volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » Йиғим-теримни уюшқоқлик билан ўтказиш халқимизнинг пахта хирмони юксак бўлишини таъминлайди(05.09.2014 й)

Йиғим-теримни уюшқоқлик билан ўтказиш халқимизнинг пахта хирмони юксак бўлишини таъминлайди(05.09.2014 й)

Йиғим-теримни уюшқоқлик билан ўтказиш халқимизнинг пахта хирмони юксак бўлишини таъминлайди(05.09.2014 й)Жорий йилда пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги, уруғлик чигит, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида дала бошига етказилиб берилганлиги, сувдан оқилона фойдаланилганлиги, деҳқону-фермерларимизнинг фидокорона меҳнатлари эвазига далаларда мўл ҳосил тўпланишига эришилди. Галдаги асосий вазифа фидокорона меҳнат ҳамда катта харажат эвазига етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатларда ва сифатли йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этишдан иборат.
Пахтани тез ва сифатли йиғиб-териб олиб, мавсумни муваффақиятли якунлаш кўп жиҳатдан йиғим-теримни тўғри ташкил этишга боғлиқ. Аввало, ғўзада 45–50 фоиз кўсаклар очилган муддатда тавсия этилган дефолиантлар билан сифатли қилиб дефолиация ўтказилиши шарт. Теримни бошлашдан аввал далалар кўздан кечирилади, сув йўллари, ариқлар кўмиб текисланади, пахта майдонлари бегона ўтлардан тозаланади. Даланинг боши ва этагидаги 8–10 м майдондаги ғўзапоялар пахтаси териб олиниб, сўнгра ўриб олинади ва ерлар текисланиб терим машиналари, трактор, тиркамалар ва ҳашарчилар юриши учун қулайликлар яратилади.
Пахта йиғим-теримига киришишдан олдин ҳар бир даланинг 5 нуқтасидан конверт усулида 10 тадан ўсимлик намунаси олиниб, улардаги жами кўсаклар сони ва шундан очилганлари санаб чиқилади: кўсакларнинг 80–85 фоизи очилгани аниқланса, теримга киришилади. Мисол учун, 10 туп ғўзада жами 150 та кўсак бўлиб, шундан 120 таси (80 %) очилган бўлса, дала теримга тайёр ҳисобланади. Бундай майдонларда терим ўтказилса, ҳосил баракали, терим суръати ва тола сифати юқори бўлиб, олий навларга топширилади, иқтисодий манфаатдорлик ортади ҳамда пахтани қайта-қайта теришга ҳожат қолмайди, сарф-харажатлар камаяди.
Агар далада 50–60 фоиз ва ундан кам пахта очилганда теримга тушилса, етилмаган кўсакларнинг ҳам пахтаси терилади. Бунда пахта чаноқдан яхши ажралмаслиги туфайли ҳосил сифати пасаяди ва терим салмоғининг камайиши, теримлар сони ва харажатларнинг ортиб кетишига олиб келади. Оқибатда пахта ҳосилининг нобудгарчилиги ортади. Илмий тажрибаларда ҳам йиғим-теримга муддатидан эрта киришилганда ҳосилдорлик 10–15 фоизга камайиши исботланган.
Йиғим-теримни уюшқоқлик билан ўтказиш учун ҳар бир гектарга талаб этиладиган теримчилар сонини тўғри белгилаш ва шу асосда теримни ташкил этиш лозим. Ҳар бир даланинг катта-кичиклигидан қатъий назар ҳосил кўпи билан 2–3 кунда териб олиниши талаб этилади. Ғўза майдонларининг ҳажмини инобатга олган ҳолда зарур бўлган теримчилар сони қуйидагича ҳисобланади. Пахта ҳосили апробациясида ҳосилдорлик гектарига 30 центнерни ташкил қилган бўлса, 1-теримга 80 фоиз кўсаклар очилганда киришилса гектаридан 24 центнердан ёки 2,4 тонна пахта йиғиб-териб олинади.
Теримни 3 кунда якунлаш учун ҳар куни гектаридан 800 кг. дан пахта териб олиниши лозим. Бир теримчи кунига ўртача 65–70 кг пахта теришини инобатга олсак, ҳар гектарга 12–13 нафардан кам бўлмаган теримчи жалб қилиниши зарур. Демак, 5 гектарли далага 60–65 киши, 10 гектарли далага 120–130 киши, 20 гектарли далага 240–260 киши ва ҳоказо. Шунинг учун фермерларимиз 1-теримда экин майдони катталигидан келиб чиқиб, теримчиларни бир гуруҳга тўплаши ва теримни албатта отряд усулида ташкил этиши мақсадга мувофиқ.
Йиғим-терим даврида ҳар 20–30 теримчига битта назоратчи бириктирилиши керак. Улар чала терилган жойлар қолмаслиги, чаноқда бир чигит ҳам қолиб кетмаслигини ва пахтага хас-хашак аралаштирилмасдан тоза терилиши, ерга тўкилмаслигини назорат қилади. Бу теримни намунали ўтказишни таъминлайди.
Агар терим даврида битта чаноқда бир чигитдан қолиб кетса, бир туп ғўзада 2–3 грамм пахта исроф бўлади. Бу гектарига ҳисобланса, ўртача 100 минг туп ғўзада 200–300 кг ёки 2–3 центнер ҳосилни ташкил этади ва камида 200–300 минг сўм иқтисодий зарар кўрилишига олиб келади. 50 гектар пахта майдони мавжуд фермер хўжалигида бу кўрсаткичлар мос равишда 10–15 тонна ҳосил ёки 10–15 млн сўм даромад бой берилиши демакдир.
Пахтани сифатли йиғиб-териб олишда теримлар орасидаги муддатни белгилаш ҳам катта аҳамиятга эга. Илмий асосланган маълумотларга кўра, биринчи терим билан иккинчи терим оралиғи 10–12 кун, иккинчи терим билан учинчи терим оралиғи 15–18 кунни ташкил этиши лозим. Акс ҳолда пахта тўлиқ пишиб етилмай, чала очилган кўсаклар терилиши натижасида ҳосилнинг салмоғи камайиб, тола сифати пасаяди.
Ҳосилни сифатли йиғиб-териб олишда теримчилар ишини тўғри ташкил этиш, эгат узунлиги 50–60 метрдан узун бўлган майдонларда, ҳар 50–60 метрдан кейин теримчиларни янги қаторларга тушириш мақсадга мувофиқдир. Бунда далага махсус байроқчалар қадаб бўлакларга ажратиш яхши самара беради. Шунингдек, ҳар 100 метрда чел ва ўқариқ ўрни текисланиб, тиркамалар юриш йўллари тайёрланади. Ҳар 50 теримчига битта тарози ва битта тиркама бириктирилиши талаб этилади. Бу теримчилар терган пахтасини тез-тез топширишларига қулайлик яратади. Шу билан биргаликда, терим отрядларида теримчиларга иссиқ овқат, чой ва бошқа қулайликлар ташкил этиш, уларнинг узоқ масофада жойлашган далага бориб-келишлари ҳамда бошқа далага ўтишлари учун техникалар бириктирилиши лозим.
Терилган пахта пулини ҳар куни ёки ҳар 5 кунда ҳисоб-китоб қилиниши, илғор теримчиларни моддий рағбатлантирилиши, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун шарт-шароитларни яратилиши иш унумдорлигини ошириб, йиғим-терим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлайди.
Пахтани машиналарда териш. Пахта ҳосилини қисқа муддатларда нес-нобуд қилмай териб олишда машиналардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Ғўза майдонларини машина теримига тайёрлашда пайкаллар юзасининг текислиги, эгат тепасида ва ариқларда йирик кесакларнинг бўлмаслиги, ғўзанинг ҳолати (бир текис ўсганлиги, тупларнинг ётиб қолмаганлиги), далаларни ўт босиш даражаси, охирги культивациянинг сифати, айниқса, терим олди ишларининг (ғўзани чилпиш, дефолиация ва бурилиш майдонларини тайёрлаш) сифатли бажарилиши каби омилларга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Охирги культивацияда ариқлар қатор ораларининг ўртасидан олинса, ғўза туплари атрофида йирик кесаклар пайдо бўлмайди. Ариқларни охирги очишда тупроқ ғўза туплари тагига сурилиши ҳамда ғўзанинг ётиб қолишига йўл қўймаслик керак. Пахтани машиналар билан териш олдидан бир туп ғўзада кўк ва қуриган барглар сони кўпи билан 3–4 тадан ошмаслиги шарт. Машина теримига тайёрланган далаларга қўйилган яна бир талаб – далаларни бегона ўтлардан тозалашдир.
Дефолиация ва десикация қилинган далалар атрофи техникалар ёрдамида яхшилаб текисланиши ва техникалар айланиш майдончалари 10–12 метрдан кам бўлмаслиги керак. Мавсумни қисқа муддатда ўтказиш учун йиғим-терим транспорт отрядлари ташкил этилиши, "дала-бункер-тиркама-пахта заводи” усули қўлланилиши ҳамда машиналар гуруҳ-гуруҳ тартибда ишлатилиши лозим. Машиналар далага ғўза тупидаги кўсакларнинг камида 90 фоизи очилганда, баргларнинг эса 75–80 фоизи тўкилганда туширилади.
Терим олдидан машиналар далада синовдан ўтказилиб, бирон бир носозлик аниқланса, тезда бартараф этилиши зарур. Ҳар 10 та терим машинасига 20–22 та пахта ташийдиган тиркамалар бириктириш иш унумини ортишини таъминлайди.
Уруғлик пахта қандай терилади? Уруғчилик фермер хўжаликларида махсус комиссия томонидан апробация ўтказилгандан сўнг, уруғлик пахтани териб олиш тартибига қатъий риоя қилиниб терим ишлари ташкил этилади. Уруғлик учун ғўза тупининг 3–8-ҳосил шохларининг асосий пояга яқин бўлган биринчи кўсак пахталари териб олинади. Бунда уруғчилик хўжалигининг йўналишига қараб, уруғлик авлодлар (репродукция) бўйича алоҳида-алоҳида терилиши керак.
Уруғлик пахтани териб олишда далада камида 75–80 фоиз кўсаклар очилган бўлиши ҳамда теримда иштирок этадиган теримчилар уруғлик пахтани териб олиш тартиби билан таништирилиши шарт. Уруғлик пахтани теришда теримчиларга махсус чўнтакли этаклар берилиб, касаллик ва зараркунандалар билан зарарланган, хом очилган кўсаклардаги пахталар ён чўнтакка солинади. Умуман, уруғлик пахтани теришга уруғлик ишларидан хабардор, малакали ишчилар жалб қилиниб, масъулият билан ёндошишлари талаб этилади.
Мутахассислар томонидан уруғлик учун яроқли деб топилган ғўза майдонлари бегона ўт ва бошқа нав аралашмаларидан тозаланади. Далада уруғлик пахтани теришга рухсат берилгандан сўнг уруғчи агроном, пахта уруғчилиги бирлашмаси мутахассислари ва "Давуруғназоратмарказ” инспекторлари назорати остида уруғлик пахта терилиши лозим.
Уруғлик пахтани териб олишда пастки ва 8-ҳосил шохидан юқорида жойлашган ҳамда мажбуран очилган, ҳашаротлар билан зарарланган пахталарни териш тақиқланади. Уруғлик пахта тераётган ҳар 10 нафар теримчига битта назоратчи тайинланади. Уруғлик пахта йиғиб-териб олингандан кейин қолган кўсаклар пишиб-етилишини тезлаштириш мақсадида тавсияларга амал қилган ҳолда зудлик билан дефолиация қилинади.
Уруғлик пахта хомашёсини тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларига топширишдан аввал хирмонларда бир-икки кун давомида обдон қуритилади. Бу эса уруғнинг сифати яхшиланиши, физиологик етилишининг тезлашиши, пировардида уруғлик чигитнинг унувчанлиги ва униб чиқиш қуввати ортишига олиб келади. Уруғлик пахтани заводларга жўнатишда қўлда терилган уруғлик пахта юк хати кўндалангига қизил чизиқли, машинада терилган уруғлик пахта юк хати кўндалангига яшил ёки кўк чизиқли, техник пахта юк хати эса чизиқсиз бўлишига алоҳида эътибор қаратилади.
Умуман олганда, терилган пахтани қабул масканларига ташишда тиркамаларда пахта хомашёси яхши бостирилган ва албатта усти брезент билан ёпилган бўлиши шарт. Фермерларимиз терилган пахтани қабул масканларига ўзлари етказиб, юқори навларга топширишса, олинадиган даромад ҳам ортади. Бир сўз билан айтганда, деҳқону-фермерларимизнинг залворли меҳнатлари эвазига етиштирилган "оқ олтин”ни нес-нобуд қилмасдан ёғин-сочинли кунларга қолдирмай саранжомлашда барча имкониятларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда йиғим-терим қатнашчиларига қулай шарт-шароитлар яратиб берилса, халқимизнинг пахта хирмони юксак бўлиши таъминланади.

Маълумотни таҳрирлади: info - 27-07-2016, 15:20

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов барча пахтакорлар ва меҳнаткашларни...
Маълумки, уруғлик пахтани амалдаги қоида ва тартибларига қатъий амал қилган ҳолда...
Долзарб мавсум бошланди Йилнинг деҳқончилик учун бироз ноқулай келиши, албатта,...
Республикамизда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларининг келгуси йилда юқори ҳосилли...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: