volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » » Маъданли ва маҳаллий ўғитлардан уйғунлашган ҳолда ғўзани озиқлантириш бўйича тавсиялар

Маъданли ва маҳаллий ўғитлардан уйғунлашган ҳолда ғўзани озиқлантириш бўйича тавсиялар

 Маъданли ва маҳаллий ўғитлардан уйғунлашган ҳолда ғўзани озиқлантириш бўйича тавсиялар
Қишлоқ хўжалигида минерал ўғитларнинг мақбул меъёрларини қулай муддат ва усулларда қўллаш ҳамда уларни маҳаллий ўғитлар билан тўғри нисбатларда ишлатиш тупроқ унумдорлигини оширибгина қолмай, ғўза ва бошқа экинларнинг ҳам ҳосилдорлигини оширади, ҳам сифатини яхшилайди.
Минерал ўғитларнинг меъёрларини белгилашда етиштириладиган ҳосил миқдорига, тупроқ унумдорлиги, алмашлаб экиш, тупроқ эрозияси, шўрланиш даражасига ва озиқа унсурларининг 1 тонна ҳосил учун сарфланиш миқдорига эътибор бериш керак. Масалан, 1 тонна пахта ҳосили учун ғўза тупроқдан ўртача 55-60 кг азот, 20–25 кг фосфор ва 50–60 кг калийни ўзлаштиради.
Чигит экиш билан бир вақтда гектарига соф ҳолатда 15–20 кг азот, 20–25 кг фосфорли ўғитлар сеялкага ўрнатилган махсус мосламалар ёрдамида экиш чизиғидан 5–7 см четга, 12–14 см чуқурликка солинса, ниҳоллар соғлом ривожланади. Ғўзани биринчи озиқлантиришда (2–3 чинбарг чиқарганда) гектарига соф ҳолда 50 кг азотли ўғитлар (аммиакли селитра 150 кг/га, ёки мочевина 110 кг/га, аммоний сульфат 240 кг/га) қўлланилади.
Тупроқда фосфор кам (15–30 мг/кг гача) бўлган майдонларда азотли ўғитлардан биринчи навбатда, мочевина ва аммоний сульфат, фосфор билан юқори даражада (46 мг/кг ва ундан ҳам юқори) таъминланган майдонларда эса аммиакли селитра ишлатилса, ўғитларнинг самарадорлиги янада ортади. Ёш ниҳоллар эрта озиқлантирилганда ўғитларни ер бетига кўтарилиб чиқишининг олдини олиш мақсадида, улар ўсимликнинг 15–18 см ёнига, 12–14 см чуқурликка солинади.
Агар ўғит белгиланган чуқурликдан чуқур солинса, ниҳолларнинг илдизлари ҳали унчалик ривожланмаганлиги сабабли тўлиқ ўзлаштира олмайди ва сув билан ювилиб, тупроқнинг қуйи қатламига тушиб кетишидан ташқари биологик жараёнлар таъсирида исроф бўлади. Ўғит саёз берилса, асосий қисми ҳавога учиб исроф бўлади ҳамда юза қатламида тўпланган ўғитдан ўсимлик фойдалана олмайди. Агар чигит экиш олдидан ёки экиш пайтида фосфорли ўғитлар берилмаган бўлса, азот ўғитлари билан биргаликда 30–40 кг фосфор, яъни физик ҳолатда 210–280 кг оддий суперфосфат ёки 70–90 кг аммофос ёки супрефос 130–170 кг берилиши керак. Шунингдек, фосфорли ва калийли ўғитларнинг тақчиллигини инобатга олган ҳолда ноанъанавий агрорудалар-бентонит, глауконит лойқаларини гектарига 250–300 кг меъёрда солиш мақсадга мувофиқ.
Ниҳолларнинг яхши ўсиб-ривожланиши, юқори ва сифатли ҳосил бериши учун уларни қўшимча равишда баргдан озиқлантиришда суспензия сепиш зарур. Суспензия қўлланилганда, баргда хлорофилл моддалар миқдори ошиб, пластинкаси қалинлашади, натижада сўрувчи ҳашаротлар зарари кескин камаяди. Ғўзанинг бошқа нохуш омилларга бардошлиги ортади, ҳосилдорлик ошади ва ҳосилнинг пишиб етилиши тезлашади. Барг орқали озиқлантириш меъёрлари ғўзанинг ривожланиш даражасига, барг сатҳи юзаси, кўчат қалинлиги ва қолаверса, илдиз орқали қўлланилган ўғит меъёрларига қараб белгиланади. Биринчи суспензия ғўза 2–3 чинбарг чиқарганда ўтказилади. Бунда суспензияни эрталаб ва кечқурун ҳаво ҳарорати 20–25 оС дан ошмаган пайтда сепиш тавсия қилинади.
Ҳаво салқин ва булутли кунларда суспензияни кун давомида сепиш мумкин. Чунки, эрталаб ва кечқурунги ҳаво мўътадил пайтида барг оғизчалари (устицалар) тўлиқ очилган бўлади ва сепилган препаратлар яхши сўрилиб, баргда фотосинтез кечиши натижасида қайта тақсимланади, органик моддага айланиб, ўзлаштирилади.
Ёмғир ёғаётган пайтда суспензия сепиш тавсия қилинмайди. Чунки, озиқа моддалари ювилиб, ўғитларнинг самараси пасайиб кетади. Дастлаб, чигит униб чиқиш даврида ниҳолларнинг ёшлигини инобатга олиб, яъни озиқа моддаларни барг орқали ўзлаштириши (барг сатҳининг кичиклиги) ўсимликнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда эритма тайёрланади. Бир гектар майдонга етадиган эритма тайёрлаш учун 50 литрлик идишдаги сувда физик ҳолда 5 кг карбамид эритилади, кейин эритмани 100 литрлик идишдаги сувга қуйиб яхшилаб аралаштирилади. Тайёрланган эритманинг меъёри (концентрацияси) тавсия этилганидан ортиқ бўлса, ёш ниҳолларни куйдириши мумкин, аксинча, меъёри паст бўлса, самараси сезиларли бўлмайди.
"Максам-Чирчиқ” корхонасида ишлаб чиқарилаётган КАС (карбамид-аммиакли селитра) ўғитидан 5 л/га меъёрда, шунингдек "Самарқандкимё” ОАЖда ишлаб чиқарилаётган тайёр ҳолдаги суюқ ўғит фосфорли суспензиялаштирилган суюқ селитра (ФССС) ни гектарига 11 литр қўллаш тавсия этилади. Суспензия сепишда ПГС ёки ОВХ-600 мосламаларидан фойдаланиш яхши натижа беради. Пуркагичларга ўрнатилган бочкаларга 80–100 литр тоза сув ва 100 литр махсус тайёрланган эритма қуйилади. Бир гектар майдонга 180–200 литр суюқликни сарфлаш учун насосдаги монометрлар кўрсаткичи тракторнинг юриш тезлигига мослаштирилади. Бунда, ҳар гектарига 180–200 литрдан кам суюқлик сарфланиши кутилган натижа бермайди. Биринчи суспензияни фақат штангали пуркагичларда қўллаш тавсия этилади.
Иккинчи суспензия ғўзанинг 5–6 чинбарг даврида сепилади. Бунда 50 литрлик идишдаги сувда физик ҳолда 8 кг карбамид эритилади, кейин эритмани 100 литрлик идишга қуйиб яхшилаб аралаштирилади. Аралашма бир гектарга сепилади. Шунингдек, "Самарқандкимё” ОАЖда ишлаб чиқилган ФССС ўғитини гектарига 14 литр ёки КАС ўғитини 7 л/га меъёрда ишлатиш ҳам мумкин. Иккинчи суспензияни сепишда тракторларга ўрнатилган бочкаларга 200 литр тоза сув ва 100 литр тайёрланган эритма қуйилиб, яхшилаб аралаштирилади ва гектарига 300 литр миқдорда ишчи эритмаси қўлланади.
Суспензия билан ишлов беришда Фитовак (200–300 мл/га), Гумимакс 0,15–0,20 л/га, Узгуми 0,3–0,4 л/га, Альбит 40–50 мл/га ва бошқа шунга ўхшаш стимуляторлар қўшиб ишлатилса, ғўзанинг ўсиш-ривожланишига ижобий таъсири кучаяди. Пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда минерал ўғитлар ҳамда сувдан унумли фойланишни давр тақозо этмоқда. Бу борада Нарпай тумани фермер хўжаликларида бир неча йиллардан буён амалга оширилиб келинаётган ғўзани шоналаш даврида бир марта озиқлантириш тажрибаси эътиборга молик. Бунда ғўза шонага киргунча далада қуйидаги тадбирлар: икки марта культивация, бир марта чуқур юмшатиш ўтказилиши шарт.
Навоий вилояти туманларида минерал ўғитларни ғўзани шоналаш даврида ўсимликнинг 14–16 см ёнига ва 15–17 см чуқурликка солинади, шундан сўнг пешма-пеш суғориш ишлари ўтказилиши лозим. Айрим тупроқ унумдорлиги паст ҳамда механик таркиби енгил қумлоқ тупроқларда ғўзалар шонага кирган майдонларда гектарига соф ҳолда 70–75 кг азот ва 30–50 кг калий бериш керак, бу эса гектарига 210–225 кг аммиакли селитра ёки 150–160 кг мочевина ва 55–90 кг калий хлоридни ташкил этади. Ўғитлар ўсимликнинг 20–22 см ёнига, 14–16 см чуқурликка берилади. Ғўзалар гулга кира бошлаган пайкалларда азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70–75 кг азотни (аммиакли селитра 210–225 кг) ва 40–50 кг соф ҳолда фосфорни (аммофос 80–100 кг ёки оддий суперфосфат 280–350 кг ёки супрефос 170–215 кг) ташкил қилади.
Агар ғўза қатор оралари 90 см бўлса, 2–4 чинбарг ва шоналаш даврида 60 см қатор оралиғидек, гуллаганда эса ўғит ўсимлик қатордан 30–35 см ёнига, 60 см.да эса қатор оралари ўртасига 14–16 см чуқурликка солинади. Тўла чиритилган, қуритилган ва эланган гўнг ёки компостларни ғўзанинг ўсув даврида маъдан ўғитлар 1 кг азот ўғити ҳисобига 2–2,5 кг гўнг билан қўшиб ишлатиш ҳам яхши фойда беради. Бунда ғўзани шоналаш ва гуллаш даври бошида гектарига 500–700 кг қуруқ маҳаллий ўғит ёки компостларни маъдан ўғитлар билан биргаликда қўллаш пахта ҳосилини 2–3 центнерга оширади. Маҳаллий ва маъдан ўғитлар қўшиб ерга берилса, ўғитлар таркибидаги озиқа унсурларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради. Ўсув давридаги озиқлантиришни охирги муддати ғўза гуллай бошлашининг 10-кунига тўғри келиши керак, бундан кечикса ғўзанинг ривожланиш даври чўзилиб кетиши мумкин.
Шарбат усули қўлланилганда маҳаллий ўғит ғўза экинларига озиқа бериши билан бирга мульча вазифасини бажариб, сувнинг буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни кўпроқ сақлайди. Бунинг учун ҳар бир контурнинг сув кирадиган жойига шарбат учун хандак (ўра) қазилиб, суғоришдан 4–5 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб жижа тайёрланади. Бунда тоза мол гўнгги, чириган гўнг ёки компостдан фойдаланиш мумкин.

Ф.Ҳамроев

Маълумотни таҳрирлади: info - 8-08-2016, 09:20

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Тупроқ унумдорлигини тиклашда, минерал ўғитларнинг самарадорлигини, қишлоқ хўжалик...
Биринчи озиқлантиришда ўғит ўсимликлар қаторидан 15-18 см, шоналаш даврида 20-22 см...
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалигигида асосан азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар кенг...
Жаҳон тажрибаларида минерал ўғитлар сарфи қандай? Бу саволга...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: