volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть

Ў Ғ И Т Л А Ш

Ў   Ғ   И   Т   Л   А   Ш
Токчиликда ўғитларни қўллаш самарадорлиги кўпгина омиллар билан белгиланади, улар ичида тупроқнинг табиий унумдорлиги, унинг намланганлиги, умумий ток ўстириш маданияти ва токларнинг тупроқдан озуқа моддаларини истеъмол қилиш қобилияти кабилар муҳим ўрин эгаллайди.
Ҳосил ва токнинг вегетатив массаси билан тупроқдан анча озуқа моддаларининг олиб чиқилиши тупроқнинг табиий унумдорлигини яхшилаш ва уни керакли даражада сақлаб туришни талаб қилади.
Қўриқ ва қайта тикланган ерларда (айниқса ерларни капитал текислашда тупроқ қатлами анча чуқурликда олиб ташланган холларда) янги токзорлар барпо этишдан олдин тупроқ унумдорлигини кўп миқдорда органик ўғитлар (40 тоннагача) солиш қўшимча равишда тегишли миқдорда минерал ўғитлар солиб, 1-2 йил давомида оралиқ экинлар етиштириш йўли билан яхшилаш талаб этилади.
Яхши текисланган, органик моддалар билан бойитилган, кўп йиллик бегона ўтлардан тозаланган майдонларда ток ўтқазишдан 2-3 ой олдин ер чуқур ҳайдалади.
Ток ўстириш учун суғориладиган алмашлаб экилган ерларни ўзлаштиришда чуқур ҳайдашдан олдин минерал ўғитларнинг асосий миқдорини гектарига (120 кг. азот, 90 кг. фосфор ва 30 кг. калий) органик ўғитлар гектарига 5 дан 20 тоннагача қўшиб солиш мумкин.
Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида органик ўғитларнинг (айниқса гўнг) катта самарадорлигини ҳисобга олиб, токчиликда бу ўғитлардан тежаб ва мақсадга мувофиқ фойдаланиш зурар. Бунинг учун гўнг ўрнида таркибида чириган органик моддалар бор чиқиндилардан (узум тўпони, ўсимлик қолдиқлари) кенг фойдаланиш керак. Уларга фосфор, калий, микроэлементлардан (кул, суяк, саноат чиқиндилари) иборат минерал моддалар қўшилади.
Бундай органик моддаларни солиш нормаси гўнг солиш нормасига нисбатан 2-3 маротаба юқори бўлиши керак.
Узумдан мўл ҳосил олинадиган токзорларда хар 3-4 йилда гектарига 20-40 тн. миқдорида органик ўғитлар солиб туриш зарур. Бунда ўғит ток туплари қишга кўмилгандан кейин ерни 25-35 см. чуқурликда ҳайдаб, гўнг сочгич билан солинади. Органик ва минерал ўғитларни чуқур ковлагич билан қазиладиган 60 х 60 см.ли чуқурларга солиш жуда самаралидир. Бунда ҳар бир чуқурга 20-30 кг.дан ўғит солинади.
Ток ўтказилган дастлабки икки йилида илдиз системаси кучсиз ривожланган бўлиб, тупроқда унча чуқур жойлашмайди ва экишдан олдин тупроқнинг унумдорлигини яхшилаш сув ҳаво режими қулайлигида ўсимликларнинг минерал ўғитлар билан етарлича озиқланишини таъминлайди.
Шу билан бирга ток қатор ораларида полиз ва сабзавот экинларини улар учун қабул қилинган ўғитлаш ва суғориш технологияси бўйича етиштиришда ҳам токзорларда қулай сув озуқа режими яратилади.
Суғориладиган бўз тупроқларда ўстириладиган ҳосилдорлиги гектаридан 200-250 цн.ли токзорларда минерал ўғитларнинг асосий меъёри 120 кг. азот, 90 кг. фосфор ва 30 кг. калийни (таъсир этувчи модда) ташкил этади.
Ҳосилдорлиги янада юқори бўлган, шунингдек унумсиз тупроқларда (қумлок, тошлоқ) ўстириладиган токзорларда фосфор ва калий меъёрини гектарига 90-120 кг.гача ошириш мумкин.
Ток новдалари яхши ўсмаганда ёки тупда кўп ҳосилли новда ва шўралар ривожланиб, ҳосил мўл бўлган йилларда, ёки физиологик актив моддалар (гиббереллин, ТУР) кўлланилганда, токларни биринчи маротаба май ойида, иккинчи маротаба 10-15 кундан кейин гектарига 60 кг. азот, 45 кг. фосфор ва 15 кг. калий билан қўшимча минерал озиқлантириш талаб этилади.
Суғорилмайдиган ерлардаги токзорларда тупроқда етарлича нам тўпланганда (кеч куз ва баҳорда) органик ўғитлар аралашмасини солиш керак, бу ўғитларнинг ўсимлик илдизларига яхши етиб боришини таъминлайди. Бундай шароитда ўғитларни чуқурчаларга солиш айниқса самаралидир. Ўртача қумоқ тупроқларда гектарига 3 тн. гўнгни минерал ўғитлар гектарига 60 кг.дан азот ва фосфор ва 15 кг. калий билан 30-40 см. чуқурликка солиш зарур. Оғир қумоқ тупроқларда 1 тн. гўнг билан 30-40 см. чуқурликка солиш зарур. Оғир қумоқ тупроқларда 1 тн. гўнг гектарига 120 кг. азот, 90 кг. фосфор ва 30 кг. калий билан қушиб 40-50 см. чуқурликка солинади.
Комплекс минерал ўғитлар (аммофос, нитрофос ва бошқалар) оддий ўғитларга нисбатан бир қатор агрокимёвий иқтисодий афзалликларга эга.
Озиқа элементлари бўйича уларнинг солиш миқдори оддий ўғитлар учун тавсия этилган солиш миқдори билан бир хил. Шунинг учун озиқа элементлари таркибини кўпайтириш учун комплекс ва оддий ўғитлардан биргаликда фойдаланиш керак.
Масалан, суғориладиган ҳосилдор токзорларда ҳар йили баҳорда токлар очилгандан кейин гектарига 225 кг. аммософ билан бирга 225 кг. аммиакли селитра ва 250 кг. калий тузлари ёки 455 кг. нитрофос ҳисобидан минерал ўғитлар солинади.
Токларга гуллашдан икки ҳафта олдин вентиляторли пуркагичлар билан ишлов берилади. ТУР таъсирида ҳосилдорлик 40% га ошади.
Узум бошининг ўртача оғирлиги яхши мева тугиши ҳисобига 1,5-2 маротаба ортади. Уруғсиз навларга ТУР препаратининг 1%ли эритмаси билан гуллашидан 2 ҳафта олдин ишлов бериш мақсадга мувофиқдир, кейин тўпгулларга гибереллин эритмаси пуркалади.

ТОКЛАРНИ СОВУҚДАН САҚЛАШ

Ўзбекистон майдонининг катта қисмида айрим йилларда қишда ҳаво ҳарорати минус 25-30оСгача пасаяди, бу токни қишда кўмишни талаб этади.
Новдаларнинг яхши пишиши ва чиқишини таъминлайдиган юқори агрофонда ўстириладиган токлар яхшироқ қишлайди. Қишки захира суви бериш ҳам совуқнинг зарарли таъсирини сусайтиради.
Худди шунга ўхшаш ҳолни ёз охирида азотли ўғитлардан фойдаланилганда ҳам кузатиш мумкин, чунки бу ўғитлар новдаларнинг ўсиш даврини чўзиб юборади ва пишишини секинлаштиради.
Токлар дастлаб кузда кесилгандан кейин кўмишдан олдин қатор бўйлаб қўндоқлаб ётқизилади, МПВ машиналари бўлса, ток новдалари шу машиналар ёрдамида ётқизилади. Ўзбекистоннинг шимолий туманларида ток устига ётқизилган тупроқ уюмининг баландлиги 25-30 см., бошқа туманларда эса 20-25 см. бўлиши керак.
Ўзбекистоннинг шимолий туманларида ток учун ҳавфли кузги совуқлар ноябрнинг бошида тушади, шунинг учун токни кўмиш ишлари бу ерларда 1 ноябрда, қолган туманларда 10 ноябргача тугатилиши керак.
Токлар яхши кўмилиши зарур. Ёмон кўмилган ёки кеч кўмилган ток кузги совуқлардан, кейинчалик эса қишки совуқлардан зарарланади, новдаларни совуқ уради ва улар қуриб қолади.

ТОКЗОРЛАРНИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ

Токзорларни реконструкция қилиш, токзорларини кенгайтириш мақсадида ҳосилдор токни кўчириб ўтказиш, комплекс механизация ва илғор технологияни қўлланиш имкониятини яратиш, тупларга шакл бериш ва қатор оралари кенглигини ўзгартириш, кам ҳосилли навларни истиқболли навлар билан алмаштириш, сув таъминотини яхшилаш учун қаторлар йўналишини ўзгартиришни кўзда тутади.
Токзорларни қайта тиклашдан олдин ерларни ўлчаб, съёмка қилиш, асосий текислаш, агромелиоратив ишларни ўтказиш, тупроқни чуқур ҳайдаш ва унумдорлигини тиклаш, майдонни ташкил этиш режаларини тузиш керак. Кўчириб ўтқазиш учун зарур бўладиган районлаштирилган нав кўчатларига бўлган эҳтиёж аниқланади.
Токзорларни қайта тиклаш ва нав таркибини тартибга солишда республикада узумчилик структурасини тубдан қайта қуриш ва навлари нисбатини хўраки ҳамда майизбоп навлар фойдасига ўзгартиришни кўзда тутиш керак.
Шу билан бирга республикада ялпи узум ҳосилини камайтирмаслик учун бу ишларни режа асосида йилма-йил амалга ошириш ва яхши агротехник парваришлаш ҳисобига эски токзорлардан юқори ҳосил олиш лозим.
Тошкент вохаси ва Фарғона водийси узумнинг хўраки навларини, республика жанубий-ғарбий (Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятларининг бир қисми) кишмиш-майизбоп навларини етиштиришга ихтисослашган.
Токзорларда узумнинг қуйидаги хўраки ва кишмишбоп навларини етиштириш мақсадга мувофиқдир. Ўта эртапишар ва эртапишар хўраки навлар – Китоб сурхоки, Эртапишар, Ранний Шредера.
Эрта эртапишар – Қора кишмиш, Кишмиш Ботир ва Кишмиш Суғдиёна, Ўртапишар – Хусайни, Қора жанжал, Гўзал қора, Оқ кишмиш, Кишмиш Хишров, Зарафшон кишмиши, Катта Қургон, Ўрта кечпишар – Мускат Александрийский, Султони, Нимранг, кечки навлар – Ўзбекистон мускати, Пушти тоифи, Октябрский.
Кейинчалик узумнинг август ойида пишадиган йирик оқ мевали кишмишбоп навлари – Кишмиш Ботир, Кишмиш Хишров, Кишмиш Зарафшон, Кишмиш Суғдиёна экиладиган майдонларни кенгайтириш зарур. Бу кишмишни қулай об-ҳаво шароитида қуритишни таъминлайди. Йирик қора мевали Кишмиш Суғдиёна сентябр ойида пишади ва ташиш ҳамда узоқ вақт сақлашга ярайди. Юқоридаги барча навлар янгилигича ейишга ва қуритишга ярайди.
Узумнинг хураки-майизбоп Оқ Султони, Катта Қўрғон, Ўзбекистон мускати ва Мускат Александрийский навларидан юқори сифатли майиз олинади.
Токзорларда хўраки навлар билан бирга 10-12% техник навлар бўлиши керак, уларни қайта ишланиб, юқори сифатли шарбатлар, мусалласлар ва шампан виноларни (Кульжинский нави, Ркацители, Сояки, Баян Ширей, Мускат венгерский) ишлаб чиқарилади. Техник навлар парваришлашга кам маблағ талаб этади. Бу меҳнат ресурсларидан унумлироқ фойдаланиш имконини беради. Узум бошлари йирик ва ўртача, мевалари серсув ва этли кўпгина техник навлардан жойида хўллигича ейиш ва қисман республика ташқарисига чиқариш учун фойдаланиш мумкин.
Бу навлардан хўраки нав сифатида фойдаланиш учун махсус қўшимча тадбирларни амалга ошириш, биринчи навбатда хўраки навлар каби хомток қилиш, ҳосили пишиб етила бошлаганда эса узум бошларига қуёш нурларининг яхши тушиши учун баргларини сийраклаштириш тавсия этилади. Бу ишлар шу навнинг хўракилик сифатларининг (ранги, қанд тўпланишига, мевалари механик хусусиятлари) яхшиланишига ёрдам беради. Бу навларнинг ҳосили техник ишлов бериш учун териб олинадиган муддатда 10-12 кун кечроқ ва меваларнинг шарбатида қанд моддаси 20% дан кам бўлмаганида узилади.
Янги токзорлар узумчиликдаги мавжуд фан техника тараққиёти ютуқларидан фодаланган ҳолда барпо этилади. Иқлим шароити токнинг қишлаши учун қулай бўлган Сурҳандарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларинингг бир қисми, Қўқоннинг бир гурух туманларида токни баланд танали қилиб шакллантириб кенг қаторларда ўстириш мақсадга мувофиқдир, бу ҳосилдорликнинг анча ошишига ва меҳнат ҳаражатларининг камайишига ёрдам беради.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида эртапишар узум навларини кўп миқдорда ўстириш керак, бу Тошкент шаҳри аҳолисини 1ой илгари янги узум билан таъминлаш ва республикадан четга ҳам жўнатиш имконини беради.
Узумнинг хўраки-майизбоп Нимранг, Катта Қўрғон навларидан токзор барпо этишда шуни ёдда тутиш керакки, бу навларнинг гули урғочи типли бўлиб, чанглатувчи навлар билан бирга (1-2 қатор оралатиб) ўстиришни талаб этади.
Нимранг нави учун Қора кишмиш, Пушти тоифи ва Мускат венгерский, Катта қўрғон нави учун Қора кишмиш ва Ркацители навлари чанглатувчи сифатида хизмат қилиш мумкин.

ҲОСИЛНИ ЙИҒИШТИРИШ ВА ТАШИШ

Узум ҳосилини ўз вақтида ва туғри йиғиштириб олиш учун ҳосилни йиғиштириш режасини тузиш керак. Режа ўз ичига олинадиган ҳосил миқдорини олдиндан аниқлаш, мева сақлагич идишлари, зарур бўладиган транспорт воситалари, қуритиш майдончалари. Маҳсулотни қишда сақлаш учун омборлар тайёрлаш ва шу каби бир қатор ишлаб чиқариш технологик ишларни олади.
Ҳосилни йиғиштириб олиш вақти унинг пишганлиги ёки маълум бир маҳсулот ишлаб чиқариш узумнинг қандлилиги ва кислоталилиги бу мақсад учун яроқлилиги билан белгиланади. Кишмиш навлар қандлилиги 24-25%лигида, майизбоп навлар 22-23%лигида узиб олинади. Оқ мусаллас ишлаб чиқариш учун узум қандлилиги 17-18%, қизил мусаллас учун 18-20%лигида, хўраки навлар таркибида қанд миқдори 16-17% ва ундан юқорилигида йиғиштириб олинади.
Узум қуритиш ёки жойларга юбориш учун мўлжалланган токзорларни суғориш ҳосил йиғиштириб олишдан 2-3 ҳафта олдин тўхтатилиши керак.
Узумни ҳаво қуруқ вақтда узиш керак. Хўраки навлар танлаб, фақат пишган узум бошларигина узилади. Узум бошлари ўткир боғ қайчи ёки махсус қайчилар билан кесилади, бунда узум бошини бандидан ушлаб туриш керак. Зарарланган ёки шикастланган мевалар алохида жойланади. Узилган узум бошлари яшикларга ёки сиқими 10-12 кг.ли саватларга жойланади. Навларни аралаштириб юборишга йўл қўйилмайди.
Узумни қаторнинг ўртасидан бошлаб узиш ва қаторнинг икки томонидаги йўлга олиб чиқиш керак.
Узум махсус шийпон ёки жойида яшикларга жойланади. Узумни яшикларга жойлаштиришда бандлари пастга қаратиб қўйилади, яшикда бўш жойлар бўлмаслиги керак, бундай жойларга массаси 150 г.дан кам бўлган узум бошлари жойланади.
Узумни поездларда ёки самолётда жўнатишда яшик қопқоғининг иккита четки тахтачалари қоқилган бўлиши керак. Яшикларни тахлашда бу тахтачалар рейка қистирмалар учун таянч бўлиб хизмат қилади.
Узум қуритиш учун сиғими кўпи билан 20 кг.ли яшикларга йиғилади ва қуритиш пунктига ташилади, у ерда сараланади ва бракка чиқарилади. Эзилган ва яхши пишмаган йирик узум бошлари ғужумларига бўлинади ва кейинги жараёнга узатилади.

С. Тешаев

Маълумотни таҳрирлади: info - 8-08-2016, 08:33

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида янги...
Картошкачилик халқ хўжалигида катта аҳамиятга эга. Шу туфайли картошка етиштиришни...
Токзор барпо этишдан олдин майдонни танлаш, тошлардан тозалаш керак. Механизмларни...
Калий экинларнинг салбий омиллардан ҳимояланишида, ҳосил сифатини оширишда муҳим...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: