volume

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

eye

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ишонч телефонлари:
(0436) 224-98-31
(0436) 224-01-79

Факс: (0436) 224-98-31
E-mail: navoiy@qsxv.uz
Иш вақти: Душанба-Жума, 08:00-17:00
Манзил: 210100, Навоий ш., Низомий-24
Мўлжал: "Турон" банки
Войти на сайт
Логин:
Пароль:
Регистрация  |  Пароль?  |  Закрыть
» » » ЭКИН ДАЛАСИДА СУВНИ ТЕЖАШ УСУЛЛАРИ

ЭКИН ДАЛАСИДА СУВНИ ТЕЖАШ УСУЛЛАРИ

ЭКИН ДАЛАСИДА СУВНИ ТЕЖАШ УСУЛЛАРИ

            Экинларни сув билан таъминлаш муаммолари суғориладиган далаларда ҳам, суғрилмайдиган далаларда ҳам муҳим. Бунинг устига иқлимни ўзгариши туфайли, Орол сувларини камайиб кетиши туфайли, давлатлароро муаммолар туфайли экинларни суғориш масаласи янада актуал бўлиб қолмоқда. Ушбу мақолада экин даласида сувни тежашнинг қуйидаги усулларини муҳокама қилинади: 1. Биологик активлиги юқори бўлган қордан эриган ва ёмғир сувларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш. 2. Атмосфера ирригациясидан фойдаланиш. 3. Тупроқнинг мульчаланишини намликни асрашдаги аҳамияти. 4. Ўсимликларнинг кўмир ангидриди билан таъминланганлигининг сув сарфланишига таъсири. 5. Тупроқни қуёш нурларидан беркитилишини намликни тежалишига таъсири. 6. Қандай суғориш тежамкор ва экинларга ёқади? 

  1. Биологик активлиги юқори бўлган қордан эриган ва ёмғир сувларини фойдаланиш самарадорлигини ошириш.

Сувдан сувнинг фарқи бор. Шунинг учун "тирик сув”, "ўлик сув”, "шифобахш сув”, "оби зам-зам” ибораларини ишлатамиз. Тоғ бағридаги чашмадан олинган сув кунда ишлатиладиган водапровод сувидан кескин фарқ қилади. Сув молекулалари электр диполь моментига эга бўлиб, бир-бири билан таъсирлашади, енгил боғланиб қолади, улар кластерлар деб аталади. Муздан эриган сувда, буғдан конденсациялашган сувда нисбатан кичик кластерлар кўп бўлиб, шундай сув биологик актив ҳоссаларга эга бўлади, одам ва ҳайвонларнинг организми учун фойдали бўлади. Аксинча идишларда узоқ сақланган, водапроводдан олинган, туриб қолган сувларда кластерлар йирик бўлиб, бундай сув инсон организми учун ёқимсиз бўлади. Бундай сув ичилганида ҳам организм уни ўз эхтиёжаларига мослаш учун, кластерларини майдалаш учун кўп энергия ва вақт сарфлайди. Сувда эриган моддалар ҳам сувнинг ҳоссаларига кескин таъсир этади.

Далаларга ёғадиган ёмғир, шудринг сувлари, қор ва қировдан эриган сувлар ҳам табиатнинг инъоми сифатида юксак биологик активликка эга. Бу сувларнинг активлиги ариқлардан келадиган сув сифатидан ер билан осмонча фарқ қилади. Баҳорда тупроқнинг исиши ва баҳорги ёмғирлар таъсирида ердаги экин уруғлари ҳам, бегона ўтларнинг уруғлари ҳам қийғос униб чиқади, табиат яшнаб кетади. Ёз пайтида ерни қанча ариқ суви сарфлаб суғормайлик, ўсимлик дунёсини бундай яшнаб кетишига эришолмаймиз. Шунинг учун дехқончиликда ерга атмосферадан тушадиган табиий намликдан тўлиқ фойдаланиш, уни сақлаб қолиш учун барча чораларни кўриш керак. Бунга кузги, эртанги экинлар улушини кўпайтириш билан, пахта каби кеч экиладиган экин далаларига кузги ва баҳорги сидератлар экиш билан эришиш мумкин. Сидератлар биологик актив сув ва қуёш нурларидан баҳра олиб, кўплаб биомасса тўплайди, тупроқ тузилишини яхшилайди, тупроқни соғломлаштиради, сўнгра экинлар учун органик озуқа бўлади. Май ойига қадар сидератларни актив ўсиши учун қулай бўлган икки – уч ойдавомида экин экилмай ётган даларни кўриб, одам афсусланади. Табиий намликни афзаллигини кўрсатиш учун эртанги ва кечки картошка етиштиришни солиштириш мумкин. Миришкорлар эртанги картошкани 1-2 суғориш билан, айрим ҳоллларда суғоришсиз ҳам етиштиради, кечки картошка етиштириладиган ер эса уруғ экилишидан аввал суғорилиши, картошка экилганидан кейин ҳам 2-3 марта суғорилиши зарур.

Но-тилл бўйича уруғ қадалаётган бу дала ёмғир сувини тўлиқ ушлаб қолишига шубҳа йўқ

Табиий намлик далаларга текис тақсимланиб тушади, инсон эса уни экин майдонларидаги тупроқда ушлаб қолиниш чораларини кўриши керак. Тоғ ва тепаликларнинг ён бағрида биологик актив ёмғир сувлари оқиб кетмасдан тупроққа сингиши айниқса муҳим. Бунда ерни ағдариб ҳайдашдан воз кечиш, бунинг ўрнига ер ҳайдамасдан ҳосил етиштириш (но-тилл) ёки ернинг фақат сирт қатламига ишлов бериш, сидератларни экиш, ер сиртини мульчалаш, экинларни таналарини далада қолдириш амаллари қўл келади, Эдвард Фолкнер тупроқларни фақат икки турга бўлади: органика билан тўйинган унумдор тупроқлар ва органика етишмайдиган, унумдорлигини оширилишини талаб қиладиган тупроқлар. Органикага тўйинган далалар ҳосил етиштиришни турли муммолари қатори табиий намликни ютиш ва асраш вазифасини ҳам ҳал қилади.

  1. Атмосфера ирригациясидан фойдаланиш

 

Экинларни атмосфера намлиги билан таъминлашнинг иккинчи усули 19-аср буюк рус агрономи И.Е.Овсинскийнинг илмий – амалий меросида баён этилган. Иван Евгеньевич шундай ёзади: "Тупроқни икки дюймли юпқа юмшатиш – қийналиб кетган дехқон елкасидан қурғоқчиликни оғир тошини олиб ташлаган ўша сирли ёрдамчи бўлади. Энди мен дехқончиликнинг бу офатини фақат ҳотиржам эмас, балким маълум даражада қониқиш билан кутиб оламан”.

Биз совуқ кунларда шудринг ва қировни кузатамиз, бу намлик осмондан тушмасдан, ҳаво ўсимлик барглари, тупроқ билан бевосита таъсирлашганида уларнинг сиртида конденсациялашган намликдан иборат. Овсинский эса шароит яратилса тупроқнинг ички қатламларида ҳам бундай шудринг ҳосил бўлиши мумкинлигини амалиётда аниқлади. Бунинг устига фақат совуқ кунларда эмас, балким жазирама иссиқ ёз кунларида, қурғоқчилик пайтида! Бунинг учун Овсинский қандай сирли шароит яратган? У ерни чуқур ағдариб ҳайдашнинг ўрнига икки дюймли (5 см) юпқа юмшатишга ўтган. Бунда меҳнат ўн карра енгиллашганидан ташқари юмшатилган, ёзги кунда қуруқ турадиган бу қатламни сирти ва ости орасида кескин температуралар фарқи сақланган, ёз кунида ҳам бу қатлам остида тупроқнинг температураси паст бўлган, сув буғларини конденсацияси учун шароит бўлган. Кондесациялашган намлик эса пастки, юмшатилмаган тупроқ қатламининг тор каппилярларига сингиб, экин илдизларига етиб борган. Юмшатилган қатлам эса кўрпа сингари пастдаги намликни иссиқ кунда буғланиб кетишдан асраган.

Овсинский ҳисобига кўра Россиянинг жанубидаги ёз давомида атмосфера ирригацияси тупроққа 12 см қалинликда биологик актив сув етказиб берган, бу ҳар квадрат метрга 120 литр, бир гектар майдонга 1200 куб метр дегани. Бу эса тўғри агротехника билан кўпчилик экинларни қўшимча суғришсиз етиштириш мумкинлигини билдиради. Шундай йўл билан Овсинский қўшни далалардаги экинлан қуриб қолган қурғоқчилик йилларида ҳам ўз далаларида юқори ҳосил етиштирган.

Атмосферада молекуляр азот кўп, лекин экинлар ундан фойдалана олмайди. Атмосферадаги физик жараёнларда (масалан яшин таъсирида) азотнинг бошқа моддалар билан боғланган ҳолати ҳосил бўлади. Газ ҳолатидаги бундай боғланган азотни ёмғир эритиб, ерни маълум даражада ўғитлайди. Лекин қурғоқчилик пайтида бунинг иложи йўқ. Фақат сув кондесацияси учун Овсинский яратган шароитда боғланган азот кондесацияланиши учун ҳам шароит вужудга келади. Шундай йўл билан бир гектар майдонга Овсинский ҳисобига кўра 60 кг боғланган азот моддаси етказиб берилган.

Шундай қилиб тупроқ сирти юмшатилган, ости эса ҳайдалмаган, фақат экин илдизлари билан кўп йиллар давомида юмшатиб борилган тупроқ сув ва ҳаво учун сингдирувчан бўлиб, бу тупроқ атмосфера ирригацияси механизми ҳисобига экинларни намлик билан шундай таъминлаб турадики, суғориш билан бундай миқдорда ва бундай текис таъминлашни илжи йўқ. Овсинскийнинг тўғри агротехникаси меҳнатни енгиллаштиришдан ташқари экинни суғорган ва азот билан таъминлаган, даланинг табиий уномдорлиги йилдан-йилга камаймаган, балким аста секин ортиб борган. Овсинскийнинг бу тежамкор технологияси Россиянинг айрим вилоятларида кенг майдонларда қўлланилиб, далаларнинг унумдорлигини органик ва минерал ўғитларсиз ҳам ошириб бормоқда.

Плуг билан ҳайдалган ерни ёзги қуёш тиғида ётиши – намликни исроф бўлишига, тупроқдаги ҳар қандай биологик активликни сўнишига, тупроқни унумдорлигини  пасайишига, тошдек қаттиқ кесакларни ҳосил  бўлишига олиб келади.

  1. Тупроқнинг мульчаланишини намликни асрашдаги аҳамияти

Мульча – экинлар орасидаги тупроқ сиртига қопланган органик қопламадан иборат. Мульча сомон, барглар, юлиб ташланган бегона ўтлар, пичан, майдаланган шохлар, гўнг, компост, қоғоз ёки картон, кул, кўмирнинг майдаси, ишлаб чиқаришда ҳосил бўлган органик чиқиндилардан иборат бўлиши мумкин. Тупроқ учун мульча кўрпа вазифасини бажаради. Жумладан уруғ қора плёнка остига экилганда плёнка мульчанинг айрим вазифаларини бажаради. Келажакда  далада қотиб қоладиган кўпиксимон мульча яратилса ажаб эмас. Хитойда органик чиқиндилардан мульчага ишлатиладиган намат яратиш техналогияси мавжуд. Кузги сидератлар билан мульчаланган бундай тупроқ ҳар қандай ёмғир сувини сингдириб олади, мульча остида табиий юмшаб, етилиб боради

Мульчанинг турли афзалликларини санаб ўтиш ҳам 3 бетни талаб қилади, бу ерда уларнинг айримларини санаб ўтайлик.

ЭКИН ДАЛАСИДА СУВНИ ТЕЖАШ УСУЛЛАРИ
  • Мульча ерни сув ва ҳаво эррозиясидан сақлайди;
  • Ердаги намликни буғланишига тўсқинлик қилади, намликни сақлайди. Кўп ҳолда мульчанинг остида ернинг намлигини кўриш мумкин;
  • Мульча ёмғир, шудринг, суғориш сувларини шимиб олади ва сақлайди. Ортиқча сувни ерга сингиши учун оптимал шароит яратади;
  • Мульча остидаги тупроқ намликни сақлаб ҳеч қачон кесак бўлиб қотиб кетмайди ва юмшатишни талаб қилмайди;
  • Ғовак мульча қатлами иссиқликни ёмон ўтказади, ёзда ерни қаттиқ исиб кетишдан, қишда музлашдан асрайди;
  • Мульча қатламини сиртки ва остки қатламлари орасида ҳосил бўлган температуралар фарқи атмосфера ирригацияси учун, сув буғларини тупроққа конденсацияланиши учун шароит яратади. Ер қор — ёмғирсиз, суғоришсиз ёзги кунда ҳам атмосферадан намлик олиши мумкин;
  • Ердаги бегона ўтларни уруғлари униб чиқиши учун ёруғлик ҳам зарур, қалин мульча остидан бегона ўтларни ўсиши кескин камаяди;
  • Мульчанинг пастки қатламида намлик ва кислород таъсирида чириш микробиологик жараёни кетади. Бу жараёнларда ҳосил бўлган СО2 гази ўсимлик баргларидаги фотосинтез учун керак. Атмосферада бу газ жуда кам бўлгани учун (0.04%) ўсимликларнинг илдизини ёнида ҳосил бўлган бу газнинг ахамияти катта. Айниқса ёпиқ иссиқхоналарда бу газни ҳосил бўлиши янада муҳим, чунки ўсимликлар ёпиқ ҳажмдаги озгина СО2 газни ҳам ишлатиб, фотосинтез тўхтаб қоларди, иссиқхона экинлари ривожланмасди;
  • Мульчада ҳосил бўлган СО2 газнинг иккинчи фойдали тарафи шундан иборатки, газ тупроқдаги намлик билан бирлашиб, H2CO3 кислотасини ҳосил қилади, тупроқни кислоталик даражаси ортиб, ундаги турли минералларни (азот, фосфор, калий, кремний,…) эришига олиб келади, ўсимликларни озиқланиши яхшиланади ва бундан ташқари барглар орқали сув буғланиши кескин камаяди. Шунинг учун мульчани қуруқ иригация деб аташ мумкин.

Томорқада экин етиштираётган миришкорлар мульча учун хашак излаш уларнинг асосий ташвишига айланганини айтишади. Тўғри, томорқага мульчани четдан олиб келиш мумкин. Кенг далада дехқончилик қилаётган фермер мульчани қайдан етказади? Масалан бир гектар далани 5 см мульча билан қоплаш учун 500 куб метр органика зарур. Лекин шу сабабли мульча ҳақидаги билимлардан воз кечиш керак эмас, унинг элементларидан фойдаланиш керак. Масалан, чигитни қора плёнка остига экиш ҳам ерни намини асрайди, бегона ўтларни ўсишини чеклайди. Донли экинларни эрта баҳорда кўкартириб олиш ерни қуёш нурларидан асрайди, ердаги сувни тежайди. Ер экиндан бўш пайтида унга зич сидерат экиш ерни мульча каби асрайди, сидератда жамланган минераллар, синтез қилинган органик моддалар сидерат ерга ҳайдаб юборилгач, асосий экинга қимматбаҳо кўк озуқа бўлади. Маҳсус танланган сидератлар эса тупроқни турли касалликлардан даволайди.

Ерни мульча билан қоплаш имкони бўлмаган дехқон лаоқал ерни ҳайдаб ташламасдан, ўз ҳолатида қолдирсин. Ер сиртида қолган экинларнинг қолдиқлари мульча вазифасини бажаради. Пайти келиб, ерни плуг билан хайдаш ўрнига диск билан ишлов берса, экин қолдиқларининг бир қисми ер сиртида қолиб, ерни қуёш нурларидан асрайди, намликни асрайди. Но-тилл технологиясида эса асосан донли экинлар етиштирилади, экин қолдиқларини 90% ер сиртида қолдирилиб, сувни тежашга ва тупроқ унумдорлигини тиклага хизмат қилади. Овсинский технологиясида ҳам ер донларнинг сомони ҳисобига бойитилади.

  1. Ўсимликларнинг кўмир ангидриди билан таъминланганлигининг сув сарфланишига таъсири.

Ўсимликлар томонидан сув сарфланишига кучли таъсир этадиган ҳодисага К.А.Темирязев эътибор берган. Ўсимлик баргларидан нафас олиш учун тешиклар мавжуд бўлиб, ўсимликлар уларни зарурат бўйича очади, ёки ёпади. Ҳаводаги ўсимлик учун зарур бўлган корбанат ангидрид гази фақат 0.04% (яъни 2011 йил ҳолати бўйича ҳаво ҳажмининг 0.0004 қисми) бўлгани учун, ўсимлик бир қисм корбанат ангидрид ютиши учун ўз "ўпкасидан” 2.5 минг қисм ҳавони ўтказиши керак бўлади. Баргнинг ички ҳажмига кириб чиққан бу ҳаво сув буғларига тўйиниб чиқади – ўсимлик сув сарфлайди. Лекин ўсимлик фотосинтез учун зарур бўлган корбанат ангидридни бошқа йўл билан топса – баргдан нафас олишни тўхтатиб, сувни тежаши мумкин. Умуман олганда, юқори ҳосиллар етиштириладиган экин далалари учун ҳавонинг пастки қатламларидаги корбанат ангидриди умуман етарли эмас, демак бу далалардаги ҳосил биринчи навбатда тупроқда ҳосил бўлаётган углерод ҳисобига етиштирилади.

Маълумки, тупроқдаги ўсимлик қолдиқлари сопрафит микроорганизмлар томонидан қайта ишланганида совуқ ёниш, фотосинтезга нисбатан тескари жараён боради, корбанат ангидриди ажралиб чиқади. Ҳавога нисбатан 1.5 марта оғир бўлган бу газ биринчи навбатда тупроқ ичида еғилиб туради, ва бу жойдаги зичлиги атмосферадагидан юз марта ортиб кетиши мумкин. Тупроқдаги сув бу газни эритиб, "газланган сувга” айланади. Ўсимлик илдизлари билан тупроқдаги намликни шимиб олар экан, сув билан бирга ўзига зарур бўлган корбанат ангидридини ва бошқа озуқаларни ютади, натижада ҳаводан нафас олишига зарурат камаяди, сув сарфи ҳам кескин камаяди. Ерда оганик моддалар миқдори қанчалик кўп бўлса – ўсимлик шунчалик кам сув буғлатади! Ердаги органикани ҳам ернинг қуришига тўсиқ сифатида, ҳам экинларни сув буғлатишига тўсиқ сифатида қуруқ суғориш воситаси, ҳам органик ўғит деб қарашимиз мумкин.

5. Тупроқни қуёш нурларидан беркитилишини намликни тежалишига таъсири.

            Тупроқ сирти экин соясида қолса, қуёш нурларидан қизимаса, ундаги намликни йўқотилишини олди олинади. Шу билан бирга экинларни барглари орқали сув буғланиши ҳам ўн карра қисқарар экан!

Барглар орқали сувни буғланиши туфайли ўсимликлар иссиқ кунда ўзларини совутиб туради, барглардаги биологик жараёнлар учун оптимал шароит яратишга ҳаракат қилади. Кун қанчалик исиса, буғланиш шунчалик кучаяди, барглардаги ҳарорат 8-10 градус камайтирилади. Бунда икки ҳил шароитни фарқлаш керак: барглар қуёш нурларини тўлиқ тўсса, уларни соясида салқин шароит вужудга келиб, барглар фақат юқоридаги иссиқ билан курашадилар, намлик нисбатан кам сарфланади. Агар ўсимликлар якка – якка турса, уларнинг барглари туташиб кетмаган бўлса, қуёш нурлари ерга тушиб уни қиздиради, қизиган тупроқ ҳам инфроқизил нурлар чиқариб, ҳам ердаги сувни буғлатиб, ҳам ҳавони иситиб қуёш энергиясини сарфлайди. Барглар фақат юқори сиртидаги ҳарорат билан курашмай, остидаги иссиқлик билан ҳам курашиш учун кўплаб сув буғлата бошлайди. Бу мантиқан тўғри бўлсада, биринчи бор амалиётда, шу кунларда О.А.Войнов томонидан ўрганилди ("Зерно”, № 9, 2010 г.) ва экин барглари ерни тўлиқ тўсиши ҳисобига ўсимликлар буғлатувчи намлик миқдори ўн марта қисқариши ҳақида ҳуллоса чиқарилган. Бундай баргланиш даражасига донли экинларда улар найчаланган даврда, кунгабоқар ва жўхорида – ҳосил элементи пайдо бўлиш даврида эришиш зарур. Экин остини соялаш учун ўсимликларни орасига баланд ўсмайдиган сидератлар экиш, пайти келиб уларни ўриб ташлаш, бегона ўтларни маълум чегарада ўсишиги қўйиб бериш, сабзавотларнинг орасига жўхори, кунгабоқар ёки оқ жўхори экиш мумкин.

6. Қандай суғориш тежамкор ва экинларга ёқади?

Маданий экинлани суғориб етиштириш агротехниканинг энг муҳим амалларига айланган. Минтақамизда суғоришнинг ананавий усули – тартиб билан экилган экинларни жўяклар бўйича таралган сув билан суғоришдан иборат. Бу усул дехқонларга яна узоқ хизмат қилади.  Лекин бу усулнинг камчиликлари ҳам маълум. Жўякнинг юқори қисми узоқ вақт сув ичади, қуйи қисми – қисқа. Турли жўяклардаги сув жўяк оҳирига баробар етиб бормайди, барча жўяклар охиригача сув ичиши учун бошқаларидаги сув оқавага кетади. Сувнинг умумий сарфи катта бўлиб, тежамкорлик талабларини қаноатлантирмайди. Сув қўйиш оғир меҳнат бўлиб, меҳнат кучи талаб қилади. Органик модда камайиб кетган пахта даларида ҳар бир суғоришдан кейин қатқалоқни йўқотиш учун культивацияга зарурат вужудга келади. Интенсив суғориш ерости сувлар сатҳини кўтариб, даларни шўрланишига олиб келмоқда. Шўр ювиш эса янада оғир амалдан иборат ва сувни исроф бўлишига олиб келади.

Техник тарзда томчилаб суғориш усули бир қатор афзалликларга эга бўлиб, келажакда жўяклар бўйича суғоришни ўрнини босиши мумкин. Бу тизим қўлланилганида жўяк тортиш заруратининг ўзи йўқолади, экин тартиб билан экилиб, уларни орасига томчилаб суғориш қувури ётқизилади, икки қатор экинга бир қувур етарли. Қовоқ, қовун-тарвуз, бодринг каби экинларга, боғ ва узумзорларга томчилаш сув қувурлари айниқса кам керак бўлади. Тизим сувни бевосита илдиз тизимига етказиб бергани учун, сув жўяклардан суғориш усулига нисбатан 2-5 мартагачан тежалади, ер ости сувларини сатҳини кўтарилиши рўй бермайди, ернинг шўрланиши кузатилмайди. Сарфланган сув юқори самарадорлик билан ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Томчилаб берилган сув ер сиртида қолмай, тупроққа сингиб кетгани учун, қатқалоқ ҳосил бўлиши кузатилмайди, демак чопиққа, культивацияга зарурат йўқолади. Шу билан бегона ўтларни униб чиқиши ҳам камаяди. Бунинг боиси шундаки, ўтларнинг уруғлари тупроқ ҳажмида бўлади, ҳар культивация пайтида уларнинг бир қисми ер сиртига яқинлашиб, намлик ва ёруғлик таъсирида уна бошлайди. Сув билан уруғлар етиб келмаслиги учун суғориш тизимининг бошида фильтр қўйилади. Экин орасида оз миқдордаги ўтларни ўсиши эса ҳосилга зарар етказмайди.

Томчилаб суғориш тизимида сувда эритилган озуқа, биологик ва кимёвий воситаларни бевосита сув билан бирга экин илдизларига етказиб бериш имконияти вужудга келади. Бу эса озиқлантиришни самарадорлиги ва тежамкорлигини оширади,

Суғоришнинг анъананавий услубида тупроқнинг намлик тутиши катта тафовутга эга, чунки суғориш оралиғи узоқ давом этса, бир марта суғоришда жуда кўп миқдордаги сувдан фойдаланилади. Ўсимликлар бир сафар тупроқда намликнинг етишмаслиги сабабли, кейинги сафар ортиқ даражада намланиш сабабли кучли стрессга дучор бўлади.Томчилатиб суғориш тизимлари сувни кам миқдорларда ва қисқа оралиқларда етказиб бериш имконига эга. Натижада тупроқ намлигининг нисбий бир хиллигига эришилади. Агар суғориш тез-тез ўтказилса, тупроқ намлиги билинар-билинмас тебранишга эга бўлади, чунки бунда ўсимлик эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда сувдан аниқ миқдорларда ва жадвал асосида фойдаланиш имкони бўлади. Бу эса сувнинг тежалишидан ташқари экиннинг ўсишини, ҳосилдорлигини ва ҳосил сифатини кучайтиради.

Шундай қилиб, томчилаб суғориш тизими дастлабки харажат ва меҳнатни талаб қилсада, сўнгра ҳосилдорликни кескин оширишга ва меҳнатни тежашга хизмат қилади. Кўп ҳолда суғоришни амалга ошириш учун сув насосини ёқиш ва ўчириш етарли бўлади.

Ўрта Осиё минтақасида тоғларнинг мавжудлиги, уларда Амударё ва Сирдарё каби серсув дарёларни шаклланиши табиатнинг буюк неъматидир. Дарёларнинг сув ресурсларига асосланган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги 32 млн. ахолини боқишга ҳам, экспортга ҳам махсулот етказиб бермоқда. Лекин ётиб есанг тоғ ҳам чидамас экан, сув етишмаслиги туфайли Орол денгизи саёзлашиб, уч қисмга ажралиб кетди, улардан бири – Катта Орол бутунлай  қуришга ҳам улгурди. Экин далаларининг бир қисми ҳам сув етишмовчилиги туфайли экилмай қолмоқда. Шундай шароитда далада сувни тежаш учун бирон чора кўрмаган дехқон ариқда сув етишмаслигидан нолишга хақлими?

Манба ekobarqaror.muloqot.uz

 
 

Чоп этиш

Мавзуга оид ўхшаш маълумотлар
Жорий йилнинг 20 январь куни Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон...
Тошкент ирригация ва мелиорация институтида "Аграр соҳа тармоқларида электр...
Умумий ва ноорганик кимё институти олимлари кўмир ёрдамида ер ҳосилдорлигини...
Маълумки, бошоқли дон экинлари, жумладан, кузги буғдой май ойида сутли...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий...
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга...
Мазкур нав шўрланган ерларда ҳам ўсиб, юқори...
Хар бир фукаро мурожаати конунда урнатилган тартибда куриб чикилади ва жавоб берилади....
Куйида Вазирлик ҳамда вилоят рахбарларининг қабул қилиш жадвали келтирилган...
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат...

Веб-сайт янгиликларидан хабардор бўлиб туриш учун қуйидаги қаторга амалдаги электрон манзилингизни киритинг ва электрон манзилингизга жўнатилган хат орқали обунани тасдиқланг: