-15 кунда бериб борилади.

Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Узумзор барпо этиш

Узум бир ерда 50-60 йил ва ундан ҳам кўпроқ муддат ўсиб, ҳосил бериб туради. Шунинг учун узумзор барпо қилишда худди бошқа тур боғлардаги каби барча агротехника талабларига каттиқ риоя қилиш зарур.

Узумзор ери суғориш сувлари бемалол оқиб келиши учун 4-8 даража қия, яъни ҳар 1000 метрда 4-8 даража чамасида бир томонга сал қия бўлиши керак. Қиялиги 8-10 даражадан ортиқ бўлган ерларда узум қаторлари шу қияликка қараб турлича жойланади. Қиялик 10 даражадан, яъни ҳар 1000 метр масофада 10 метрдан ошса, бундай жойларда узумзорлар зинапоя шаклида барпо қилинади. Аммо атрофи дарахт ва тепаликлар билан ўралган, яъни ичида совуқ ҳаво туриб қоладиган участкаларда узумзор барпо этилмаслиги керак.

Ток ҳар хил тупроқли ерларга тез мослаша ва ҳатто бошқа экинлар учун ярамайдиган ерларда ҳам ўсиб, ҳосил қилавериш хусусиятига эга. Бу ўсимлик тоғ ёнбағирлари, сершағал жойлар ҳамда ер ости суви юза жойлашган дарё соҳилларига ҳам экилади.

Аммо узум унумдор, текис бўз тупроқ ва ўтлоқ ерларда мўл ҳосил беради.

Узумдан мўл ҳосил олиш учун бу ўсимликка сув билан яхши таъминланган участка ажратилиши керак. Тоғ этаги ва тоғлик туманларда токзорлар мумкин қадар булоқ яқинидаги участкаларда ўстирилиши зарур. Бундай жойларда, яхшиси, ерларни машина ёрдамида суғориш ишини ташкил қилиш керак. Агар ер ости суви юза (0,5-1 метрдан юза) жойлашган бўлса, энг аввал зовур қазиш йўли билан бу сувлар чуқурлаштирилади.

Шўрхок ерларга (масалан, Бухоро вилоятида) барпо қилинган узумзор бирмунча яхши (гектаридан 14-15 т.дан) ҳосил бериб туради. Шўрхок ерларда: Бишти, Оқ тойифи, Пушти тойифи, Оқ ва қора шивилғони, Нимранг, Қизил хурмой, Саперави, Рислинг, Ркацители, Мускат венгерский (венгер Мускати), Баян-ширей, Тавквери ва бошқа навлар экилса, яхши ўсиб, мўл ҳосил қилиб туради.

Ер ости суви юза бўлган жойларга Столовое вино ва қисман Шампан виноси қилинадиган узум навлари экилади. Ташишга унча ярамайдиган навларни бундай ерларга экиш тавсия этилмайди. Бу хилдаги ерларнинг озроқ қисмига яқин орадаги аҳолини таъминлаш учун хўраки навлар экилади. Аммо ер ости суви август ойида пасайиб кетадиган жойларда барча навларни ўстириш мумкин.

Кўчат ўтказиш ва ерни тайёрлаш қалинлиги

Унумдор ерларга тупи кучли ўсадиган навлар сийракроқ (ҳар гектарга камроқ сонда) экилади. Узумзор ерини ишлашда техникалардан максимал фойдаланиш зарурлигини эътиборга олиб, узум қатор оралари 2,5-3 метр қилинади. Аммо республикамизнинг шимолий туманлари (Хоразм вилоятида ва Қорақалпоғистонда) узумларни қишда тупроқка қалинроқ кўмишга тўғри келади, шунинг учун бу ерлардаги ток қаторларининг ораси 3 метр қилинади. Қияликка экилган узум қатор ораларини ишлашда машина сурилиб кетиб, ўсимликни шикастламаслиги учун ҳамда узумни қалпоқли симли сўритокда ўстириш мақсадида қатор оралари 3 метрдан олинади.

Узум кўчати кўкламда экиладиган бўлганда токзорга айлантириладиган ер кузда, кузда экиладиган бўлса, кўкламда ёки ёзда плантаж омочида чуқур ҳайдалади. Ёзда ҳайдашда ер серкесак бўлса, ҳайдаш билан кетма-кет борона босилади, акс ҳолда ер нами тез кўтарилиб кетади.

Тупроқ ости қаттиқ шағал ёки берч қаватдан иборат бўлган участкаларда плантаж омочи билан ҳайдашдан олдин ер 50-70 см. оралатиб чуқур юмшатиб чиқилади.

Узумдан барвақт ва доимо мўл ҳосил олишнинг асосий шартларидан бири албатта, узумзор қилинадиган ерни ўз вақтида яхшилаб тайёрлаш, чунончи, ерни тўнка ва буталар ҳамда йирик токлардан тозалаш, яхшилаб текислаш, қияликларни зинапоя шаклига киритиш, ерни ўғитлаб, унумдорлигини ошириш ва яхшилаб ҳайдашдан иборатдир.

Айниқса, шўрхок тупроқли майдонларни пухталик билан текислаш талаб этилади. Бундай ерларни аввало ҳар гектарига 2000-6000 кубометр сув сарфлаб, шўрини ювишга тўғри келади.

Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Узум навлари ва парвариши

Узумнинг тўрт мингга яқин нави маълум бўлиб, шундан 400 га яқини мамлакатимизда ўстирилади.

Узум кўчати ниҳол ўтқазилгандан кейин узумзор тупроғи доимо юмшоқ ҳолда ва бегона ўтлардан тоза туриши керак. Бунинг учун кўклам ва ёз ойларида қатор оралари уч-тўрт марта культивация қилинади ёки ағдармай ҳайдалади, қатордаги туп оралари икки-уч марта чопилади. Кузда қатор оралари ағдармасдан 28-30 см. чуқурликда шудгорлаб қўйилади. Узум ўтказилишининг биринчи йилида узумзор, ерининг баланд-пастлигига қараб, икки ёқлама (узунасига ва кўндалангига) культиваторда ишлаб чиқилади.

Ток қатор ораларидан полиз экинлари ва эртаги картошка экиб фойдаланиш ҳам мумкин. Бу экинлар ёш ниҳолларга ҳалал бермаслиги учун улар ток қаторидан 0,5 метр кўчириб экилади. Қатор ораларидаги экинларни суғориш сентябргача тўхтатилиши зарур, шундагина ток новдалари совуқ тушгунча яхши пишиб улгуради. Узумлар қатор ораларига экилган экинлардан қатъи назар, алоҳида парвариш қилинади.

Ток экилишининг биринчи йили узумзор 8-10 марта апрель ойида бир-икки, май ва июнда икки марта, июлда икки-уч ва августда икки бор суғорилади. Бундан ташқари, ноябрь-февраль давомида узумзорга бир-икки марта сув берилади.

Намли ерда узумзорлар қўлда ёки гидробур воситаси билан бир-икки марта суғорилади. Суғоришдан кейин узумзор ери юмшатилади.

Сувли ерлардаги икки-уч ёшли узумлар ўсув даврида тўрт-олти марта суғорилади. Бундан ташқари, куз-қиш даврида бир-икки марта сув берилади. Ер ости суви юза жойлашган участкаларда суғориш сони, шунингдек, ҳар галги суғоришда бериладиган сув нормаси (ер ости сувининг канчалик юза жойланишига қараб) турлича бўлади. Сершағал ерлардаги узумзор дастлабки ва кейинги икки йилда бўз тупроқли ерлардагига қараганда кўп марта суғорилади, лекин бунда ҳар галги суғоришда бериладиган сув нормаси камайтирилади.

Ҳар галги суғоришдан кейин суғориш эгатлари юмшатиб чиқилади.

Узумларни зараркунанда ва касалликлардан сақлаш учун профилактик тадбирлар кўрилади. Ёш узумлар қиш совуғидан шикастланмаслиги учун октябрнинг охирида кўмилади. Бу узумлар дастлабки икки йилда кўкламда кесилади. Узумлар кўмилгандан кейин текшириб чиқиб, уларни совуқ уришдан сақлаш чоралари кўрилади, чунки узум ёш вақтида совуққа нисбатан чидамсиз бўлади.

Узум тупларини ўстириш тизими

Узумни дарахтларда ўстириш. Бу жуда қадимий усул бўлиб, Сурхондарё вилоятининг (Денов, Шўрчи ва Китоб туманларидаги) тоғли жойлардаги қишлоқларида учрайди. Бунда узум тупи ёнига дарахт экилиб, узум шу дарахт устига чиқариб юборилади. Бундай узумлар қиш тушиш олдидан кўмилмайди, кўкламда новдаси барг ёзиш вақтида кесилади. Узумни бу усулда ўстириш ариқ бўйларида ўстирилаётган якка дарахтлар бўлган тақдирдагина қўлланилиши мумкин. Бунда парвариш иши энг кам бўлгани ҳолда анча яхши ҳосил олинади.

Бу усулнинг камчилиги: узум новдаларини парвариш қилиш қийинлашади, новдалари жуда қалинлашиб кетиши натижасида замбуруғ касаллиги кўп пайдо бўлади, ҳосилининг сифати пасаяди ва уни узиб олиш қийинлашади.

Узумни кузда кесишда фақат заиф ўсган ва хом новдалари олиб ташланади. Бу узумлар шу ҳолда кўмилади. Узум апрель-май ойлари охирида кесилади. Бунда барча заиф ва ҳосилсиз новдалар олиб ташланади. Узумни бу хилда ўстиришда ҳар бир тупда кўп сондаги куртакка эга бўлган анчагина новдалар қолдирилганидан ҳосил мўл бўлади. Масалан, Самарқанд туманида Оқ шивилғони нави кўпгина участкаларда ерда ўстирилади. Натижада ҳар йили 20-22 тоннадан ҳосил олиб турилади.

Узум дарахтини тирговичсиз ўстириш. Токни бу хилда ўстириш усули Сурхондарё вилоятининг жанубий туманларида учраб туради. Бу усулда ҳар гектарда 2000 тагача ток ўстирилади. Бунда тиргович талаб қилинмайди, лекин узумзорни ишлашда механизациядан фойдаланиш қийинлашади. Бу усул томорқа участкаларида ток кўмилмайдиган бўлганидагина қўлланиши мумкин.

Токни ишкомда ўстириш. Узумни бу хилда ўстириш усули Тошкент, Фарғона ва Андижон вилоятларида кўп тарқалган. Бунда узум қаторларининг ораси 3,5-5,5 метр ва қатордаги туп ораси 2-4 метр қилинади. Эски узумзорларда қатор ораси 5 метр ва туп ораси 3 метр бўлган узумларни ҳам учратиш мумкин. Бунда гектарига 660 туп ток экилади ва ток тупи шахмат тартиб билан жойланади.

Токни — "воиш" усулида сўрида ўстириш. Бунда узум горизонтал ва нишаб сўриларда ўстирилади. Узумни нишаб сўрида ўстириш усули Самарқанд вилоятида кўп тарқалган. Бунда узум тупи қия қилиб қурилган нарвонсимон сўрига олинади. Бундан ташқари, ярим горизонтал сўри ҳам бўлади, бунда узум ердан 0,5-0,7 метр баландликкача алоҳида тиргакда тикка кўтарилиб, сўнгра қиялаштирилади.

Горизонтал сўри Фарғона водийсида кўп қўлланилади. Бунда узум қатори бўйлаб ҳар 3,5-4 метр жойга 2 метрлик бақувват устунлар ўрнатилади. Бу устунларнинг юқори томони пишиқ багазлар билан бирлаштирилиб, чор бурчак сўри ҳосил этилади. Мана шу багазлар устига узунаси ва кўндалангига ингичкароқ багаз қўйиб боғланади. Узум тупининг занги 2 метргача баландликда тик ўстирилиб, сўнгра унинг маданг ва новдалари сўри устига таралади. Узумни бу хилдаги сўрида ўстириш усули ток қишда кўмилмайдиган ва хўраки нав узумлар етиштириладиган жойларда қўлланилади. Бу хил сўрининг камчилиги шундан иборатки, кўп миқдорда ёғоч сарф бўлади, узум зараркунанда ва касалликлар билан кўпроқ зарарланади, узумзорни ишлашда механизациядан фойдаланиш қийинлашади.

Кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Узум касалликлари

Paғa (кул тушиш касаллиги). Бу замбуруғ келтириб чиқарадиган касалликлардан бири бўлиб, ёш узум новдаларини, узум бошлари чўпини (бандини), ғужуми ва ёш баргларни шикастлайди. Шикастланган узум новдаларида қорамтир, ёйилган доғ пайдо бўлади, кузга бориб бу улар қизғиш тусга киради. Бундай новда ривожланмайди, келгуси йили ҳосили кам бўлади. Узум бошларидаги шингиллар яхши ривожланмай, чирий бошлайди, ғужумларда унсимон ғyбop пайдо бўлади, натижада унинг ўсиши тўхтаб, қурийди ёки кечроқ шикастланган бўлса, ёрилиб, сасий бошлайди. Узумзорда ҳаво сернам ва дим бўлса, бу касаллик кучайиб кетади. Paғa касаллиги замбуруғлари бир йиллик узум новдаларида қишлайди. Бу замбуруғ кўкламдан узум гуллагунча спора ҳосил қилади. Paғa бир йилда икки марта — кўкламда ва кузда кўпайиши аниқлаган. Касалланган узум тупларидан экиш учун новда тайёрлашга йўл қўйилмайди.

Кураш чоралари. Узум тупларини симли сўритокка кўтариб ўстириш керак. Хомток қилиш ишларини ўз вақтида пухталик билан ўтказиш, узумзорни қишда тўйдириб суғориш, аммо ёзда сувлашни камайтириш зарур. Узум гуллашига бир ҳафта қолганда икки ҳисса оҳак кукунига бир ҳисса олтингутурт кукуни аралаштириб чангланади ёки 0,5 даражали оҳак-олтингугурт қайнатмаси ва ёки 10 л. сувга 100 г. коллоид олтингутурт қўшиб тайёрланган 1 фоизли суспензия пуркалади. Узум гуллашининг охирида унга олтингугурт кукуни чангланади. Касаллик мавжуд бўлганда 10-15 кун оралатиб яна учинчи ва тўртинчи марта олтингугурт кукуни чангланади.

Доғли антрокноз касаллиги. Бу касалликни замбуруғ келтириб чиқаради; у билан узумнинг новдаси, барги ва ғужумлари шикастланади. Зарарланган жойлари қорамтир ҳошияли доғлар билан қопланади. Касаллик кучайиб кетганда бу доғлар ўзаро бир-бирига қўшилади. Баргдаги доғ қуриб, унинг ўрнида тешик ҳосил бўлади. ўужумлардаги доғ қорамтир ҳошияли бўлиб кейинчалик қуриб қолади. Узум новдалари қораяди, қурийди ва синади. Бу касаллик кўкламдан то ёз ўрталаригача пайдо бўлади. Касалланган узум туплари уч-тўрт йил ичида қуриб қолиши мумкин. Касаллик салқин ва серёғин об-ҳавода ва узум туплари қалинлашиб кетганда кучаяди.

Кураш чоралари. Узумнинг касалланган новдалари кесилиб, ёқилади. Кузда узум тупларини кўмиш олдидан касалланган новдаларга темир купоросининг 6-8 фоизли эритмаси (10 л сувга 600-800 г купорос қўшиб тайёрланган эритма) ёки 0,5 даражали оҳак-олтингугурт қайнатмаси ва ёки 10 л сувга 800 г карболинеум қўшиб тайёрланган 8 фоизли эмульсия пуркалади. Кўкламда узумларга шўра чиқариш олдидан 1 фоизли бордо суюқлиги пуркалади ёки янги оширилган оҳак аралаштирилган олтингугурт кукуни чангланади. Ёмғир ёғиш даврларида (июнгача) узумларни бу хилда дорилаш иши ҳар 10 кунда такрорланади.

Яшил мўғол (церкоспориоз) касаллиги. Бу билан узум новдаси ва барглари шикастланади. Май-июнь ойларида узум баргининг орқа томонида яшилсимон яхлит ғуборлар пайдо бўлади. Баргда сарғиш-қўнғир тўгарак доғ, ост томонида яшилсимон доғ пайдо бўлади. Бундай барглар барвақт тўкилиб кетади. Узум новдаларида эса доғнинг остидаги тўқималар қорайиб қурийди.

Кураш чоралари. Кўкламда узумда касаллик пайдо бўлгандан кейин уларга 0,5 даражали оҳак-олтингугурт қайнатмаси пуркалади ёки оҳак аралаштирилган олтингугурт кукуни чангланади. Агар касаллик кучайиб кетган бўлса, чанглашни 12-15 кун оралатиб бир-икки марта такрорлаш лозим. Тўкилган барглар йиғилиб, ёқилади.

Албатта, узумзор барпо қилиш борасида катта тажрибага эгамиз. Аждодларимиз минг йиллардан буён ушбу мевани етиштириб келишади. Биз юқорида тилга олинган узум ҳақида билганларимиз узумзор яратишни ният қилган фермерларга фойдаси тегади деган умиддамиз.

fermeruz.uz


савол:

 
 
 

Жавоб:

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 






 

Маълумотни таҳрирлади: info - 3-02-2017, 17:02

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Жорий йил 25 августда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида...
Истиқлол берган истиқбол Шу кунларда шаҳару...
Жаҳон тажрибаларида минерал ўғитлар сарфи қандай? Бу саволга...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: