volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » » Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш тўғрисида (24.09.2014)

Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш тўғрисида (24.09.2014)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
ХОДИМЛАР МЕҲНАТИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 38-сон, 484-модда)
Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишни ташкил этишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш, уларнинг манзиллигини ва самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассис малака сертификати бериш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2014-2015 ўқув йилининг иккинчи ярмидан бошлаб тегишли техника мутахассисликларининг ўқув дастурларига меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича махсус бўлим киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан ушбу қарор талабларига риоя этилиши юзасидан зарур назорат ўрнатсин;
иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларнинг кадрлар таркиби тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи маълумотлар базасини марказлаштирилган тартибда шакллантириш ва юритиш йўли билан уларнинг ҳисобга олинишини ва улар тўғрисидаги маълумотларнинг тизимлаштирилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитиш ва малака ошириш дастурини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари фаолиятида қўллаш учун меҳнат шароитларини яхшилаш, ишлаб чиқаришда жароҳатланишнинг, касб касалликларининг олдини олишнинг мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва амалга оширишга доир методик қўлланмаларни ишлаб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш илмий марказига мебеллар ҳамда ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омиллари лабораториясини жиҳозлашга мўлжалланган ўлчов асбоб-ускуналарини импорт бўйича харид қилишга зарур маблағлар ажратсин.
4. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги белгиланган тартибда:
Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш илмий марказининг ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омиллари лабораторияси жиҳозланадиган ўлчов асбоб-ускуналарини текширишдан ўтказсин;
Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш илмий марказининг ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омиллари лабораториясини аккредитациядан ўтказсин.
5. Республика аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш илмий маркази Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг статистик ахборотлари мажбурий тартибда юбориладиган реестрга киритилсин.
6. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 15 сентябрь,
263-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 263-сон қарорига
1-ИЛОВА
Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом меҳнат шароитлари, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлиги, асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек аттестациядан ўтказувчи ташкилотларга қўйиладиган талабларни белгилайди.
2. Ушбу Низом барча иш берувчилар — корхоналар, муассасалар, ташкилотлар (кейинги ўринларда корхоналар деб аталади) учун мажбурий ҳисобланади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
иш ўрни — ходимларнинг меҳнат фаолияти жараёнида доимо ёки вақтинча бўлиш жойи;
ўхшаш иш ўринлари — қуйидаги белгиларнинг жами: бир номдаги касб ёки лавозим; бир хилдаги иш режимида бир типдаги технологик жараённи юритишда айнан бир хил касб вазифаларини бажариш; бир типдаги ишлаб чиқариш ускунаси, асбоблар, мосламалар, материаллар ва хом ашёдан фойдаланиш; бир ёки бир неча типдаги биноларда ёки очиқ ҳавода ишлаш; вентиляция, кондициялаштирилган ҳаво, иситиш ва ёритишнинг бир типдаги тизимларидан фойдаланиш, иш жойида объектларнинг (ишлаб чиқариш ускунаси, транспорт воситалари ва шу кабиларнинг) бир хил жойлашиши; бир класс ва даражадаги зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларининг бир хилдаги тўплами; якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан бир хилда таъминланганлик билан тавсифланадиган иш ўринлари;
иш зонаси — ходимлар доимо ёки вақтинча бўладиган жойлар жойлашган пол ёки майдонча даражасидан 2 метргача баландликдаги сатҳ;
турғун бўлмаган иш ўринлари — ҳудудий ўзгариб турадиган иш зоналаридаги иш ўринлари, бунда бир ёки бир неча ходимлар хусусиятига кўра ўхшаш иш ёки операцияни бажарадиган ишлаб чиқаришнинг зарур воситалари билан жиҳозланган иш ўрнининг бир қисми иш зонаси деб ҳисобланади;
касб касаллиги — ушбу касб учун хос бўлган ҳамда ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг зарарли ва хавфли омиллари таъсири натижасида ходим чалинган касаллик;
иш қобилияти — инсоннинг талаб этиладиган вақт оралиғида топширилган сифатида ишнинг аниқ миқдорини бажариш қобилиятини тавсифлайдиган организмнинг физиологик ва психологик функциялари имкониятлари билан белгиланадиган инсоннинг ҳолати;
ишлаб чиқариш муҳити — меҳнат фаолияти жараёнида ходимга таъсир кўрсатувчи кимёвий, биологик, физик ва ижтимоий омилларнинг йиғиндиси;
меҳнат шароитлари — ходимнинг иш лаёқати ва соғлиғига таъсир кўрсатувчи ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омиллари йиғиндиси;
зарарли ишлаб чиқариш омили — таъсири ходимнинг касалликка чалинишига олиб келиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили;
хавфли ишлаб чиқариш омили — таъсири ходимнинг жароҳат олишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш омили. Миқдорий тавсифига ва амал қилишининг давомийлигига боғлиқ равишда айрим зарарли ишлаб чиқариш омиллари хавфли бўлиши мумкин;
меҳнатнинг хавфсиз шарт-шароитлари — зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларининг ходимга таъсири истисно этиладиган ёхуд уларнинг таъсири даражаси белгиланган нормативлардан ортиқ бўлмаган меҳнат шароитлари ҳолати;
ишлаб чиқариш фаолияти — хом ашёнинг ҳар хил турларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни, қуришни, ҳар хил хизматлар кўрсатишни ўз ичига оладиган хатти-ҳаракатлар йиғиндиси;
ЯТҲВ (якка тартибдаги ҳимоя воситалари) — зарарли ёки хавфли ишлаб чиқариш омилларининг ходимларга таъсирининг олдини олиш ёки камайтириш, шунингдек ифлосланишдан ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган техник воситалар (махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибдаги ҳимоянинг бошқа воситалари);
меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш (аттестация) — иш жойларида меҳнат шароитларини, меҳнат жараёнларининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини баҳолаш, шунингдек меҳнат шароитларини, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлигини қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлаштириш мақсадида ўтказиладиган комплекс тадбирлар;
аттестация комиссияси — аттестациянинг барча босқичларида меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказишни ташкил этиш, унга раҳбарлик қилиш ва уни назорат қилиш билан боғлиқ бўлган масалаларнинг бутун комплексини амалга ошириш учун корхона раҳбарининг қарори билан ташкил этиладиган комиссия;
аттестациядан ўтказувчи ташкилот — ушбу Низомда белгиланган меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун талабларга жавоб берадиган ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омилларини ўлчайдиган ва меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини баҳолайдиган юридик шахс.
4. Аттестация фуқароларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларига жавоб берадиган соғлиғи ва меҳнатнинг хавфсиз шарт-шароитларига бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида иш ўринларидаги меҳнат шароитларини баҳолаш ҳамда ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилларини аниқлаш учун ўтказилади.
5. Аттестация натижаларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади ва:
меҳнат шароитларини меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларига мувофиқлаштириш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
оғир ишларда, ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ишларда ва меҳнатнинг бошқа алоҳида шарт-шароитларида банд бўлган ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсацияларни белгилаш;
ходимларни иш жойларидаги меҳнат шароитлари, соғлиққа шикаст етказишнинг мавжуд хавфи, зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳимоя қилиш чора-тадбирлари ҳамда оғир ишларда, ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ишларда ва бошқа алоҳида меҳнат шароитларида ишловчи ходимларга берилиши керак бўлган компенсациялардан хабардор қилиш;
иш жойларида меҳнат шароитларини назорат қилиш;
касбий хавфни баҳолаш;
ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
меҳнат шароитларининг ҳолати тўғрисида статистика ҳисоботини тайёрлаш;
меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш;
касб касаллигига шубҳа туғилганда касалликнинг касб билан боғлиқлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш, шунингдек касб касаллиги ташҳисини аниқлаш;
ходимлар меҳнатининг хавфсиз шарт-шароитларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларига мувофиқ ходимларни санитария-маиший ва тиббий таъминлаш;
ходимларнинг айрим тоифалари учун меҳнатни чеклашларни асослаш, ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларни имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берувчиларга тегишли деб топиш;
шу жумладан меҳнатни муҳофаза қилиш фонди маблағлари ҳисобига корхонада меҳнат шароитлари ва муҳофазасини яхшилаш тадбирларини режалаштириш ва молиялаштириш;
хизматчилар ва ишчи касблари лавозимлари номларини Хизматчилар ва ишчи касблари асосий лавозимлари классификаторида ҳамда хизматчилар лавозимлари ва ишчи касбларининг тармоқ тариф-малака маълумотномаларида кўрсатилган номларга мувофиқлаштириш;
корхонада меҳнат шароитлари ва муҳофазасининг ҳолати тўғрисидаги ахборотларни тўплаш ва қайта ишлаш учун асос ҳисобланади.
6. Қуйидаги:
ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ҳамда бошқа алоҳида меҳнат шароитларига эга бўлган;
уларда ногиронлар банд бўлган;
имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларида кўрсатилган;
ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва иш излашда қийинчиликларга дуч келаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун захирага қўйилган;
хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги барча иш ўринлари ва касблар аттестациядан ўтказилиши керак.
Ушбу бандда кўрсатилмаган иш ўринларини аттестациядан ўтказиш корхона раҳбарининг хоҳиши бўйича ўтказилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари, ушбу Низом, Хизматчилар ва ишчи касбларнинг асосий лавозимлари классификатори, шунингдек санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари, қурилиш нормалари ва қоидалари, меҳнатни муҳофаза қилиш стандартлари тизими, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар, бошқа қонун ҳужжатлари аттестацияни ўтказишнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.
8. Аттестацияни ўтказиш даврийлигини корхонанинг ўзи белгилайди, бироқ у ҳар 5 йилда камида бир марта ўтказилади.
Аттестациянинг ўз вақтида ўтказилиши юзасидан масъулият корхона раҳбарига юкланади.
9. Аттестация материаллари қатъий ҳисобот бериладиган материаллар ҳисобланади ва 50 йил сақланади.
Қайта ташкил этишда аттестация материаллари тўлиқ ҳажмда қайта ташкил этилаётган корхонанинг ҳуқуқий меросхўрига, тугатилган тақдирда эса — белгиланган тартибда давлат архивига берилади.
II. Аттестацияни ўтказиш
10. Аттестация фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида аттестация бўйича ишларни бажариш учун иш берувчи томонидан жалб этиладиган аттестациядан ўтказувчи ташкилот билан биргаликда иш берувчи томонидан ўтказилади.
11. Аттестациядан ўтказувчи ташкилот меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
штатда меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассиснинг малака сертификатига эга бўлган ҳамда фаолиятни фақат ушбу аттестациядан ўтказувчи ташкилотда амалга оширувчи камида уч нафар ходимга эга бўлиш;
мулкида хўжалик юритиш, тезкор бошқариш ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омилларини ўлчаш учун мўлжалланган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитация қилинган лабораторияга (кейинги ўринларда аккредитациядан ўтказилган синов лабораторияси деб аталади) эга бўлиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг маълумотнома базасига, шунингдек аттестацияни ўтказиш учун зарур бўлган маълумотнома ҳужжатларга эга бўлиш;
аттестацияни ўтказишда олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлаш;
аттестацияни ўтказиш бўйича шартнома мажбуриятларини ўз вақтида ва сифатли бажариш;
аттестацияни ўтказишда мустақилликни таъминлаш;
аттестация тўғрисидаги тўғри ҳисоботни тақдим этиш.
Фақат меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш бўйича мутахассиснинг малака сертификатига эга бўлган шахс аттестацияни ўтказувчи ташкилотнинг раҳбари бўлиши мумкин.
12. Аттестация ўтказувчи ташкилот иш ўринларида аттестациядан ўтказилаётган корхонага нисбатан мустақил шахс бўлиши керак.
Корхона аттестация бўйича ишларни бажариш учун бир нечта аттестациядан ўтказувчи ташкилотларни жалб этишга ҳақлидир. Бунда аттестация бўйича ишлар аттестациядан ўтказувчи ташкилотлар ўртасида ҳам аттестациядан ўтказилиши керак бўлган иш ўринлари сони, ҳам иш ўринларида бажариладиган ишларнинг турлари бўйича тақсимланиши мумкин.
13. Аттестацияни ўтказишда корхона аттестацияни ўтказувчи ташкилотдан:
аттестациядан ўтказувчи ташкилот ушбу Низомда белгиланган меҳнатнинг шарт-шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан иш ўринларини аттестациядан ўтказиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун талабларга тўлиқ жавоб беришни ҳужжатлар билан тасдиқлашни;
ўлчашлар ва баҳолашларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ўтказишни талаб қилишга ҳақлидир.
14. Аттестацияни ўтказишда корхона:
аттестацияни ўз вақтида ва тўлиқ ўтказишда аттестацияни ўтказувчи ташкилотга ёрдам беришга, зарур ахборот ва ҳужжатларни тақдим этишга, аттестациядан ўтказувчи ташкилотнинг сўровига кўра аттестация мақсадларига тегишли бўлган масалалар бўйича оғзаки ва ёзма шаклда тушунтиришлар беришга;
аттестацияни ўтказишда таҳлил қилиниши ва баҳоланиши керак бўлган масалалар доирасини торайтиришга, шунингдек аттестациядан ўтказувчи ташкилот томонидан сўраладиган аттестация мақсадларига тегишли масалалар бўйича ахборот ва ҳужжатларни яширишга (фойдаланишни чеклашга) атайлаб йўналтирилган хатти-ҳаракатларни қилмасликка;
ушбу Низомнинг 62-бандида кўрсатилган, аттестация комиссияси таркибига кирувчи аттестациядан ўтказувчи ташкилотнинг вакиллари томонидан имзоланмаган ҳужжатлар мавжуд бўлган аттестация тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқламасликка мажбур.
15. Аттестацияни ўтказишда аттестацияни ўтказувчи ташкилот:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан ушбу Низом асосида ўлчашлар ва баҳолашларни ўтказиш усулларини, шунингдек ўлчашлар ва баҳолашларни ўтказувчи мутахассисларнинг сони ва шахсий таркибини белгилайди;
иш ўринларида аттестация ўтказиладиган корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларини таъминлаш ишларини ташкил этиш билан боғлиқ ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда ўрганиб чиқади;
аттестация давомида юзага келадиган масалалар бўйича корхонадан тушунтиришларни сўрайди ва олади;
иш ўринларида аттестация ўтказилаётган корхона томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилмаган ёки ўлчашлар ва баҳолашларни ўтказиш шарт-шароитларининг талаб қилинадиган норматив ҳужжатлари билан таъминлаш корхона томонидан рад этилган тақдирда аттестацияни ўтказишни рад этади.
Аттестацияни ўтказиш аттестацияни ўтказувчи ташкилот корхонанинг талабига кўра аттестация натижалари бўйича аттестациядан ўтказувчи ташкилот томонидан амалга оширилган хулосаларни асослаши шарт.
III. Аттестацияни ўтказишга тайёргарлик кўриш тартиби
16. Аттестацияни ташкил этиш ва ўтказиш учун иш ўринларида аттестация ўтказиладиган корхона раҳбарининг ёзма қарори билан доимий ишловчи аттестация комиссияси (кейинги ўринларда аттестация комиссияси деб аталади) ташкил этилади ҳамда аттестация бўйича ишларни амалга ошириш жадвали белгиланади.
Зарурият бўлганда корхонанинг таркибий бўлинмалари бўйича аттестация комиссиялари ташкил этилишига йўл қўйилади.
17. Аттестация комиссияси таркибига мажбурий тартибда бош муҳандис (бор бўлганда), меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари раҳбарлари ва ходимлари, касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органи вакиллари, аттестациядан ўтказувчи ташкилот вакиллари киритилади.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли деб топилган корхоналарда аттестацияни ўтказишда аттестацияни ўтказувчи ташкилотнинг раҳбари, вакиллари, шунингдек бор бўлган тақдирда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари раҳбарлари ва ходимлари, касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органи раҳбарлари аттестация комиссияси таркибига мажбурий тартибда киритилади.
18. Аттестация комиссиясига иш ўринларида аттестация ўтказилаётган корхонанинг раҳбари ёхуд корхона раҳбарининг тегишли ёзма қарори билан вакил қилинган шахс бошчилик қилади.
Аттестация комиссиясининг таркиби, шунингдек аттестация бўйича ишлар жадвали корхона раҳбарининг ёзма қарори билан тасдиқланади.
19. Аттестация комиссияси (корхонанинг таркибий бўлинмалари бўйича аттестация комиссияси):
аттестациянинг барча босқичларида унинг ўтказилишини, унга раҳбарлик қилиш ва уни назорат қилишни ташкил этади;
аттестацияни ўтказиш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар комплектини, ташкилий-фармойиш берувчи ва методик ҳужжатларни шакллантиради ва уларни ўрганишни ташкил этади;
хизматчилар ва ишчи касблари лавозимлари номларини Хизматчилар ва ишчи касбларининг асосий лавозимлари классификаторида кўрсатилган номларга мувофиқлаштириш бўйича таклифларни шакллантиради;
иш ўрнининг меҳнат шароитлари харитаси билан танишади ва уни имзолайди;
ходимни ЯТҲВ билан таъминлаш, меҳнат қилиш ва дам олишнинг тегишли режимини, шунингдек зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги иш учун қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа кафолатлар ва преференцияларни белгилаш юзасидан корхоналарнинг мажбуриятларига оид меҳнат шартномасига ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритади (зарурият бўлганда);
аттестация натижалари бўйича меҳнат шароитларини меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларига мувофиқлаштириш тадбирлари режасини ишлаб чиқади.
IV. Меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларига мувофиқлигини баҳолаш тартиби
20. Корхонанинг меҳнат муҳофазаси хизмати ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шакл бўйича аттестациядан ўтказилиши керак бўлган иш ўринлари рўйхати лойиҳасини тайёрлайди.
Аттестациядан ўтказилиши керак бўлган иш ўринлари рўйхатини тузишда:
ўхшаш иш ўринлари алоҳида ажратиб кўрсатилади;
технологик жараён тавсифларидан, ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари таркибидан, қўлланиладиган хом ашё ва материаллардан, зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омиллари кўрсаткичларининг олдин ўтказилган ўлчашлари натижаларидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар талабларидан, шунингдек ушбу ўлчашларни амалга ошириш жойларидан келиб чиқиб ўлчаниши ва баҳоланиши керак бўлган ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омиллари, жароҳат етказиш хавфи ва ходимнинг ЯТҲВ билан таъминланганлиги кўрсатилади.
Аттестациядан ўтказилиши керак бўлган иш ўринлари рўйхати корхонанинг таркибий бўлинмалари бўйича тузилиши керак.
Аттестациядан ўтказилиши керак бўлган иш ўринлари рўйхати корхона раҳбари томонидан тасдиқланади.
21. Ҳар бир иш ўрни бўйича:
аттестация комиссияси томонидан бериладиган ноёб тартиб рақами (кўпи билан 6 та белгидан иборат: 000 001 дан 999 999 гача) кўрсатилади. Ўхшаш иш ўринлари «а» ҳарфи билан белгиланади (берилган рақамнинг охирига «а» ҳарфи қўшилади);
хизматчи ёки ишчи касби лавозимининг номи ҳамда Хизматчилар ва ишчи касбларининг асосий лавозимлари классификаторига мувофиқ тегишли код;
ушбу иш ўрнида ишловчи ходимлар, шу жумладан ногирон ходимлар сони;
ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг тегишли омили таъсир кўрсатишининг давомийлиги (%ларда ёки соатларда) кўрсатилади ёхуд иш ўрнида ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг ушбу омили мавжуд бўлмаган тақдирда «–» белгиси қўйилади.
Бунда зарарли моддалар (кимёвий омиллар) ва (ёки) устун даражада фиброген таъсир кўрсатувчи аэрозоллар мавжуд бўлган ва уларни ўлчаш зарур бўлган тақдирда тегишли равишда «П1а» ва (ёки) «П1б» белгиси қўйилади, қўшимча маълумот эса ушбу Низомнинг 1а ва 1б-иловаларига мувофиқ шакл бўйича алоҳида варақларда қайд этилади.
22. Ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича тўлдирилган иш ўрнининг меҳнат шароитлари харитаси (кейинги ўринларда Меҳнат шароитлари харитаси деб аталади) меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун асосий механизм ва ахборот манбаи ҳисобланади.
Меҳнат шароитлари харитаси иш ўрнида меҳнатнинг амалдаги шароитлари, белгиланган кафолатлар ва преференциялар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек ушбу иш ўрнида ёки ўхшаш иш ўринлари гуруҳида меҳнат шароитларини яхшилаш ва соғломлаштириш бўйича тавсиялар мавжуд бўлган ҳужжат ҳисобланади.
23. Меҳнат шароитлари харитаси аттестациядан ўтказилиши керак бўлган иш ўринлари рўйхатига киритилган ҳар бир иш ўрни бўйича тўлдирилади. Бир номдаги барча ўхшаш иш ўринларига ўхшаш иш ўринлари рўйхатидан биринчи иш ўрни учун битта харита тўлдирилади.
24. Меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлигини баҳолаш:
меҳнат шароитларининг гигиена нормативларига мувофиқлигини баҳолашни;
иш ўринларининг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолашни;
ходимларнинг якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланганлигини баҳолашни;
иш ўринларида меҳнат шароитларини комплекс баҳолашни ўз ичига олади.
1-§. Меҳнат шароитларининг гигиена нормативларига мувофиқлигини баҳолаш
25. Меҳнат шароитларининг гигиена нормативларига мувофиқлигини баҳолаш аттестациядан ўтказувчи ташкилотнинг мутахассислари томонидан амалга оширилади.
26. Аттестациядан ўтказишда ушбу иш ўрнида қўлланиладиган технологик жараён ва асбоб-ускуналар учун хос бўлган ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг иш ўрнидаги барча мавжуд омиллари баҳоланиши керак.
Баҳоланиши керак бўлган ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг омиллари рўйхати меҳнатни муҳофаза қилиш талабларидан, технологик жараён ва ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарининг тавсифларидан, қўлланиладиган хом ашё ва материаллардан, зарарли ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омиллари кўрсаткичларининг олдин ўтказилган ўлчашлари натижаларидан, шунингдек ходимларнинг таклифларидан келиб чиқиб шакллантирилади.
27. Меҳнат шароитларининг гигиена нормативларига мувофиқлигини баҳолаш штатли ишлаб чиқариш (технологик) жараёнлар ва (ёки) корхонанинг штатли фаолияти амалга оширилиши давомида ишлаб чиқариш ва меҳнат жараёни омиллари даражаларини асбоблар билан ўлчаш ва баҳолаш йўли билан амалга оширилади.
Баҳолашда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ва бошқа ҳужжатларда назарда тутилган усуллардан, шунингдек белгиланган тартибда текширилган ўлчов воситаларидан фойдаланилиши керак.
28. Меҳнат шароитларининг гигиена нормативларига мувофиқлигини баҳолаш ишлаб чиқариш муҳити омилларининг зарарлилиги ва хавфлилиги кўрсаткичлари, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва жиддийлиги бўйича Меҳнат шароитлари гигиена классификацияси билан белгиланадиган мезонларга мувофиқ ўтказилади.
29. Меҳнат шароитларининг гигиена нормативларига мувофиқлигини ўлчаш ва баҳолаш натижалари Меҳнат шароитлари харитаси I бўлимининг «Меҳнат шароитлари даражаси» устунининг тегишли сатрига (ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омилларининг кичик даражасига) киритилади. Жумладан:
а) ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омилларининг ҳар бир кичик даражасининг берилган меҳнат шароитлари даражалари асосида ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омилига баҳо берилади:
энг юқори даража ва зарарлилик даражаси бўйича;
агар 3 та ва ундан ортиқ омил 3.1 даражага мансуб бўлса, меҳнат шароитларини умумий баҳолаш 3.2 даражага мувофиқ бўлади;
икки ва ундан ортиқ 3.2, 3.3, 3.4 даражалар омиллари мавжуд бўлса, меҳнат шароитлари тегишли равишда бир босқич юқори баҳоланади;
б) ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни ҳар бир омилининг меҳнат шароитларининг берилган даражалари асосида меҳнат шароитларининг гигиена нормативларига мувофиқлигининг умумий баҳоси берилади:
энг юқори даража ва зарарлилик даражаси бўйича;
агар 3 та ва ундан ортиқ омил 3.1 даражага тегишли бўлса меҳнат шароитларини умумий баҳолаш 3.2 даражага мувофиқ бўлади;
икки ва ундан ортиқ 3.2, 3.3, 3.4 даражалар омиллари мавжуд бўлса меҳнат шароитлари тегишли равишда бир босқич юқори баҳоланади;
в) зарарли ишлаб чиқариш омиллари билан муносабатда бўлиш вақти қисқарганда (вақт билан ҳимоя қилиш) меҳнат шароитлари камроқ зарарли сифатида, бироқ 3.1 даражадан паст бўлмаган ҳолда баҳоланиши мумкин;
г) аттестациядан ўтказилаётган иш ўрнида бўлмаган ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омилларини (кичик даражалар) Меҳнат шароитлари харитасида акс эттирмасликка йўл қўйилади. Бунда ушбу Низомда белгиланган ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни (кичик даражалар)нинг тартиб рақамлари сақланиши керак.
30. Меҳнат шароитларининг гигиеник нормативларга мувофиқлигини баҳолаш доирасида аттестациядан ўтказувчи ташкилот томонидан амалга ошириладиган ўлчашлар ўлчашлар протоколлари билан расмийлаштирилиши керак. Ўлчашлар протоколлари ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг ҳар бир омили бўйича расмийлаштирилади ва баҳоланиши керак бўлган меҳнат шароитлари харитасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Жумладан:
а) протоколда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
иш ўринларида аттестация ўтказилаётган корхонанинг тўлиқ ёки қисқартирилган номи;
бевосита аттестация ўтказилаётган, иш ўринларида аттестация ўтказилаётган корхонанинг ёки унинг тегишли таркибий бўлинмасининг амалдаги жойлашган манзили;
ушбу иш ўрни учун ноёб бўлиши керак бўлган протоколнинг идентификация рақами. Протоколларни кодлаштириш тизими аттестациядан ўтказувчи ташкилот томонидан белгиланади;
Хизматчилар ва ишчи касбларининг асосий лавозимлари классификаторига мувофиқ иш ўрнининг, шунингдек ушбу иш ўрнида банд бўлган ходим касбининг номи;
ўлчашлар ва баҳолашлар ўтказилган сана (уларнинг алоҳида кўрсаткичлари);
иш ўринларида аттестация ўтказилаётган корхона таркибий бўлинмасининг номи;
аттестациядан ўтказувчи ташкилотнинг номи;
аттестациядан ўтказувчи ташкилотнинг синов лабораторияси аккредитацияси тўғрисидаги маълумотлар (аккредитация аттестациясининг санаси ва тартиб рақами);
ўлчанаётган омилнинг номи;
ўлчашларнинг қўлланиладиган воситалари тўғрисидаги маълумотлар (прибор, асбобнинг номи, завод рақами, амал қилиш муддати ва текшириш тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами);
улар асосида ушбу ўлчашлар ва баҳолашлар ўтказиладиган норматив ҳужжатлар кўрсатилган ҳолда ўлчашлар ва баҳолашларни ўтказиш усуллари;
рухсат этилган йўл қўйиладиган концентрацияларни (РЭЧК) рухсат этилган чекланган даражани (РЭЧД) тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари (ҳужжатнинг тури, уни чиқарган органнинг номи, рақами ва имзолаш санаси), шунингдек ўлчанадиган омилнинг норматив даражалари;
зарурият бўлганда, ўлчаш ўтказилаётган хонанинг эскизини илова қилиб, асбоб-ускунанинг жойлашишини кўрсатган ва унда ўлчашлар (намуналар олиш) нуқтасини (нуқталарини) тушириб, эскизни илова қилиб аттестациядан ўтказилиши керак бўлган иш ўринлари рўйхатига мувофиқ иш ўрни номини кўрсатган ҳолда ўлчашларни ўтказиш жойи;
ўлчанаётган омил даражасининг норматив ва амалдаги қиймати ва ўлчашлар ўтказиладиган барча жойларда унинг таъсири қанча давом этиши;
ушбу омил бўйича меҳнат шароитлари даражаси;
ўлчашлар ўтказиладиган барча жойларда омилнинг амалдаги даражаси бўйича хулоса, ушбу омил бўйича меҳнат шароитларининг якуний даражаси;
б) иш ўринлари гуруҳи учун битта йиғма протоколда ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг битта аниқ омили бўйича ўлчашлар натижаларини расмийлаштиришга йўл қўйилади;
в) ўлчашлар ва баҳолашлар баённомаси уларни ўтказган аттестациядан ўтказувчи ташкилотнинг мутахассислари, шунингдек аттестациядан ўтказувчи ташкилотнинг масъул мансабдор шахси томонидан имзоланади ва аттестациядан ўтказувчи ташкилотнинг муҳри билан тасдиқланади.
2-§. Иш ўринларининг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш
31. Иш ўринларининг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш аттестациядан ўтказувчи ташкилотнинг мутахассислари томонидан корхона ходимлари билан биргаликда амалга оширилади.
32. Қуйидагилар:
ишлаб чиқариш ускунаси;
технологик жараёнларни амалга оширишда фойдаланиладиган мосламалар ва асбоблар;
меҳнат муҳофазаси масалалари бўйича ходимларни тайёрлашнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги иш ўринларининг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш объектлари ҳисобланади.
33. Иш ўринларининг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш ушбу Низомнинг 32-бандида кўрсатилган объектларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича нормалар, қоидалар ва йўриқномалар талабларига мувофиқлиги юзасидан ўтказилади, ушбу талабларни бажармаслик ходимларнинг жароҳатланишига олиб келиши мумкин, шу жумладан:
механик таъсирлардан ҳимоя қилиш бўйича талаблар;
электр токи таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича талаблар;
юқори ёки паст ҳароратлар таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича талаблар;
кимёвий моддаларнинг заҳарли таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича талаблар.
34. Ишлаб чиқариш ускунасининг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолашда:
фойдаланиш ҳужжатлари комплекти;
ишлаб чиқариш ускунасининг ҳаракатланадиган қисмлари, шунингдек сочилиб кетадиган буюмлар таъсиридан ходимларни ҳимоя қилиш воситалари;
хавф юзага келиши билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш ускунаси элементлари тўсиқларининг мавжудлиги, шу жумладан фиксаторлар, блокировкалар, герметизацияловчи ва бошқа элементлар мавжудлиги;
сигнал бўёқлари ва хавфсизлик белгилари;
ишлаб чиқариш ускунасининг нормал ишлаши бузилишларининг сигнализаторлари, авария билан боғлиқ тўхтатиш воситаларининг мавжудлиги, шу жумладан электр таъминоти тўлиқ ёки қисман тўхтатилганда ва кейинчалик у тикланганда хавфли вазиятлар юзага келишини истисно этишга имкон берадиган қурилмаларнинг мавжудлиги, шунингдек энергия таъминотини бошқариш ҳалқасининг шикастланиши (энергия таъминотини тиклашда ўзбошимчалик билан ишга тушириш, тўхтатиш учун берилган буйруқни бажармаслик);
электр ускуналарини, электр симларини ҳар хил таъсирлардан ҳимоя қилишнинг мавжудлиги ва нормати

Маълумотни таҳрирлади: info - 30-07-2016, 17:07

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ АҲОЛИНИ СИЛ КАСАЛЛИГИДАН МУҲОФАЗА ҚИЛИШ...
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ...
УРУҒЧИЛИК ТЎҒРИСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: