volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » » томчилатиб суғориштехнологиясининг бугуни ва эртаси ҳақида

томчилатиб суғориштехнологиясининг бугуни ва эртаси ҳақида

 томчилатиб суғориштехнологиясининг бугуни ва эртаси ҳақида
Ўтган асрнинг ўрталарида турли мамлакатлар фермерлари томчилатиб суғоришни қўллаш усули орқали маҳсулот унумдорлигини ошириш, тупроққа ишлов бериш харажатларини камайтириш, айни вақтда сувни ҳам тежаб-тергаб ишлатишга эришиш мумкинлигини кашф этдилар. 80-йилларга келиб томчилатиб суғориш дунё мамлакатларига, суғоришимкониятлари қандайлигидан қатъий назар, тобора кенгроқ тарқала бошлади. Бугунги кун бозорида томчилатиб суғориш ускуналаридан қишлоқ хўжалиги, шунингдек, кўкаламзорлаштириш ишлари ва хусусий томорқа майдонлари дала ҳовлиларда кенг фойдаланилмоқда. Томчилатиб суғориш бу — сувни аста-секин, милдиратиб, айнан ўсимлик илдизи жойлашган ерга етказиб беришдир. Тупроқдаги намликни оптимал даражада ушлаб турар экан, бу суғориш усули сувнинг қуёш ва шамолда буғланиб кетишига ҳам йўл қўймайди.
Президентимизнинг «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган юридик шахсларнинг 5 йил муддатга ягона ер солиғидан озод этилиши белгилаб қўйилгани ва бу норманинг тегишли қонунларда ўз аксини топиши юртимизда замонавий суғориш тизимлари инфратузилмасини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Кейинги йилларда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш мақсадида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли илмий муассасалар томонидан тежамкор технологияларни яратиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, Тошкент ирригация ва мелиорация институти олимлари маҳаллий хом-ашё негизида арзон ва сифатли томчилатиб суғориш технологияси ишлаб чиққани ва у республикамизнинг кўплаб ҳудудларида тажриба сифатида қўлланилаётганини алоҳида эътироф этиш ўринли.

Томчилатиб суғоришни амалда қўллаётган фермерларимиз сўзларига қараганда, томчилатиб суғорилган майдонларда одатдаги сув сарфи пахтачиликда 65 фоизгача, боғ, узум ва сабзавотчиликда 54 фоизгача тежалади. Меҳнат ва моддий ресурслар сарфи икки баробаргача қисқаради. Қолаверса, бундай тадбирлар амалга оширилган деҳқончилик майдонларида ҳосилдорликнинг мос равишда ортиб бориши кузатилмоқда. Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикасининг шўрланган ерларида етиштирилаётган сабзавотлар илдизи яқинидаги тупроқ шўри 35 фоизгача камайишига эришилади.

Шу ўринда мамлакатимиз сув хўжалиги амалиётига замонавий технологияларни жорий этишда халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЦ) лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида, БМТнинг озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) томонидан Наманган вилоятида катта майдонларда томчилатиб суғориш тизими жорий этилди.

Томчилатиб суғориш оғир иқлим шароитларига эга ва сув заҳиралари чекланган мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигида ўсимликларни суғоришнинг танлаб олиш имкониятини бермайдиган ягона усули сифатида вужудга келган.

 томчилатиб суғориштехнологиясининг бугуни ва эртаси ҳақида
Наманган вилоятидаги Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси маълумотларига қараганда, 2012 йилда вилоятда юз гектарга яқин майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. 2013 йилда бу кўрсаткич 300 гектарни ташкил этган бўлса, 2014 йили эса олдинги йилларга нисбатан бир неча баробар кўп майдонни шу технология асосида суғориш жорий этилди.

Қамаши туманидаги «Худойберди ўғли Жуманазар» фермер хўжалиги эса сабзавотчиликда томчилатиб суғориш технологиясини синовдан ўтказди.

Фермер хўжалиги раиси Жуманазар Норчаев ўтган йили Осиё тараққиёт банкининг 32 миллион сўмлик гранти асосида келтирилган томчилатиб суғориш ускуналарини қўллаб, 1 гектар майдонда ҳосил парваришлади.

— Сув биз тасаввур этган даражада тежалди. Айтайлик, оддий усулда 1 гектар майдонга 1000-1200 куб сув сарфланса, томчилатиб суғориш тизими орқали экинни 300-400 куб сув билан тўлиқ қондириш мумкин. Қисқаси, бир ўқ билан икки қуён эмас, бир нечта қуённи урса бўлар экан, — дейишди хўжалик меҳнаткашлари. — Асосийси, помидорнинг ҳосилдорлиги анча ошди. Натижада 55 тонна ҳосил териб олинди.

Косон туманидаги «Холмирза Умид» фермер хўжалиги раиси Турсунпўлат Умиров ҳам 1 гектар майдондаги ғўзани томчилатиб суғориш технологияси асосида парваришлаб, янги усул афзалликларини синовдан ўтказди. Натижа кутилганиданда аъло бўлди. Бу хўжалик ҳам Осиё тараққиёт банки гранти ҳисобидан 34 миллион сўмликдан зиёд қувур ва бошқа асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатган. Бир гектар майдондаги эгатларга қувурлар ётқизиб чиқилди. Махсус ҳовузда сув тўпланиб, махсус ускуна ёрдамида эгатларга меъёрида сув берилди.

— Энг муҳими, томчилатиб суғорилганда тупроқ қотмади. Қўл меҳнатига, культивация қилишга ҳам ҳожат қолмас экан, — дея изоҳ беради хўжалик раиси Турсунпўлат Умиров.

Осиё тараққиёт банки глобал экологик фондининг сув танқис ҳудудларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш лойиҳасида Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Қашқадарё филиали олимлари ҳам фаол иштирок этишганлигини алоҳида эътироф этиш зарур. Улар томонидан лойиҳа доирасида ўузор туманидаги «Обиджон Лазиз» ва «Боймуродов Турдимурод Абдисаломович» фермер хўжаликларида сув танқислигининг олдини олиш, ғалладан бўшаган майдонларга оралиқ экинлар экиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича иш олиб борилди.

Аму-Қашқадарё ирригация тизими ҳавза бошқармаси маълумотларига кўра, Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги «2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ва ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Давлат дастури асосида ҳозирги кунда вилоятда уч юз гектардан ортиқ майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган.Аслида, сувни тежашнинг самарали технологияларини жорий этиш бўйича Қашқадарё вилоятида ҳам муайян тажриба бор. Энди синовдан ўтган ва истиқболли ҳисобланган тежамкор суғориш усулларини кенгроқ ёйиш ва шу орқали воҳада кейинги йилларда кузатилаётган сув танқислиги муаммосини енгиллаштиришга эришиш лозим.

Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Бухоро филиали ўқув илмий марказидаги экинзорларда суғоришнинг замонавий технологияларини қўллаш сув сарфини кескин камайтириш имконини бермоқда.

Марказнинг бир гектар майдондаги токзор ва икки гектарли интенсив боғида томчилатиб суғориш қурилмалари ўрнатилди. Одатда томчилатиб суғоришда тиндирилган тоза сувдан фойдаланилади. Филиал марказида эса лойқа оқар сувни тиндирмасдан томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Дастлабки ҳисоб-китоблар ҳам бу усул ўзини оқлаганини кўрсатмоқда. Негаки, сувни тозалаш учун кетадиган вақт ҳам, маблағ ҳам тежаб қолинади.

Бундан беш-олти йил аввал мамлакатимиз шароитида томчилатиб суғориш тизимининг айрим қисмларинигина ишлаб чиқарувчи биргина «Санипласт» қўшма корхонаси фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунга келиб бундай корхоналар сони бир қадар кўпайди. Бошқачароқ айтадиган бўлсак, республикамизда ҳозирги кунда ушбу технология — томчилатиб суғориш учун талаб этиладиган жиҳоз ва анжомларнинг 95 фоизи ишлаб чиқарилмоқда.

Агар сув насоси «Сувмаш» заводида тайёрланса, фильтр, ҳар хил диаметрдаги пластик қувурлар, шланглар, ёрдамчи ва уловчи қисмлар Шўртан газ кимё мажмуаси, «Махсусполимер», «Жиззахпластмасса» ва бошқа корхоналарда ишлаб чиқарилмоқда.

Энг асосийси, авваллари тўлиқ четдан келтирилган томизгичлар эндиликда Тошкент шаҳридаги «Pipe tehnologies» масъулияти чекланган жамияти корхонасида ишлаб чиқарила бошланди. Маҳаллий хомашёлардан тайёрланаётган ускуналар белгиланган талабларга тўлиқ жавоб беради. Бу эса томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш таннархини пасайтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлмоқда.

Шу ўринда Шўртан газ кимё мажмуасидан олинган маълумотларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Унга кўра, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 июндаги қарорлари қабул қилиниб, 2013-2017 йиллар мобайнида республика бўйича 25 000 гектар майдонда фермер хўжаликларида имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан томчилатиб суғориш технологияси жорий қилиш бўйича Давлат дастури ишлаб чиқилди.
 томчилатиб суғориштехнологиясининг бугуни ва эртаси ҳақидаУшбу қарорларга асосан Шўртан газ кимё мажмуасининг томчилатиб суғориш тизимини ишлатишга ўқитиш ва лойиҳалаш гуруҳи томонидан 2014 йилда бир қанча фермер хўжаликлар ва ташкилотларда ушбу тизим ишга тушириб берилди. Жумладан, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани «Файзи рамз» фермер хўжалигида 5 гектар, Самарқанд Давлат университетига қарашли «Ботаника боғи»да 5 гектар, Қашқадарё вилояти «Муборакнефтгаз» УШКга қарашли Шахрисабз туманида жойлашган 50 гектарлик боғ майдонларида томчилатиб суғориш тизими тўлиқ ишга туширилди ва фойдаланиш бўйича ўқитиш ишлари олиб борилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги 109-сонли йиғилиш баёнига асосан жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида 25 гектар, Хўжейли туманида 10 гектар ва Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши резиденциясида 15 гектар, жами 50 гектар майдонларда янги боғлар барпо этилиб, томчилатиб суғориш тизими монтаж қилиниб, ишга туширилди.

Ушбу жамоанинг келаётган янги йилда режалаштирилаётган ишлари ҳам салмоқли. Масалан, Қашқадарё вилоятидаги «Деҳқонобод калийли ўғит ишлаб чиқариш» заводига қарашли 24 гектар, Қорақалпоғистон Республикаси «Устюртгазкимё мажмуаси»га қарашли 25 гектар, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида «Оҳангарон метан газ» МЧЖ га қарашли 30 гектар майдонларда томчилатиб суғориш тизимини ишга тушириш бўйича шартномалар имзоланган. Ҳозирги кунда ушбу корхоналарда ерни тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан томчилатиб суғориш технологияси жорий қилиш бўйича Қашқадарё вилояти Косон туманидаги «Мўминова Гулбаҳор» фермер хўжалигида 25 гектар, Қарши туманидаги «Холиёр Хожи» фермер хўжалигида 20 гектар, ўузор туманидаги «Сардор Сарвар» фермер хўжалиги 28 гектар, ўузор тумани «Юсуф» фермер хўжалиги 15 гектар, Қамаши тумани «Агро-Ниҳол-Зироат» фермер хўжалиги 30 гектар, Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги «Суннат Йўлдош» фермер хўжалиги 4 гектар, Олтинсой тумани «Ҳусан» фермер хўжалиги 14.9 гектар, Қумқўрғон тумани «Қорсоқли» фермер хўжалиги 50 гектар, Термиз тумани Термиз пахта қабул қилиш пунктига қарашли 10 гектар ер майдонлари учун лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган бўлиб, томчилатиб суғориш тизими 2015 йилда амалга оширилади.

Такрор бўлсада таъкидлаш жоиз, бугун мамлакатимиз табиий иқлим шароитига тўла мос, амалиётда ўзини оқлаган томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, полиэтилен плёнка тўшаб суғориш, кўчма эгилувчи қувурлар орқали суғориш каби замонавий суғориш тизимларидан фойдаланилмоқда. Бундай тадбирлар, авваламбор, ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши, сув ресурсларининг тежалиши, экинлар ҳосилдорлигининг ортишига, энг асосийси эса меҳнат ресурслари сарфининг камайишига олиб келишини барча фермерлар аллақачон англаб етишган.


fermeruz.uz

Маълумотни таҳрирлади: info - 8-08-2016, 08:24

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Навоий вилоятида қўшимча ва ихтисослашган боғдорчилик майдонларининг 1 минг 251...
Дунёнинг кўпгина қисмида, қолаверса, минтақамизда, жумладан, мамлакатимизда ҳам сув...
Марказий Осиёда сув азалдан энг азиз табиий неъмат, минтақада истиқомат қилувчи...
Томчилатиб суғориш ўзи нима? Томчилатиб суғориш оғир иқлим...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: